Ироқнинг Тал Афарида ўзбекистонликлар ‘изи’

Ироқ Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, Тал Афарда Марказий Осиё фуқароларига оид юзлаб ҳужжатлар топилган.

Аён бўлишича, бу ҳужжатлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига тегишли бўлган.

Улар шаҳарни ИШИД жангариларидан тозалаш амалиётлари чоғида қўлга киритилган.

Бу ҳақда Эрон ва Россиянинг айрим ахборот агентликлари Ироқдаги ўз манбаларига таяниб, хабар тарқатишган.

Тал Афардаги бугунги вазият - назардан қочирманг.

Испаниядан тортиб, Россиягача: ИШИД нималарни кўзламоқда?

ИШИД: 'Сайёддаги одамларни биз ўлдирганмиз'

Тал Афар Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Ироқдаги энг муҳим таянч нуқталаридан бири сифатида кўрилган.

Шаҳар бир неча кунлик қақшатқич жанглар ортидан, 27 август куни ИШИД жангариларидан буткул тозалангани хабар берилган.

Марказий Осиё фуқароларига оид юзлаб ҳужжатларга Ироқ қўшинлари тўқнаш келишган.

Улар бу ҳужжатларни ИШИДнинг шаҳардаги бош қароргоҳидан топишган.

Эроннинг 'MEHR' ахборот агентлиги хабарида ёзилишича, ҳужжатларда бу фуқароларнинг ИШИДга қачон қўшилишгани, Афғонистон, Сурия ва Ироқда кечган жанглардаги иштирокларига оид маълумотлар ўрин олган.

Би-би-си ҳозирча бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашга имконли бўлмаган.

Аммо Эрон ахборот агентлигининг Ироқ Қуролли кучлари штабига таяниб ёзишича, бу ҳужжатлар энди ўрганиб чиқиши учун мамлакат жосуслик хизматига юборилади.

ИШИД ва Марказий осиёликлар

Сурия чегарасига яқин жойлашган Тал Афар ИШИДнинг Яқин Шарқдаги энг сўнгги истеҳкомларидан бири эди.

Ироқ Қуролли кучлари узоқ давом этган ҳарбий амалиётлари ортидан, ўтган ой ИШИДни энг асосий таянч нуқтасидан мосуво этишган, уларни Мосулдан сиқиб чиқаришганди.

Мосул эса, ИШИДга Яқин Шарқдаги исломий халифатининг пойтахти ҳам бўлиб хизмат қилган.

Ҳарбий амалиётлар чоғида эса, айрим ироқлик генералларнинг ўзларига қарши қақшатқич жанг қилаётганлар орасида ўзбеклар ва уйғурлар ҳам борлигини даъво қилган хабарлар олинган.

Аммо бу хабарларни ҳам мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаганди.

Сўнгги воқеаларнинг барчаси ироқлик масъулларнинг ИШИД деярли мавҳ этиб бўлингани, гуруҳ Яқин Шарқда асос солган исломий халифати барҳам топганига оид расмий баёнотлари манзарасида янграмоқда.

Устига устак, гуруҳ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг тақдири ҳануз номаълум қолаётган, Россия уни ўз ҳаво ҳужумларида ўлдирганлигини даъво қилаётган бир вазиятда кузатилмоқда.

Ўтган уч йил давомида ИШИД сафларида Марказий Осиё ва россияликлари ҳам дохил ўн минглаб хорижий жангариларнинг жанг қилганликлари ишонилади.

Россия Президенти Владимир Путин эса, қисман Яқин Шарқда жанг қилаётган собиқ Шўро фуқаролари сабаб, Суриядаги ҳаво ҳужумларига қўл уришганини ҳам расман баён қилган.

Дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Қирғизистон, Тожикистон ва Россияда ҳам ИШИД нинг фаолияти расман тақиқланган, "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

Ўтган яқин йиллар ичида Ироқ ва Сурияда ҳам ердан ва ҳам ҳаводан бораётган ҳарбий амалиётлар ортидан, айрим манбаларда минглаб экани айтилган бу жангариларнинг тақдири нима бўлгани, улардан қанчаси қурбон бўлиб, яралангани ва қолганларининг ҳозир айнан қаердан паноҳ топганликларига оид муфассал маълумотлар имконли эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02