Ўзбекистон: Президент матбуот котиби ва МТРК раиси ишдан кетгани хабар қилинди

Ўзбекистон телевидениеси Фото муаллифлик ҳуқуқи Website

Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг ўз манбаларига таяниб хабар беришларича, Асаджон Хўжаев ва Бобур Алихонов бир кунда ишдан олинган.

Бу ҳақдаги янгилик интернет оламида кеча кечга яқин бўй кўрсатган.

Аммо ҳалича икковлоннинг ўз вазифаларидан четлаштирилганликларига оид расмий хабарлар йўқ.

Бу хусусда хабар берган Ўзбекистондаги кўплаб интернет нашрлари эса, ҳукуматда ва қатор телеканаллардаги манбаларига таянаётганликлари ҳақида ёзишган.

Лекин деярли ҳеч бир хабарда уларнинг нега "ишдан бўшатилганликлари ёки кетганликлари" сабаби келтирилмаган.

Ўзбекистон телевидениеси "Ёшлар" канали: бизда цензура йўқ

Каримовнинг собиқ матбуот котиби: 'Йўқ ердан Қуёш яратяпмиз'

Асаджон Хўжаев ўтган йил август ойида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбари этиб тайинланган.

Бу ҳақда хабар бераркан, podrobno.uz интернет нашри 2016 йил 4 декабрь кунги Ўзбекистон президент сайлови ортидан, Асаджон Хўжаев тайинлангунга қадар ушбу лавозимнинг бўш (вакант) бўлгани ҳақида ёзган.

Янги матбуот хизмати раҳбарининг тайинланиши учун яна қанча вақт кетиши номаълум эканини қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

Бобур Алихонов эса, қарийб бир ойдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажариб келган.

Агар, хабарлар рост бўлса, бу - ўтган саккиз ойнинг ичида учинчи раиснинг ўз вазифасидан четлатилиши бўлади.

Муносабат

Балки, худди шу боис ҳам, сўнгги хабарлар интернет оламида таажжуб ва тушунмовчилик билан қарши олинган.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонлик аксарият интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортган, кўпроқ киноявий ва ҳажв мазмунидаги изоҳларга сабаб бўлган.

Шу соатларда бу хусусда Асаджон Хўжаев ва Бобур Алихонов ўзларининг муносабатлари ҳам имконли эмас.

Аммо Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси расмий веб саҳифасининг раҳбарият саҳифасида раиснинг ўрни бўш қолгани кўринган.

Бироқ Kun.uz нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу истеъфолар ўзаро боғлиқ.

"Икки раҳбар ҳам Самарқанд шаҳрида бошланган "Шарқ тароналари" фестивалининг ёритилишида йўл қўйилган камчиликлар туфайли ишдан олинган.

Танқидлар

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, шу йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев махсус видеоселекторда телевидение фаолиятига тўхталган.

Йиғин чоғида телевидение фаолияти танқид қилинган ва тизимни ўзгартириш кераклиги таъкидланган.

Бу соҳада аҳвол "эски ҳаммом, эски тос" бўлиб қолаётгани айтилган.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", - деганди президент Мирзиёев.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва айрим каналлари раҳбариятидаги кетма-кет ўзгаришлар эса, президентнинг ана шу чиқишидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатмоқда.

Бу каби воқеъликка муносабат билдирган айрим журналистлар эса, балки телевидениени давлат назоратидан озод этиб, уни жамоат тизимига айлантиришнинг вақти етгандир каби фикрларни ҳам изҳор этишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02