Энди президент Мирзиёев ҳам даромади ҳақида ҳисоб берадими?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон мустақиллиги тарихида биринчи бор "Давлат хизмати" тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Унда Ўзбекистондаги давлат хизматчилари, улар оила аъзоларининг даромад, харажатлари ва мол-мулклари юзасидан ҳар йил ҳисоб беришлари шарт этиб қўйилган.

Қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган давлат хизматчилари сирасидан фақат "кичик мутахассислар" тоифасидагилар истисно экани айтилган.

Айрим тоифадаги давлат хизматчилари учун эса, қўшимча талаблар белгиланиши, улар оила аъзолари рўйхати кенгайтирилиши эҳтимоли ҳам назардан соқит этилмаган.

Аммо қўшимча талаблар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши таъкидланган.

Қонун лойиҳаси тафсилотларидан маълум бўлишича, кўзда тутилаётган декларацияни тақдим этмаслик ёки бу борада номуфассал ва янглиш маълумотлар бериш давлат хизматчисининг ўз вазифасидан четлатилиши учун асос бўлиб хизмат қила олади.

Ҳужжат, шунингдек, Ўзбекистон президенти қошида давлат хизмати ишлари бўйича масъул давлат идораси тузилишини ҳам кўзда тутади.

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади? - Нью-Йоркдан эксперт Суҳроб Исмоилов баҳосида.

"Ижтимоий фикр": "Порахўрлик, адолатсизлик авж олган бўлса ҳам Каримов даври яхши эди...ми?"

Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Бунақаси бўлмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган, яъни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида мамлакатда президент дохил давлат амалдорларини ўз даромадлари, харажатлари ва мол-мулклари юзасидан ҳисоб беришга масъулловчи бирор бир қонун амалда бўлмаган.

Орада кечган вақт давомида интернет фазосида бунинг шарт эканига оид фикрлар ўртага отилган эса-да, оддий ўзбекистонликлар шу кунга қадар бу каби маълумотларга имконсиз бўлиб келишган.

Аммо ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2015 йилда фирибгарлик, божхона қонунларини бузиш, бизнесларни тортиб олиш каби айбловлар билан беш йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм этилганини маълум қилган.

Бу янгилик ўзбекзабон ижтимоий мулоқот тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Қолдирилган фикрларнинг аксариятида Гулнора Каримованинг "кенг кўламли жиноий фаолияти ва оффшор ҳудудларда миллиардлаб пул ўзлаштиргани" қораланган.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг қанча маош олиши эса, ошкор этилмаган.

Аммо бундан бир неча йил бурун унинг набираси, кичкина Ислом Каримов Британиянинг "Гардиан" нашри билан суҳбатда бобоси ўзи ва синглисига 100 доллардан пул берганини айтган.

Набираси бобоси Ислом Каримов ўзининг маошларини иш столидаги конвертларда сақлашини эътироф этган.

"У столидан бир конвертни олиб, ичидан менга 100, синглимга 100 доллар олиб берди. У менга ҳаётингда ҳеч нарсадан қисилмаслигинг учун беряпман, деди ва бу пулни бир уришда сарфламагин, деб айтди. Агар барини сарфлаб юборсанг, бир ойдан кейин яна келарсан, деди" , деб айтган кичкина Ислом Каримов.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Нью-Йоркдан асли ўзбекистонлик эксперт Суҳроб Исмоиловнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича эса, ҳозир очиқ муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси ҳақида биринчи марта ҳали 2005 йилда эшитган.

Худди шу омилни назарда тутаркан, суҳбатдошимиз, "мени ҳайрон қолдирган жойи - шу ой охирида қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига киритилиб, қабул қилинишига жудаям қисқа вақт берилаяпти. Менимча, бу ерда жудаям шошилиб ҳаракат қилинаяпти", - дейди у.

"Ҳозир жамоатчилик муҳокамасига икки ҳафтагина қўйиб бериб туриб, қанақа бир жўяли таклиф олиша олади, қанақа бир амалда ишлайдиган таклифлар, ўзгартиришлар бўйича жамоатчилик фикрини йиға олишади - менинг бунга гумоним жудаям катта", - дейди эксперт.

Унинг айтишича, бу каби шошқалоқлик сўнгги янгиликдан кўзланган асосий мақсад - сиёсий очколар йиғиб олиш эканига далолат қилади.

"Қонун лойиҳаси амалдаги ижросини эса, аста-секинлик билан бажариш кўзда тутилаётганини англатади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02