Алишер Хаджаев телерадиокомпания жамоасига тақдим қилинди

Алишер Хаджаев Фото муаллифлик ҳуқуқи dunyouzbeklari.com

Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раислигидан кетган Алишер Хаджаев 30 август куни ўз вазифасига қайтди. Уни телерадиокомпанияга Президент Мирзиёевнинг маслаҳатчилари Хайриддин Султонов ва Умар Исмоиловлар тақдим қилишган.

Би-би-си Ўзбек манбасининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат бешда бешда бошланган тақдимот маросимида Ғолибшер Зиёев ҳам телерадиокомпания биринчи ўринбосари лавозимига қайтарилди.

У янги ташкил қилинган медиа лойиҳалар бошқармасига раҳбарлик қилади. Ғолибшер Зиёев шу йил бошида Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон сафаридан сўнг ишдан олинган эди.

Қарийб 12 йил Миллий телерадиокомпанияга бошчилик қилган Алишер Хаджаев шу йилнинг феврал ойида ўрнини Хуршид Мирзоҳидовга бўшатиб берган эди.

Хуршид Мирзоҳидов ўрнини олти ойдан сўнг Бобир Алиханов эгаллади. Алиханов ушбу лавозимда 26 кун ишлагани билан тарихда қолади.

55 ёшли Хаджаев шу йил февралида Президент Мирзиёевнинг ЎзТВни танқид қилиши ортидан лавозимдан четлатилганди.

Унинг нима учун ишдан бўшатилгани борасида расмий изоҳ берилмаган.

Хаджаев охирги йилларда Миллий Телерадикомпанияда юз берган коррупция можаролари марказида бўлган.

Телевидениенинг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновалар Хаджаевни таниш-билишчилик ва коррупцияда айблаганлар.

Аммо Каримов даврида журналистларнинг ЎзМТРК раҳбарияти устидан Президент ва Бош вазир номига қилган шикоят ва мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Хаджаевнинг жорий бош вазир Абдулла Ариповга қуда бўлгани, Арипов 2012 йилда Бош вазир ўринбосари лавозимидан олингач, у билан қариндошлик ришталарини узгани айтилади.

Маҳаллий журналистлар Хаджаев даврида давлат телевидениесида цензура ва маҳаллийчилик кучайгани, кўплаб ижодкорларнинг асоссиз ишдан бўшатилганини айтишган.

Алишер Хаджаев телевидение раҳбарлигига қадар Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашида хизмат қилган ва махсус хизматларга алоқааси борлиги айтилади.

Ўзбекистон Миллий Телерадикомпаниясининг собиқ раиси Алишер Хаджаев шу йилнинг июн ойи бошида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ