Нуқтаи назар: Ўзбекистон президенти матбуот котиби ишдан кетиши: Ким ютдию кимлар ютқазди?

Асаджон хўжаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

29 август куни Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси ўринбосари — Президент матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаев лавозимидан озод қилинди. Раҳбар кадрларни тез-тез алмаштириб туриш Шавкат Мирзиёев бошқарувига хос жиҳатлардан бири.

Аммо Президент матбуот хизмати раҳбарининг Миллий телерадикомпания раиси Бобир Алиханов билан бир кунда ишдан олиниши Ўзбекистонда сўз эркинлиги кўпчиликда сўз эркинлиги борасида хавотир уйғотиши турган гап.

Хўш, матбуот хизмати раҳбари қайси хатолари учун ишдан олинди?

Асаджон Хўжаев, маҳаллий журналистларнинг айтишича, узоқ йиллик танаффусдан сўнг ўзбек оммавий ахборот воситаларига эркинлик ҳавосини олиб киришга уринган Президент воизлардан бири саналади. Бу нималарда кўринади?

Авваламбор, президент матбуот котиби Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини очиш ташаббусини илгари сурганлардан бири. Бугун Шавкат Мирзиёевнинг Facebook даги саҳифасини 130 минг нафарга яқин, Telegram даги каналини 40 минг нафарга яқин, Twitter да 1200 дан ортиқ, Instagram даги саҳифасини 19 мингга яқин, YouTube даги каналини эса 2000 га яқин киши кузатиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг янгиланган сайти эса илгаригидек ЎзАда чиққан материалларни жойлаштирадиган портал эмас, балки фармон, қарорлар, тайинловлар биринчи бўлиб жойлаштириладиган расмий манбага айланди. Маҳаллий ва хорижий нашрлар тўғридан-тўғри Президент сайтига ҳавола қила бошлади.

Ўзбекистонда расмий ахборотларни кузатиб борадиганлар яхши билади. Илгари мамлакатда Президент қатнашган тадбирлардан суратлар битта ёки иккита эълон қилинар, бори ҳам фотошоп қилиниб, давлат раҳбари ҳуснига ҳусн қўшилар эди. Мамлакатдаги расмий нашрларда бир хил қолипдаги расмлар эълон қилинар эди.

Президентнинг (ҳоҳ Ислом Каримовнинг, ҳоҳ Шавкат Мирзиёевнинг) табиий, иш жараёнида тушган суратлари эса асосан хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинар, маҳаллий интернет нашрлари ҳам асосан чет эл агентликлари суратларидан фойдаланишар эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий тармоқларда фаоллашуви билан давлат раҳбари суратлари ҳали ЎзАда эълон қилинмасдан, ижтимоий тармоқларда, айниқса, Facebook'да фаол берила бошланди. Суратлар айни пайтда табиийлиги, ортиқча расмий ҳолатларсиз чиқа бошлади.

Маъмуриятга яқин бўлган журналистга кўра, айни жараёнда Асаджон Хўжаев бош-қош бўлган...

Маҳаллий журналистларнинг айтишича, Президент матбуот хизмати раҳбари бир ойда икки-уч марта журналистлар билан учрашиб, уларга мамлакат раҳбари фаолияти юзасидан ахборот тақдим этар, матбуот вакилларининг саволларига жавоб берарди. Лекин у бу учрашувлар ёритилишини истамаган. Шу сабабли ҳам бу учрашувлар ҳақида интернет нашрларида етарлича маълумот топиш қийин. Эътиборли жиҳати, ушбу учрашувларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари матбуот хизматлари ҳам жалб қилиниб, журналистлар маълумотларни олишда дуч келаётган муаммолар жойида ҳал қилинган. Умуман, Асаджон Хўжаев журналистлар ва матбуот хизматлари вакиллари норасмий мулоқот майдонини шакллантира олган.

Мамлакатда рўй бераётган воқеалар юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан расмий баёнот бериш йўлга қўйилганини ҳам Президент матбуот хизмати саъй-ҳаракатлари билан боғлаш мумкин.

Журналистга кўра, Асаджон Хўжаев мамлакатда ташкил қилинган қатор медиа тузилмаларга ҳам раҳбарликни амалга ошириб келарди.

Масалан, Ўзбекистон ахборот маконида катта шов-шувларга сабаб бўлган Халқаро пресс-клуб васийлар кенгашига Сенат раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев билан бирга ҳамраис, Ўзбекистон Миллий медиа кенгаши кузатув кенгаши раиси ҳисобланарди.

Матбуот котиби Президент ҳузурига кира оладими?

Ўзбекистонда бир вақтлар Президент матбуот котиби бўлган Мурод Муҳаммад Дўст, Алишер Азизхўжаев, Азамат Зиё, Рустам Жумаевлардан фарқли ўлароқ кейинчалик ушбу лавозимга тайинланган воизларни мамлакат аҳолиси қарийб танимайди. Уларнинг аксарияти Ташқи ишлар вазирлиги тизимидан тайинланган. Масалан, Дилшод Нуриллаев, Улуғбек Ҳасанов, Беруний Алимов, Садриддин Суяров, Баҳодир Эргашев, Авазбек Хожиметов сингари матбуот котиби вазифасини бажариш юкланган шахслар асосан хорижий оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, Президент фаолиятини ҳам ОАВни мувофиқлаштирувчи давлат маслаҳатчиси хизмати орқали ёритиб борган. Улар мамлакат ичида ахборот сиёсатини олиб боришга қарийб ваколатсиз, сиёсий шахс сифатида ҳам кучсиз бўлишган. Улар ҳар доим ҳам Президент ҳузурига кира олмас, кирганда ҳам бирор жўяли фикрни айта олган эмас. Шунинг учун ҳам уларнинг ўрни, сўзи билинмасдан, қолаверса, "сарой ўйинлари"га бардош бера олмай, лавозимдан қуруқ қолишган. Боз устига улар, де-факто ва де-юри давлат маслаҳатчисига бўйсунгани ҳам тез амалини йўқотишига сабаб бўлган. Ваҳоланки, аксарият мамлакатларда матбуот котиби тўғридан-тўғри давлат бошлиғига бўйсуниши билан ҳам катта мавқега эга.

Шу ўринда Асаджон Хўжаевнинг президент матбуот хизматига раҳбар этиб тайинланиши ҳақида. У, айрим маълумотларга кўра, Президент сайлови жараёнини Россия оммавий ахборот воситаларида кенг ва "холис" ёритилишини таъминлаб берганлардан бири.

"Комсомолская правда" газетаси мухбири сайловдан кейин ёзади: "Ўзбекистон россиялик журналистларни совуқ (об-ҳаво назарда тутилаяпти) ва очиқ табассумли делегация билан кутиб олди. Самолёт трапидан бизни бизнес-залга ўтказишди. Атрофимизда рус тилида равон сўзлашадиган бақувват йигитлар гирди-капалак эди. Уларни кўринишидан зиёли киши бошқарарди. У ўзини Миллий кутубхона директори Асаджон Хўжаев деб таништирди. Албатта, биз учун сир эмас: Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг яхши хавфсизлик хизмати ишлайди. Унинг илдизлари КГБга бориб тақалади. Афғонистон уруши пайтида республикада махсус тайёрлов пункти бўлган. Қудратли разведка ва контраразведка. Иттифоқ қулагандан сўнг аксарият зобитлар шу ерда қолишган. Улар янги авлодни тарбиялашибди. Лекин бунақа мукаммал тузилмани кутмагандик", дейди.

Унинг айтишича, Алишер Хўжаев серқирра ва зиёли киши. Ҳар қандай мавзуда мулоқот қила олади. "Янги президент Россия билан яқин ҳамкорлик қиладими?" деган саволга келажакдаги матбуот котиби шундай жавоб беради: "Нима деб ўйлайсиз, сизлар нега бу ерда юрибсизлар?"

Асаджон Хўжаев хорижий оммавий ахборот воситалари, маҳаллий интернет нашрларида Президент фаолиятини фаол ёритиб, уларни қайсидир маънода йўналтириб борди, десак нотўғри бўлмайди. Аммо унинг давлат ички ахборот сиёсатини шакллантиришдаги иштироки лавозимдан қуруқ қолишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлди, дейиш мумкин.

У Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг янги раҳбарияти билан биргаликда танқидий-таҳлилий кўрсатувлар, ток-шоулар орқали аҳоли эътиборини миллий ТВга қайтарди, Россия телеканалларининг мамлакатдаги оммабоплигини сусайтирди. У телевидение орқали Ўзбекистон учун умуман хос бўлмаган фикрлар хилма-хиллиги ва ўткирлигини рағбатлантирди. Халқаро пресс-клуб, турли ток-шоуларда расмий идоралар раҳбарлари иштирокининг таъминланишида ҳам унинг хизмати катта. Чунки муаммоли соҳалар раҳбарлари ўз-ўзидан ТВда чиқишни хуш кўрмайди. Лекин бошида мамлакат раҳбариятининг сиёсий хоҳиши бу жараёнда муҳим аҳамият касб этди.

Албатта, буларнинг ҳаммасини Асаджон Хўжаевнинг ўзи билан боғлаш ноўрин.

Шуларни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, Асаджон Хўжаевнинг лавозимдан озод қилиниши Ўзбекистон ахборот маконидаги эркинлик шамолини бўғиб қўйиши бўйича хавотирлар ўринли эканлигини кўрсатади. Албатта, у ҳеч қачон мамлакат раҳбари олиб бораётган сиёсатга қарши иш тутиб, бир кун келиб журналистлар тараф бўлади, ҳақиқий сўз эркинлиги, демократия куйчисига айланади, деган тасаввурдан йироқмиз. Лекин у Ўзбекистонда Президент фаолияти ёритилишини ҳеч қурса Қозоғистон, Россия даражасига олиб чиқишга сабабчи бўлган бўлармиди, деган ички умидимиз бор эди.

Биз билан суҳбатдош бўлган журналистнинг айтишича, Асаджон Хўжаев Мурод Муҳаммад Дўст, Алишер Азизхўжаев, Рустам Жумаев сингари сиёсатда эркин маневр қилиши мумкин бўлган матбуот котибларидан бири эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ