Ўзбекистон: Каримов ҳайкалига таъзим қилиш анъанаси бошландими?

Ҳайкалга таъзим қилаётган мулозимлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Ҳайкалга таъзим қилаётган мулозимлар

Оқсарой қароргоҳида Каримовга ҳайкал очиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев, Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва ҳукумат миқёсидаги амалдорлар иштирок этди. Маросимга келганлар ҳайкал очилиши билан унга таъзим қилаётгани кузатилди. Интернет фойдаланувчилари ушбу ҳолатни Шимолий Корея билан тенглаштирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Очилиш маросимида олинган суратларда қатнашувчиларнинг ҳайкалга таъзим қилаётганини кўриш мумкин.

Шу вақтгача Ўзбекистонда давлат арбобларининг ҳайкалларига таъзим қилиш ҳолати кузатилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Facebook ва ok.ru саҳифаларида суратга изоҳ қолдирганлар икки тарафга бўлинганини кўриш мумкин.

"Ўзларини маданиятли,илғор ҳисобловчи ҳукумат ходимлари тошга таъзим қилишни аллақачон совет давридан буён урф қилиб олишганди ва бу урф яна эгилганроқ «садоқатлироқ» шаклда қайтибди... Ширк деб ҳисоблайман.Энг ёмон гуноҳ ! Аллоҳ асрасин. Шимолий Корея давлатида шундай тошга(ҳайкалга) гул қўйиб ҳурмат кўрсатиш урфда эканини биламан.

Эҳтимол,бошқа МДҲ давлатларидаям бордир", - деб ёзади Сокин Қалб.

Savol Berishdan To'xtamang профили остида изоҳ қолдирган Facebook фойдаланувчиси Сирдарё вилояти аҳолиси Каримов бошчилигидаги 25 йилда ҳам тоза ичимлик суви билан деярли таъминланмаганини мисол қилиб келтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

"Бутунжаҳон банки: Сирдарё вилояти аҳолиснинг 10 фоизи (адашмадингиз ўн фоизигина) туну-кун сувдан фойдаланиш имкониятига эга. Сирдарё халқи ҳайкалларга нима дейди", дея савол беради у.

"Маддоҳлар тўпланиб тошга таъзим киладиган жой бўлибти. Ширкчиларга тўлиб Аллоҳни балоси келиб зилзила бўлиб кетмаса бўлди эди", - дейди Odil Max.

Ok.ru сайтидаги BBC Uzbek саҳифамиз ўқувчилари ҳам баҳсда фаол иштирок этган.

"Бу инсонга таъзим қилиш биз Ўзбекистон фарзандларини бурчи деб биламан. Бу инсон учун жон деб таъзим қиламан", деб ёзади Dinara Normurodova.

Унга жавоб берган яна бир фойдаланувчи "Эсиз жойдами ҳайкалга қараб шунақаям эгилиб таъзим қиладими? Қаерда кўргансиз қабрга ё ҳайкалга таъзим қилинганини. Мусулмонмисиз ширку бу", - деб ёзади.

Дилмира Дилшодовна ҳайкалга таъзим жоиз эканлигини ёзаркан, ҳозир Ислом Каримов жаннатда юрганини таъкидлайди.

"Ислом бобомизга минг таъзим килсек кам! Бизни шу кунга етишимизга бобомизни хиссалари котта. Дўзахда ёняпти деганлар худди бориб куриб келгандек гапиришадия! Бу инсон жаннатларда юрипти. Жойиз жаннатда булсин бобожон", дейди Дилмира Дилшодовна.

Ok.ru нинг исми номаълум яна бир фойдаланувчиси ушбу ҳолат бошқаларга эриш туюлаётган бўлса ҳам уни ҳайкалга сажда қилиш деб қабул қилмаслик кераклигини айтади.

"Тўғри бу ҳолат кимларгадур эриш туюлаётган бўлиши мумкин. Буни харким ўзидан келиб чиққан холда, ҳар хил қабул қилишябди. Кимдир ҳайкалга сажда қилябди деса, яна кимдир ширк келтирябди дейди. Лекин мени фикримча, бу инсонни (Муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бобомиз, жойлари жаннатда бўлсин) бизга, элу-юртга қилган мехнатларию, жонкуярликлари қаршисида бош эгмасдан бўларканми? Ҳаётга тўғри қарайликда, бу холатни "сайжда қилиш" дея эмас, балки "миннатдорлик рамзи" дея номласак, нима дейсизлар дўстларим".

Суратлар gazeta.uz сайтидан олинди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ