Россия мусулмон давлатга айланадими?

Ҳайит Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

1 сентябрь мусулмонларнинг Қурбон ҳайити байрамига тўғри келганлиги муносабати билан Россиянинг масжидларга яқин жойлашган мактабларида биринчи қўнғироқ йиғинларини 4 сентябрга кўчирилди. Россия ҳукумати мусулмонлар байрамига бу қадар эътибор ажратгани маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Татаристон, Бошқирдистон, Доғистон ва Ингушетия каби бир қатор ҳудудларда 1 сентябрь расман дам олиш куни деб эълон қилинди. Ўқув йили 4 сентябрдан бошланадиган бўлди.

Россия ҳукумати мусулмонлар байрамига бу қадар эътибор ажратгани маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Москваликларга ҳайит нега ёқмаяпти?

- Диний байрамлар сабабли мактаб йиғинини кўчириш мақсадга мувофиқ эмас. Бу масала фақат жамоатчилик якдиллигида тўла розилик бўлсагина мумкин, - деди Москва патриархати бўлим раҳбари Владимир Легойд "РИА-Новости"га. - Менимча, мактаб ўз иш тартибида фаолият юритиши керак. Алоҳида ҳолатлар истисно тариқасида бўлиши мумкин, аммо унда жамоатчиликнинг тўла розилиги бўлиши лозим.

Оммавий ахборот воситалари маҳаллий аҳоли ва интернет фойдаланувчилари норозиликларини кенг ёрита бошлади.

"Путин Қурбон-байрамни мамлакатнинг бош байрами қиладими? Ҳаммани мамлакатдан чиқиб кетиш учун хужжат топширишга чақираман!!!" - дея ҳамфикрларини норозилик намойишига чорлади Леонов 47news.ru сайтида.

"Бу кетишда 20 йилдан кейин Россия мусулмон давлатга айланадиган кўринади", - ҳавотирини билдирди муаллиф.

"Таълим вазирига шикоят ёзамиз"

Россиянинг етакчи нашрлари ҳукуматнинг бу қарорини мактаб ўқувчилари ва ота-оналар қўлламасликлари борасида бонг ура бошлашди.

- Пойтахтда ҳали бундай қарор қабул қилинмаган эди. Биринчи синфга бораётган ўқувчига буни қандай тушунтириш мумкин? Бошқалар ҳар доимгидек мактабга борсаю, у маллалиги учун бормаса! Ахир, бу бир умрлик хотира-ку. Масжид атрофида яшайдиган болаларни бошқа мактаб болаларидан қандай ажратиш мумкин? Мен қайси мактабларда биринчи қўнғироқ бекор қилинган бўлса, таълим вазирлигига шикоят ёзишни таклиф қиламан, - деб ёзади Ирина Кузнецова.

Москва шаҳридаги масжидларнинг бирига яқин мактаб директори Олеся Лукашук ота-оналар билимлар кунини 4 сентябр эмас, 2 сентябрда ўтказишни таклиф қилишганини билдирди. Мактаб жамоаси бунга қарши эмас.

"Қурбон байрами - Ғалаба куни билан тенг"

Мешан тумани фаолларидан бири, депутатликка номзод Станислав Мацак Қурбон байрами сабаб 1 сентябрнинг кўчирилиши ҳақидаги хабар бу қадар норозиликни келтириб чиқарганидан ҳайратда эканини айтган.

- Бу чора асло мусулмонлар учун эмас, ҳавфсизлик мақсадларида режелаштирилган. Бу ерга 90 мингдан зиёд мусулмонлар келади. Ахир улар учун Қурбон байрами - биз учун йилдаги энг яхши байрамимиз Ғалаба куни билан тенг. Аммо ким кафолот берадики, минглаб эътиқодлилар орасида бирор мияси бузуқ бир ҳодиса чиқармайди деб?!

"Газета.ру" жамоаси ҳам мусулмонларнинг диний байрамлари нимаси ҳавфли эканлиги ҳақида алоҳида тўхталди. Муаллифларга кўра, ҳукуматнинг бу қарори миллатчилик низоларини ҳам юзага келтириши аниқ.

"Адолатли қарор бўлди"

Москва муфтийси Ильдар-ҳазрат Аляутдинов мактаб йиғинларининг бошқа кунга қолдирилишини тўла маъқуллади.

Москвада камида икки миллионга яқин мусулмонлар яшашини эслатган муфтий уларнинг ибодат амалларини бажаришлари учун жойлар кўп эмаслигини таъкидлади.

"Сўнгги пайтларда вилоятда қўшимча майдонлар очилмоқда, аммо кўпчилик марказий масжидларда ибодат қилишга интилгани боис, бу муаммога ечим бўла олмаяпти" - дейди муфтий.

Аляутдиновга кўра, бу борада шаҳар ҳукумати кўп миллатли пойтахтнинг тенг ҳуқуқлилик борасида адолатли қарор қабул қилганлигини билдирди.

"Бу нафақат хавфсизлик тадбири, балки ҳар ким ўз байрамини эмин-эркин, бир-биридан тортинмаган ҳолда, ҳалал бермайдиган шароитларда ўтказиш имконидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ