Руслан Чагаев: ‘Мен кўпроқ олтин медаллар кутаяпман’

Руслан Чагаев Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳам ҳаваскор ва ҳам профессионал боксда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ўзбекистонлик саноқли боксчилардан бири бўлган Руслан Чагаев Гамбургдаги қўлқопдошларининг имкониятларига худди ана шундай берди.

Жаъми 6 нафар ўзбекистонлик боксчи бу йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритишган бўлса, улардан икки нафари аллақачон биринчиликнинг камида кумуш медалини ўзига нақд қилди, финал босқичига кўтарилди.

31 август куни бўлиб ўтган ярим финал жангларида жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолган бу икки боксчи - Ҳасанбой Дўсматов ва Иқболжон Холдоровлар бўлишди.

Бугун бўлиб ўтажак сўнгги ярим финал жангларида эса, яна ўзбекистонлик уч нафар боксчи: Шаҳрам Ғиёсов, Жасурбек Латипов ва Бектемир Мелиқўзиевлар рингга кўтарилишади, финал йўлланмаси учун кураш олиб боришади.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатига қулоқ тутинг.

"Мен ишонаман, болалар кўпроқ олтин медаль олишади. Нега десангиз, мен ўзим кўрдим, болалар ҳозир жуда яхши тренировка қилишаяпти, яхши тайёргарлик кўришаяпти ва федерация томонидан ҳам уларга яхши қўллаб-қувватлов бўлаяпти", - дейди Руслан Чагаев Америкадан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган Руслан Чагаев қарийб ўн йил айнан бу йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилаётган Гамбургдаги "Universum Box-Promotion" клуби промоутерлиги остида рингга тушган. Профессионал боксда илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

"Ҳозир бундай олиб қарасангиз, Ўзбекистондан қанча жаҳон чемпионлари, қанча Олимпиада чемпионлари бор...Ўзбек бокс мактаби ҳозир анча, анча кучайиб кетган", - дейди бу номдор боксчи суҳбатдошимиз.

Бокс, ЖЧ-2017: Ҳасанбой Дўсматов финалда

'Тошкент йўлбарси': 'Ҳаммаси Ўзбекистонни билади, қўрқади...'

Тарихча ўрнида

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бу йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси барча вазн тоифаларида намоён этган.

Улардан 9 нафар чемпионатнинг чорак финалига чиқиб, ўзига хос рекорд ўрнатишган, эришган бу каби ютуқлари билан қолган барча иштирокчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб кетишганди.

Бу боксчилардан олтитаси эса, ярим финалга йўлланмани қўлга киритган ва жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолишган.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг ўзбекистонлик боксчи ярим финалчилари эса, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов, Иқболжон Холдоров, Санжар Турсунов, Жасурбек Латипов ва Бектемир Мелиқўзиевлар бўлишади.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари 31 август ва 1 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

10 нафар янги жаҳон чемпионларининг номи 3 сентябрга қолмай маълум бўлади.

Ўзбекистон эса, Россия ва Қозоғистон билан бирга Куба (7 нафар) дан кейин ярим финал жангларида энг кўп сондаги боксчилари билан иштирок этаётган учта давлатдан бири бўлади.

25 август куни старт олган бу йилги жаҳон чемпионати 3 сентябрь кунига қадар давом этади ва жаҳоннинг 10 нафар янги чемпионини аниқлаб беради.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида сўнгги Рио Ёзги Олимпиадаси ва Осиё чемпионати ғолиблари сифатида бу йилги жаҳон чемпионатига ташриф буюришган.

Шу йил май ойининг биринчи ҳафтасида бўлиб ўтган ва Ўзбекистон пойтахти мезбонлик қилган Осиё чемпионатига эса, айнан Руслан Чагаевнинг ҳам шахсан ташриф буюргани ва яқиндан кузатгани кўринганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар