Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқоладими? – икки мураббий баҳоси

Мураббийлар Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитойга қарши сўнгги босқич саралаш беллашувларининг албатта ғалаба қозониши шарт бўлган иккита якуний учрашувидан бирини бой берди. Гуруҳда тўртинчи ўринга тушиб кетди.

Кеча пайшанба куни Хитойда бўлиб ўтган ўйин мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Унгача гуруҳда Осиё қитъасидан яримта йўлланма учун курашиш ҳуқуқини берувчи 3-ўринда бораётган Ўзбекистон бу мағлубияти ортидан, бир поғона пастлади.

Аксинча, параллел ўйинда Қатарни йирик ҳисобда мағлуб этган Сурия Ўзбекистоннинг ўрнига кўтарилиб олди.

Ўзбекистоннинг устидан эришган ғалабаси эса, Хитойга ҳам яримта йўлланма учун курашиш имкониятини яратди.

Бошқа томондан, сўнгги тур ўйинларида қайд этилган бу каби натижалар "А" гуруҳи ихтиёрида қолаётган иккинчи нақд йўлланма учун даъвогарлар сонини ошириб юборди.

Энди бу йўлланма учун курашга Жанубий Корея ва Ўзбекистондан ташқари Сурия ҳам қўшилди.

Худди шу боис ҳам, Ўзбекистоннинг ўз тарихида биринчи бор жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти бу йил ҳам "қил устида қолди".

Буёғи нима бўлади? - Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида эришган энг юксак натижалар эса, суҳбатдошларимиз Биродар ака Абдураимов ва Вадим Абрамовлар мураббийлиги даврига тўғри келади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати шу саволни ана шу икки етакчи мутахассисга берди.

Футбол: Ўзбекистон Хитойга мағлуб бўлди

Futbol, JCH-2017: Xitoy-O'zbekiston, ishqibozlikni ko'ring

"А" гуруҳи пешқадами Эрон эса, бирор бир мағлубиятсиз ўтказаётган сўнгги босқич саралаш беллашувлари боис, биринчи йўлланмани муддатидан илгари қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Биродар ака Абдураимов ҳаммураббийлиги остида илк ва сўнгги бор Осиё Ўйинлари ғолиби бўлган.

Вадим Абрамов эса, ўзбекистонлик футболчиларни биринчи бор Осиё Кубогининг ярим финалига олиб чиққан.

"Жанубий Корея билан ўйин - охирги шанс. Футболчиларимизни фақат ютуқ қониқтиради. Жанубий Кореяга эса, дуранг натижа ҳам кифоя қилади. Бизникилар фақат ютуқ, ютуққа ўйнаши керак. Уларнинг дарвозасидан ютуқни қидириш керак", - дейди Биродар ака Абдураимов.

Сўнгги тур учрашувлари ортидан, "А" гуруҳида мураккаб вазият юзага келганини эътироф этган Вадим Абрамовнинг айтишича эса, "назарий жиҳатдан ҳалиям жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятимиз бор. Аммо, худди шунинг баробарида, гуруҳда бешинчи ўринга тушиб ҳам кетишимиз мумкин. Энди бу нарса бизга боғлиқ эмас. Аксинча, гуруҳдаги параллел ўйинлар натижасига боғлиқ...".

Россия мезбонлик қилувчи 2018 йилги жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувини "А" гуруҳи вакиллари 5 сентябрь куни ўтказишади.

Ўзбекистон худди ўша куни Тошкентда Жанубий Кореяни қабул қилади.

ФИФА томонидан Осиё қитъасига ажратилган жаъми йўлланмаларнинг сони эса, бор-йўғи 4.5 тани ташкил этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар