Мирзиёев туманларда юзлаб қорилар чиқишини истамоқда

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Мирзиёев ҳар бир тумандаги ёшлар ичидан юзлаб ҳофизи Қуръонлар етишиб чиқишини истаётганини билдирди. Тошкентда имом хатиблар билан учрашган Президент улардан Қуръонни ёддан билувчи ёшларни тарбиялаш борасида таклифлар сўради.

Одамлар Қуръонни билиши керак деб ҳисоблаган Мирзиёев, уни ёдлаган кишининг дунёқараши бутунлай ўзгаришини таъкидлаган.

Мирзиёев имом-хатиблар билан учрашувидан лавҳа томоша қилинг

"Қуръоннинг сураларини етказиш бўйича сизлар ҳам менга бир таклиф берсаларинг. Авваламбор, икки мингтами, икки юзтами районнинг ичида биринчи ўринга мусобақа бўлса. Вилоятнинг ичида, кейин республика бўйича зўр жойни танлаб Қуръонни эътиқод билан айтиб, одамлар лол қоладиган қилиб болаларни бир тарбия қилайлик. Сураларни мақомига етказиб (ўқиса) одамларга шунақа таъсир қиладики. Масжидларимизда биринчи ўринни олган одам ўқийди деса. Ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан бунинг ҳам тагида жуда катта маъно бор. Бу ҳам бир тарбиямиз", - деган Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасидаги учрашувда "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмон ичидан 16 мингтаси ундан чиқарилганини маълум қилган.

Президентга кўра, шундан 9 минг киши иш билан таъминланган.

Диний эркинликлар берилдими?

Мирзиёев Президент бўлгач Ўзбекистон ичидаги мусулмонлар диний соҳада бир мунча эркинликлар берилганини айтишади.

Бироқ ушбу ҳолатлар мамлакатнинг барча нуқталарига етиб борилмагани таъкидланади.

Олдинроқ Ёшлар иттифоқининг Сурхондарё вилоят бўлими Музработ туманида муслима қизларнинг ҳижобини ечганини хабар берган эдик.

1 сентябр куни бўлиб ўтган Қурбон ҳайити намозида ҳам вояга етмаган болаларни масжидларга қўйиш борасида икки хил маназара бўлган.

Айрим жойларда, хусусан Тошкент шаҳрида болаларнинг масжидга киришига тўсиқ қўйилмаган.

Бироқ баъзи ҳолатларда масжид олдида масъуллар туриб вояга етмаган болаларни масжиддан тўсиш ҳоллари бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ