Пахта 2017: Ўқитувчилар ҳозирча захирада

пахта Фото муаллифлик ҳуқуқи Timur Karpov

Бу йил Ўзбекистоннинг аксар вилоятлари ўқитувчилар ва мактабгача таълим муассасаси ходимлари ҳозирча пахтага чиқарилгани йўқ. Би-би-си тадқиқотидан маълум бўлишича, аксар вилоятларда ўқитувчилар пахтага чиқмаётган бўлса-да, теримга шай ҳолатда турибди.

Жиззах вилоятидаги бир неча туманда ўқитувчиларнинг бу йил пахтага чиқарилмаётгани маълум бўлди. Ўтган йили бу вақти ўқитувчи ва боғча ходимлари далада юришган эди.

Эътиборли томони вилоятнинг айни пахтага ихтисослашган ва пахта далаларининг ўртасида жойлашган аҳоли пунктларида ҳам ўқитувчилар теримга чиқарилмаган. Бироқ улар исталган маҳалда пахтага жалб қилиниши мумкин.

Ўқитувчиларнинг захирада тургани ва ёрдам керак вақти "ўз ташаббуслари" билан чиқарилиши мумкинлигини Би-би-сига Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси ходими тасдиқлади.

"Ўқитувчилар ҳозирча пахтага чиқарилгани йўқ. Мабодо, ёғин-сочин бўлиб кетса, ўзларининг ташаббуси билан захирадан чиқарилади", - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ходими.

Хоразмда ҳам ўқитувчилар ҳозирча чиқарилгани йўқ, аммо ўқитувчилар бу ҳолатга ўта шубҳа қараётганини билдиришди. Урганчлик ўқитувчининг ҳамкасблари орасида кейинчалик "ўз ташаббуси" билан чиқарилиши мумкин, деган гап сўз юрганини айтди.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ҳозирча мактаб ўқитувчилари пахтага жалб қилинмаган. Қашқадарё вилояти ҳокимияти ҳам ҳозирча ўқитувчиларни пахтага жалб қилмаган. Фермерларга меҳнат отрядлари тузиш топширилган ва уларга ўқитувчилар киритилмаган.

Самарқанд вилоятида айрим туманларда ўқитувчиларга "ўз ихтиёрим билан пахтага чиқаман" деган тепадан туширилган мактубга қўл қўйиб бериш сўралган. Самарқанд туманидаги биз боғланган ўқитувчининг айтишича, ҳамкасблари ушбу мактубга қўл қўйишдан бош тортишган. Вилоятда ўқитувчилар ҳозирча пахтага жалб қилингани йўқ.

Қўшробот туманида пахта етиштирилмайди, аммо бу ердаги ўқитувчилар ҳар йили бошқа туманларга пахта теримига олиб кетилган. Ҳозирча бу туманда ҳам ўқитувчилар пахтага жалб қилинмаган.

Бу борада раҳбарият томонидан аниқ бир кўрсатма ҳам келмаган. Айрим ўқитувчилар пахта чиқилади, деса айримлари чиқилмайди, демоқда.

Ҳокимлар ваъдасида турадими?

Халқаро пресс клуб томонидан уюштирилган учрашувда Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилояти ҳокимлари ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқармаслик ҳақида ваъда берган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўқитувчилар ва мактабага таълим муассасалари ходимлари пахтага чиқмаётганини ўрганди.

"Бу йил қаттиқ олаяпти. Чиқмайсилар дейилган. Ҳозир ўқитувчилар мактабда дарс беришяпти. Дарсдан кейин ҳам чиқмаяпти, чунки жой етишмаслиги ва бола кўплигидан дарслар икки смена ўтиляпти", деяди жарқўрғонлик суҳбатдошимиз.

Наманганда ҳам ўқитувчилар ҳозирча пахтага чиқарилмаган. Наманган шаҳридаги маҳаллаларда ўтказилган йиғинларда ҳокимиятдан келган вакиллар пахтага чиқилса икки маҳал овқат ва килосига 500 сўмдан пул берилишинии айтиб одамларни пахтага чиқишга тарғиб қилган.

Фарғона вилоятида ўтган йили шу вақти ўқитувчилар далада бўлишган. Бироқ ҳозирча чиқарилмаган. Лекин яқин орада куч етишмай қолса чиқарилиши мумкин. Риштондан лицей ўқитувчиси Баҳодир Элибоевнинг айтишича, пахтага чиққан тақдирда ҳам сўраганларга ўқитувчи эмасмиз, деб айтиш тайинланган.

"Фарғонада ҳозирча чиқарилгани йўқ. Аммо яқин келажакда ишчи кучи етишмай қолса, чиқасизлар деди. Ўшанда ҳам кимдир далада кўриб сўраб қолса ўқитувчи эмасмиз, деб айтасизлар деб тайинланган", дейди Баҳодир Элибоев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ