Ўзбекистонлик ишсизнинг блоги: "Яшавор, хўроз!"

Болаликда Американинг киноларини кўрганда, ишсиз қолган кучга тўла уй-жойли ва янги машинаси бор одамлар ўз жонига қасд қилганини кўриб, тушунмасдим. Энди сал тушунгандай бўляпман... Ҳаётнинг ўзи устоз ёки бошдан ўтган табиб, дегандек... Камина ҳам ипотека олганди. Яқинда ишда қисқартириш бўлиб, кўчада қолдим. Лекин ҳали 2 метр арқон кўтариб қолганим йўқ. Авваламбор, мусулмончиликка тўғри келмайди. Қолаверса, жон ширин. Қимирлаган қир ошар ёки интилганга толеъ ёр, дегандек... ТВда лимон ёки ёнғоқ экиш хақида ва қандай қилиб янги даромад манбасини яратиш тўғрисидаги репортажларни кўравериб, мен ҳам шу ишга қўл уришни ният қилдим. Бироқ бу дарахтлар ҳосилга киргунча анча йил ўтишини хисобга олган ҳолда тезроқ "мева" берадиган бизнесга киришдим. Охирги олинган отликка бориб, 20та жўжа олдим. Жўжани кузда санайди,деганларидек... Лекин тез орада улар бирин-кетин ўлатга чалиниб, қирилиб кетди. Биттасигина тирик қолди, холос. Унга эмдори қилинган шекилли. Ўзи бошидан қолганларидан ажралиб турарди. Қоп-қора ва тетик эди. Энди 1 дона бўлса ҳам тухум ерканман десам, жонивор хўроз бўлиб чиқди. Уйда жонзот ушласанг, боғланиб қоларкансан киши. Ҳозир эрталаблари қичқириб қолса, одам ҳузур қилади. У ҳам одамдан қўрқмайдиган чиқди. Шу уйда чой ичиб ўтирсанг, керилиб кириб келиб, хонтахтага чиқиб, нон ушоқ териб ейишни одат қилганди. Калтаклаб, тартибга чақирдим. Энди ўз жойини биляпти. Лекин "чекилган носни" ҳар ерга ташлашни ҳеч қўймаяпти, ҳамма ерни расво қилиб ташлади.

Қайтар дунё

Тунов куни эски қандрдонларни қидириб топиб, чойхона уюштирдим. Дўстлар у-бу иш таклиф қилар, деган умидда. Ҳа, нечук қидириб қолдинг, дейишди. Доим иш-пиш деб ўтиришларга келмасдинг, деди шериклардан бири. Мен уларга дардимни айтдим. Бошқа бири сенга қанча маслаҳат, насиҳат бўлса қоплаб, керак бўлса вагонлаб бераман, лекин қарз сўрама, деб ўзимни унга анча йиллар олдин айтган сўзларимни ўзимга қайтарди. Вақтида ишим жойида бўлганда, менинг қаричим ҳам бошқача экан. Ишласаларинг бўлмайдими, шунча имконият бор-ку, ўзларинг дангасасанлар, дердим. Мана энди, ҳаёт тарбияламоқда ...

Харажатларни оптималлаштириш

Эрта-индин катта қизимизнинг кўзи ёрийди. Бешик тўй, дегандек... Шуларни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетмоқда. Қолаверса, иккинчи фарзандимнинг ўқишига контракт тўловини ўйласам, оёғим остидан ер кетиб қолаётгандек. Хуллас, энг яхши ҳимоя-ҳхужум, деганларидек... Мен ҳам хотинга "йиғиштир қовурдоқ, бешик тўйларингни. Мана, ҳукуматимиз ҳам тўй харажатларини оптималлаштириш ҳақида туну-кун бонг уриб ётибди, сенлар қулоқ солмайсанлар", деб уйда сиёсий тарғиботни эртароқ бошладим.

"Бунақа харажатларни оптималлаштириш, деган ақлли гапларингизни менга эмас, бориб, қудангизга айтинг. Битта арзанда ўғлидан кўрган бош набираси бўлса, орзу-ҳавас кўрай, дейди улар ҳам. Худо кўрсатмасин, эртага янги туғилган чақалоғи билан уйингизга олиб келиб ташласа, ҳалиги "харажатларни оптималлаштириш" ҳақида набирангизнинг қулоғига азон айтиб алла айтасизми", деб мот қилди хотин. "Э-э-э, товуқмия, нималар дейсан", деб ўшқирмоқчи бўлдиму, лекин журъат этмадим, чунки ҳақ гапни айтаётганди-да. Қолаверса, уйда ишсиз, даромадсиз ўтирсанг, анча шаштинг пасайиб, ўзингга бўлган ишончни йўқотиб қўяркансан киши.

Барқарорликка нима етсин...

Чойхонадаги гурунгда бир дўстим "талабалик даврим ўтган жойларни зиёрат қилдим, анча нарса ўзгарибди, лекин мени ҳайратда қолдирган бир нарса - 20 йил аввал ака-ука болакайлар бозорда сомда сотишарди. Ўша болалар ҳали ҳам сомса сотяпти. Ҳали ҳам ўша эски сават, ҳеч нарса ўзгармаган, ҳатто "кеп қолинг, заказ сомса" деган қичқириқлари ҳам ўша-ўша. Фақатгина ҳалиги болалар анча улғайган, лекин менинг назаримда, улар 20 йил аввалги болакайлар", деди.

Мен унга, "ака, ҳаётда асосийси барқарорлик экан", дедим. Ҳамма хазил, деб ўйлаб кулди. Мен бунга чин маъно берганимни фақат ўзим тушундим шекили. Бошқа бир шерик "машинанг бор, чиқ, кира қил. Мана, шаҳарнинг ярими шундан тирикчилик қиляпти", деди. Лекин телевизорда эртаю-кеч " ноқонуний йўловчи ташиш учун 100 баробар минимал ойлик жарима" деб турган бир вақтда, бу ишга ҳам қўл бормай қоларкан. Қолаверса, автоуловни тез кунда бозорга таёрлайман. Чунки тўловлар мени ишга жойлашишимни кутмас экан.

Кўпни кўрган дўстлардан яна бири гап қотди: "сўнгги йилларда йилига 1 миллион иш ўрни яратиларди, 15 йилда 15 миллион янги иш жой, демакдир. Ўзи Ўзбекистонда 14 миллион ишга яроқли одам бўлса, қолган 1 миллион ишчини четдан олиб келиш керак экан-да!"

Аммо унинг айтишича, бу йил ҳукумат сохта статистикадан воз кечиб, бор нарсани эълон қилганмиш: бу йилги ҳисоботда 84 минг иш ўрни яратилгани айтилибди.

Қолганлар шу кунларда бўлаётган ўзгаришларни мақтай кетишди. Мен ҳам уларнинг сўзларини маъқулладим. Лекин шу даражада жадал суръатларда бўлмоқдаки, одам улгурмай қоляпти, деб бошимдан кечган бир воқеани гапириб бердим. Хуллас, иш қидириб, бир идорага бордим. Хўжайин "укам, шу ҳужжатларни тўплаб кел" деди. Орадан 3 ҳафта ўтди, жамлаб бордим. Акани сўрадим. Котиба қиз акадан кейин аллақачон иккита хўжайин алмашганини айтди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, уйга қайтдим. Яна бир нарса-45 ёшдан кейин иш топиш ҳам анча мушкул экан. Ҳозирги кунда мана, уйда хўроз билан гаплашиб ўтирибман.

Тунов куни бир қадрдоним уйга келганди, ҳолимдан хабар олиб, тўртта нон кўтариб. Уйда ҳайвон боққан яхши экан, агар бало-қазо келса, шунга ураркан, деди. Менинг эса, жаҳлим чиқди. "Бу ҳам менга сендек қадрдон бўлиб қолди, жўжалигидан боқдим. Ҳозир нима десам, жимгина донини чўқиб, тинглайди. Менинг дардкашим-ку бу, нега келган бало-қазо унга урсин?", дедим. У ҳам мени тўғри тушунди: "бўларинг бўп қопти сени аллақачон. Товуқ билан гаплашмай, тоат-ибодат қил, ризқ Оллоҳдан", деди-да, омин қилиб, туриб кетди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02