‘Президент бўладиган одам дастурини бундай белгилаб берса...’

Шуҳрат Шокиржонов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

"Футболимиз устидан Мираброр Зуфарович яхши раҳбар бўлиши мумкин ёки бошқа, лекин футболни яхши тушунмайдиган одам сифатида "машҳур" бўлди, шу лавозимда 12 йил ишлади. Энди бу одам футболни тушунадими-йўқми, мана шу томони сал ҳалиги бўлаяпти-да ҳозир...Мен умримда биринчи марта эшитиб турибман бу одамнинг номини, шу бугун эшитдим...".

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти, Миллий Паралимпия Уюшмаси раиси муовини ва Тошкентнинг "Пахтакор" клуби вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Мираброр Усмонов ўрнига мамлакат футбол федерацияси президенти этиб сайланиши маҳаллий журналистлар орасида ҳам қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган. Анчайин тушунмовчилик ва таажжуб билан қабул қилинган.

"Келажакда энди нима бўлишини аниқ билмаймиз. Масалан, бир президент бўладиган, мана шу раҳбар бўладиган одам дастурини, йўналишини бундай белгилаб берса. Масалан, беш йилда мана бу ишни қиламан, деб...Келажакда ўша дастурга қараб, сўрашга имкон бўлади одамларда, журналистларда, "мана буни ваъда қилувдинг, мана буни бажаролмадинг", - деб. Ҳозир сўзга чиқиб, ундай қиламан, бундай қиламан, деди. Қуруқ гапни айтди-қўйди. "Қуруқ гап, қуруқ қошиқ оғизни йиртади", деганларидик, эртага бу нарсага, русча айтганда, "спрос" ҳам-ку бўлмайди, айтилган гап айтилган кетди бўлади, чунки шу пайтгача ҳам бунақа ваъдаларнинг кўпини эшитганмиз", - дейди, жумладан, "кун.уз" интернет нашрининг етакчи журналисти Шуҳрат Шокиржонов.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу хусусда уюштирган суҳбатига мана бу линқ орқали қулоқ тутиш мумкин.

Мухлислар нима дейди: 'Битта Усмонов кетиб, бошқаси келибди'

Футбол: Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги президент

Янги президентнинг раҳбариятга келиши билан якунланган Тошкентдаги ҳисобот-сайлов анжумани Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида бешинчи бор жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини бой беришидан саноқли кунлар ўтиб бўлиб ўтган.

Миллий терма жамоанинг саралаш босқич беллашувларидаги навбатдаги мағлубияти маҳаллий футбол ишқибозлари ва журналистлар томонидан бу гал ҳам кескин норозилик билан қарши олинган.

Барча йирик ижтимоий мулоқот тармоқларида ва Ўзбекистондаги футбол, спортга ихтисослашган интернет нашрларида нафақат миллий терма жамоа Бош мураббийси, балки-да, бутун Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбарияти истеъфосини талаб қилувчи даъват ва талаблар янграган.

"Бутун тизимни ислоҳ қилиш ва федерация фаолияти шаффофлигини таъминлаш" сўралган. Бунинг учун, ҳатто, турли таклиф ва тавсиялар илгари сурилган.

"Мен, барибир, ишонаман. Чунки раҳбарият алмашиши керак эди. Раҳбарият алмашди, мана, иккинчи қўлга, янги қўлларга ўтди. Улар бизнинг - журналистларнинг арз-додларига қулоқ соладиган бўлади, деб умид қилиб қоламан", - дейди Ўзбекистондан ўзининг футбол ва спортга оид танқидий чиқишлари билан яхши таниш бу суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот-сайлов анжуман 12 сентябрь куни Тошкентдаги "Radisson BLU" меҳмонхонасида бўлиб ўтган.

Мухлислар муносабати

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Орадан 12 йил ўтди, деганда, Ўзбекистонда Футбол Федерацияси президентнинг алмашинуви, айниқса, сўнгги йилларда бу каби даъватларга зўр берган маҳаллий ишқибозлар орасида яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Тошкентдаги сайлов-ҳисобот анжуманидан саноқли соатлар ўтиб, Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган йирик интернет нашрларида қолдирилган фикрларнинг ўзи бир неча ўнга етган.

Бу каби фикру мулоҳозаларнинг мазмуни бир сўзга жамланиб, умумий баҳо берилганида эса, уларни анчайин норози ва умидсиз оҳангда экани англашилади.

Айниқса, бу хусусда uff.uz сайтида бу хусусда қолдирилган фикрлар ўзининг мазмун-моҳияти билан ўқувчининг эътиборини ўзига алоҳида тортади.

"Ҳаммаси ҳеч нарса бўлмагандек, қарсак чалиш билан ўтиб кетибди. Бабаян ЎФФ га президент бўлади, деб ўйлагандим, сал адашибман. Битта Усмонов кетиб, бошқаси келибди. Ўзбекистондаги футбол мухлисларига сабр ва узооооқ умр тилайман. Фақат Европа футболини кўришни маслаҳат бераман", - деб ёзибди, жумладан, "tiffozi".

Javlon8787 эса, "Федерация раҳбарияти ўзгарибди, майли. Галдаги амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам аввалгидан жонлироқ, ҳаққонийроқ ва адолатли тарзда йўлга қўйилса, бўлгани. Ишлар аввалги каби "Эски тос, эски ҳаммом" қабилида олиб борилса, ишонинг, биз Азамат Абдураимов, Шуҳрат Маҳсудов, Миржалол Қосимов, Абдуқаҳҳор Маруфалиев, Игор Шиквирин, Сергей Лебедов, Николай Ширшов, Павель Бугала, Олег ва Максим Шацских сингари кўплаб истеъдодли футболчиларимизни жаҳон чемпионатисиз нафақага кузатиб қўйишда давом этаверамиз. Умид қиламизки, янги раҳбарият миллат ғурури учун, кўзлари ёниб турган ҳақиқий иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларимиз ва миллионлаб мухлислар учун футболдаги энг олий мақсадимизга эришиш йўлида холисона фаолият юритадилар!", - дея ўз умидларини изҳор этган, аммо ундов белгиси билан ўз фикрига якун ясаган.

XOSHIMOVGB ҳам аввалига анчайин киноявий мазмунда янграган фикрларини Javlon8787 каби анчайин умидбахш оҳангда якунлаганлар.

"Мираброр, сизга каааатта раҳмат (кетканингиз учун), ҳаммаси учун ( охирги 2 та жаҳон чемпионати учун алоҳида ташаккур) билдираман. Сиздан кейинги раҳбар инсофли, иймонли, футболни халқ учун қайтаради, деган умид қилиб қоламиз...", - деркан, у киши ўз изоҳларига уч нуқта билан нуқта ясаган.

Худди шу каби изҳоротлар манзарасида ўзбекистонлик қатор футбол ишқибозлари яна ҳисобот-сайлов анжумани ўзига ҳам эътибор қаратишган.

Наздларида, йиғиннинг "бир соатда ўтказиб юборилгани", "мақтов ўз йўлига, камчиликлар ҳақида нега гапирилмагани", "нега энди номзодлар ўз дастурларини оммага эълон қилишмагани" каби саволларни ўртага отишган ва худди шу сўровларида ўзларининг бор эътирозларини намоён этишган.

Жумладан, Arkantos, "...Бу янги ЎФФ президенти ҳам олдинги хамкасблари ишини давом эттиришига ким кафолат беради. Лекин биз оддий фукаролар келажакка умид билан қараймиз. Терма жамоада пахтакорчилар кўпайиб кетмаса бўлди. Яна терма жамоа футболчилари базасини "Пахтакор", "Бунёдкор" бўлмай, бутун Олий лига жамоаларини кучайтириш керак", - дея ўз хавотир ва тавсияларини баён этиб қолган.

"Stadion.uz" интернет нашрида ўз фикрини қолдирган RUSLANSTD эса, сўнгги янгиликка муносабатини, "Ие, янги раҳбаримиз ҳам "Пахтакор"дан эканлару", - деган бир оғиз жумлаган жамлаган.

"MEDIK" бу хусусдаги изоҳларини, "Тўғриси, тушунмадим", деган сўзлар билан бошларкан, "Вице-президентлар ҳаммаси катта одамлар-ку. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Ички ишлар вазири бўлган одамлар қандай қилиб Аҳмаджоновга бўйсинади", - дея ўз савол-таажжубларини изҳор этиб қолган.

Агар, якунида "RONALINHO" фикрларига тўхталсак, у киши "Ўзбекистон шаънини ўйлайдиган одам бўлсин-да булар, яна қарғишларнинг тагида қолиб кетмасин...", дея ўз хавотирларини бир тилакка жамлагану қўйган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар