Болалар боғчаси даромадли бизнес бўлиши мумкинми?

Болалар боғчаси Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz

Ўзбекистонда болалар боғчаси тизимини яхшилаш мақсадида мактабгача ёшдаги болакайларни тарбиялаш ишига тадбиркорларни ҳам жалб этишга қарор қилинди.

Президент Мирзиёев ушбу масалага бағишланган махсус қарорни имзолаган.

Зўравонлик: Боғчадан сўнг навбат мактабгами?

Мирзиёевдан янгилик: вазирларни ҳисоботга чақирди

Мирзиёев 11 йиллик таълимга қайтишни таклиф қилди

Ўзбекистон: боғча мудиралиги она меросми?

"Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарорда бутун мамлакатда болалар боғчаларини юритиш билан боғлиқ аҳвол қониқарсиз экани таъкидланган.

Эслатиш жоизки, таълим олиш ва тиббиёт бепул бўлган Шўро замонида ҳам мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти кўнгилдагидек бўлмаган, боғча мудираларининг ташмачилиги ҳажвий-сатирик танқидлар нишонига айланган.

Иқтисодиётнинг бозор бошқарувига ўтилиб, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ камайиб кетганидан кейин болалар боғчаларининг аҳволини янада ёмонлашди.

Вазиятни яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида эксперимент шаклида давлат билан тадбиркорлар шериклигида янги болалар боғчаларини ташкил этишга қарор қилинган.

Президент қарорида айтилишича, болалар боғчасини очмоқчи бўлган тадбиркорларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларининг бинолари беғараз берилади.

Бундай тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, имтиёзли кредитлар олишига рухсат берилади.

Давлат билан тадбиркор ўртасидаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув 50 йилга имзоланади.

Хусусий болалар боғчасининг "тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат" берилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда атиги 4893 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритаётгани, уларни молиялашга давлат бюджетидан 1 триллион 600 миллион сўм сарфлангани хабар қилинган.

Маълум муддатдан кейин Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги болалар боғчалари билан боғлиқ эксперимент нақадар самара бергани таҳлил қилинади.

Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

Ўзбекистонда болалар боғчаси ўзининг бизнеси билан шуғулланмоқчи бўлган инсонлар учун даромадли иш, мактабгача ёшдаги болакайларни кўнгилдагидек тарбиялаш институтига айланиши мумкинми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ