Ўзбекистон ҳам Мяньмардаги вазиятдан 'хавотирда'

Мяньмар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу хусусда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиққан.

Вазирликка кўра, Мяньмарда вужудга келган вазият, айниқса, бу мамлакатдаги мусулмон озчилиги тўқнаш келаётган зўравонликларга оид хабарлар Ўзбекистонда хавотир билан қарши олинган.

Вазирлик Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва БМТ Низомида қайд этилган тамойиллар, яна шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг мақсад ва вазифаларига асосланган ҳолда, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қоралашини баён қилган...

Худди шундан келиб чиққан ҳолда, Мяньмар раҳбарларини бегуноҳ мусулмонларга қарши зўравонликларга чек қўйиш ва бунинг олдини олиш учун лозим бўлган барча чораларни кўриш, мавжуд муаммони фақат тинч йўл билан ҳал этишга чақирган.

Вазирликнинг ўз расмий баёнотида бунга қўшимча маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати Мяньмардаги қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириш учун у ерга инсонпарварлик ёрдами юборишга қарор қилган.

Куни-кеча Қозоғистон ва Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирликлари ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқишган. Бунга қўшимча, улар БМТ ни вазиятга зудлик билан аралашишга чақиришган.

Ўзбекистон эса, буларнинг барчаси манзарасида Мяньмардаги қочқинларга кўмак беришга қарор қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Аммо вазирлик баёнотида кўзда тутилаётган инсонпарварлик ёрдамининг миқдори, унинг қай бир шаклда бўлиши ва Мяньмарга айнан қачон юборилиши тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.

Марказий Осиё Мяньмар инқирозидан 'хавотирда'

Роҳинга мусулмонлари қирғини бўлмаган гапми?

Расмий ва норасмий акс-садолар

Айни мавзу шу кунларда барча йирик ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонлик аксарият интернет фойдаланувчилари орасида қизғин баҳсу мунозаралар марказига айланган.

Айрим ўзбекистонликлар Мяньмардаги мусулмонлар ва уларнинг бугунги кечмишларига бағишлаб, шеърлар ёзишгача боришган.

Мяньмардаги бу каби зўравонликлар Россия ва Чеченистонда йирик оммавий норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.

Собиқ Шўро давлатлари раҳбарлари орасидан биринчи бўлиб Мяньмардаги ҳодисалар юзасидан кескин баёнот билан чиққани эса, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров бўлган.

Рамзан Қодиров Рохинга мусулмонлари учун Россияга қарши чиқишга ҳам тайёр эканини баён қилди.

"Рейтерс" ахборот агентлигининг хабар беришича, ўтган бир ҳафтадан ортиқроқ вақт давомида ҳукумат кучлари ва Рохинга жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда қурбон бўлганларнинг сони камида 400 кишига етган.

Қурбонлардан аксариятининг "мусулмон Рохинга жангарилари" эканликлари айтилади.

Хабарларга кўра, сўнгги зўравонликлар боис, Мяньмарни ташлаб чиққан ва ташлаб чиқиш ҳаракатида бўлган маҳаллий мусулмонларнинг сони қарийб 300 минг кишига яқинлашган.

Орада уларнинг кўплаб уй-жойларига ўт қўйилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Мяньмардаги мусулмонларнинг сони бугунги кунда 1.5 миллион кишини ташкил этиши айтилади.

Тарихий манбаларга кўра, бу мусулмонлар 19-асрнинг охирида британ мустамлакачилари томонидан Бангладешдан Мяньмарга кўчириб ўтказилган.

Аммо улар Мяньмарда ҳали-ҳануз ноқонуний муҳожирлар саналишади ва аксариятининг расман фуқаролиги ҳам йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар