Россияда бомба хавфи, одамлар эвакуация қилинмоқда

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи YURI SMITYUK/TASS

Сўнгги бир неча кун ичида Россиянинг қатор йирик шаҳарларида мактаблар, ўқув юртлари, вокзаллар, бозорлар ва савдо марказлари эвакуация этилишган.

Хабарларга кўра, бунга у ерларда бомба ўрнатилганига оид аноним қўнғироқлар сабаб бўлган.

Аммо, маълум бўлишича, ҳозирча бу бино ва иншоотларнинг бирортасида бомба ва ёки портловчи ускуна топилмаган.

Би-би-си Рус Хизматининг хабар беришича, бунга ўхшаш ҳолат ўтган уч кун давомида - 10, 11 ва 12 сентябрь кунлари кузатилган.

Пермь, Петрозаводск, Екатеринбург, Челябинск, Омск, Уфа, Стерлитамак, Ставрополь, Красноярск, Владивосток, Магадан, Брянск, Калининград ва Южно-Сахалинскдагилар аноним қўнғироқлар нишонига айланишган.

Хабарларга кўра, бу ерларда яна шаҳар маъмурияти, болалар шифохонаси, аэропортлар, кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналар, бозорлар, кинотеатрлар, пенсия жамғармалари, банк бўлимлари, гипермаркетлар ва ҳатто, ОИТС марказидагилар ҳам кўчирилган.

Ўтган уч кун ичида ўнлаб бинолардан эвакуация этилганларнинг сони бир неча ўн минг кишига етган.

Бу каби қўнғироқлар ортидан, Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги ходимлари айрим биноларнинг титпитини чиқариб ташлашга мажбур бўлишган.

Россия, ИШИД, Толибон?..

ИШИД: 'Доғистонда биз ҳужум қилдик'

Тафсилотлар

Шунга ўхшаш аноним қўнғироқлардан бири ҳақида Петрозаводскдаги минтақавий парламент матбуот хизмати ходимаси Жанна Андросова "Интерфакс" ахборот агентлигига айтиб берган.

Унга кўра, "номаълум шахс қабулхоналаридан бирига телефон қилган. Котибага, "Мени диққат билан эшит. Сиз жойлашган бино, яна аэропорт, вокзал ва савдо марказига ҳам мина ўрнатилган", - деб айтган".

Матбуот ходимасининг айтишича, қўнғироқ қилган эркак киши бўлган ва овози ҳам табиий янграган.

Маҳаллий масъулларга кўра, Челябинксда яширинча қўнғироқ қиларкан, номаълум шахс IP-телефонидан фойдаланган.

Ставрополлик масъулларнинг маълум қилишларича, полиция 11 сентябрь кунининг ўзида савдо иншоотлари, офислар, ўқув даргоҳлари ва бошқа маъмурий биноларга портловчи ускуна ўрнатилганига оид 42 та қўнғироқ олишган.

Аммо текширувлари бу қўнғироқлар барчасининг битта номердан қилинганини кўрсатган.

Красноярскда номаълум шахс полициядагиларни "безовта қилиб ётмасдан", тўғридан-тўғри, гўёки, биносига бомба ўрнатилган ташкилотларнинг ўзига қўнғироқ қила қолган.

Қатор Россия оммавий-ахборот воситалари бу каби оммавий сафарбарликка аксилтеррор машқлари сабаб бўлганини ёзиб чиқишган.

Аммо Россия бўйлаб аксарият полиция бошқармасидагилар бу каби хабар ва фаразларни рад этишган.

Омск вилояти Ахборот сиёсати Бош бошқармасидагилар шунга ўхшаш ўқув машқлари ҳақиқатан ҳам режаланганини баён қилишган.

Аммо аноним қўнғироқларнинг бунга ҳеч бир алоқаси йўқлиги, шунчаки, уларнинг "бир пайтга тўғри келиб қолгани"ни айтишган.

Россия сўнгги бир неча ойнинг ўзида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан қатор ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати вазиятни кузатиш ва бу шаҳарларда бўлган Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг аҳволларини ўрганиш ҳаракатида. Бизни кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар