Тошкентдаги мега палов Жанубий Корея қолиб, Германияда ҳам акс-садо берди

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи chustiy

У ерда бўлган асли ўзбекистонлик журналист Ҳулкар Норқобилованинг айтишича, ўзбек паловининг Гиннес рекордлар китобига кириши Германиядаги айрим йирик оммавий-ахборот воситаларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган, маҳаллий аҳолининг ҳам яхшигина қизиқишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 8 сентябрь куни ўрнатилган янги рекорд Германияда, "Гуруч ғолиб чиқди", "Дунёдаги энг оғир - 8 тонналик палов пиширилди", деган сарлавҳаларда ўз ифодасини топган.

"Ҳайрат, қизиқиш, яхши ният, бу каби чиқишларда фақат шу каби мазмун ва кайфиятни уқишингиз мумкин эди", - дейди Германиядан бу суҳбатдош.

"Германияда ким паловни татиб кўрган, шуни бир еб кўрган бўлса, қандайдир "Оҳ-ҳҳҳ", деб эслайди, яна бир марта шуни татиб кўрсайдим, дейди".

Журналист суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, Германияда гуручли таомлар жуда кўп ва айниқса, осиёликлар томонидан кўп истеъмол қилинади, аммо айнан ўзбек палови у ердаги барчада жудаям яхши тассурот қолдиради.

Унга кўра, худди шу боис ҳам, Ўзбекистоннинг ўзида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган биринчи ўзбек миллий таоми - паловга оид хабар, биргина ўзи билган немислар мисолида айтганда ҳам, яхшигина қизиқиш билан қарши олинган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Германиядан уюштирган бу суҳбатига мана бу линк орқали қулоқ тутишингиз мумкин.

Ўзбекистон: Ўзбек палови Гиннес рекордлар китобига кирди

Тошкентдаги "рекорд палов" ур-йиқитга сабаб бўлди

Мега палов ва Жанубий Корея

Ўзбек паловининг Гиннес рекордлар китобига киритилишидан саноқли кунлар ўтиб, унга бўлган талаб ва қизиқишнинг Жанубий Кореяда ҳам кескин ошгани маълум бўлган.

Бу ҳақда айни ғоя ташаббускори бўлган ўзбекистонлик таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий ўзининг "Facebook"даги аккаунтида ёзиб қолдирган.

11 сентябрь санаси остида қолдирилган бу постда Баҳриддин Чустий, "Бугун Кореядаги "Lazzat" ресторани раҳбари телефон қилиб, Гиннес ошидан кейин савдомиз бир неча баробарга ошди, одамлар ўша Гиннесга кирган ошни ейиш учун 'оқиб' келмоқда дедилар", - деб ёзган.

"Шундай маълумотларни эшитиб сарфлаган вақт ва умримиз зое кетмаганига хурсанд бўлар экансан", - дея қўшимча қилган Баҳриддин Чустий.

8 сентябрь куни Тошкентда Milliy TV томонидан уюштирилган "O'zbegim" фестивали доирасида дунёдаги энг катта — 7 тонна 360 кг миқдорда палов тайёрланган ва у Гиннесснинг рекордлар китобига киритилганди.

Аммо бу ғоя, ташаббус ва унинг ижроси ижтимоий мулоқот тармоқларида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Табрик, олқиш, хурсандчилик, ифтихор баробарида бунинг ортиқча исрофгарчилик экани, мега паловга кетган шунча сарф-харажатни ундан кўра бошқа хайрлироқ мақсадларга нега сарфланмагани ва ёки ўзбеклар шу каби рекордларни илм-фан соҳасида қачон ўрнатишларига оид танқидлар ҳам янграган.

Аммо, бунинг зиддига, ўзбекистонлик ошпазларнинг бу каби оламшумул ташаббусларини қўллаб-қувватлаган, ҳар ким ўз соҳасида бу каби ютуқларни такрорласа, Ўзбекистон дунёнинг энг илғор давлатлари сафидан жой олишига оид фикрларни илгари сурган ўзбекистонликлик ҳам озмунча бўлмаган.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Германиянинг ўзида ҳам шунга ўхшаш рекорд ўрнатилган, баварияликлар дунёдаги энг катта гамбургерни пишириб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришганди.

Германиядан журналист суҳбатдошимиз Ҳулкар Норқобилованинг айтишича, бунга ўхшаш ташаббуслар Германияда " қандайдир бир хурсандчилик, халқ сайили, кўнгил ёзиш" ҳаракатлари сифатида кўрилади, танқидлардан деярли холи ўтади.

"Мана шу гамбургернинг бир бўлаги 4 евродан сотилган ва 10 минг евро пул йиғилган. Энди эса, бу маблағ хайрия мақсадларига сарфланади, яъни бекор кетмайди", - дейди у.

Ўзбекистонда тайёрланган мега-паловнинг "Мурувват", "Саховат" қариялар ва ногиронлар уйларига, шунингдек, тадбир ҳудудида махсус ташкил этилган 14 жойда фестиваль меҳмонларига тарқатилиши хабар берилган.

Аммо тайёр паловни тарқатиш жараёнида у ерга йиғилган одамлар ўртасида ур-йиқит келиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган, бу каби тасвирлар бўй кўрсатган қисқа видеолавҳалар турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам пайдо бўлган, аммо улар аксарият ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан кескин қораланганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02