Москвадаги "Ўзбекистон кунлари" бўш залларда ўтди

Элдор Эркин
Image caption Элдор Эркин

11-15 сентябрь кунлари "Россияда Ўзбекистон кунлари" бўлиб ўтди. Тадбирнинг тантанали маросимлари Давлат Кремль саройида бошланиб, "Космос" концерт залида якунланди.

Қизғин концерт дастури ва машҳур хонандалар иштироки, таклиф этилган меҳмонларнинг кўплигига қарамай, Кремль концерт зали томошабинлар билан тўлмади.

Видео материални томоша қилинг

Кремль саройидаги очилиш маросимида Муножот Йўлчиева, Мансур Тошматов, Муяссар Раззоқова, Севара Назархон, Гулсанам Мамазоитова, Юлдуз Турдиева, Рамиз Усмонов, "Учқудуқ" ва "Ялла" гуруҳлари каби санъат усталари қаторида "Ўзбекистон" ва "Навбаҳор" рақс ансамбллари, Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги созандалар гуруҳи, Ўзбекистон симфоник оркестри, опера ва балетчилари иштирок этди.

Москвада Озодбек Назарбеков концерти огоҳлантиришсиз бекор қилинди

Сардор Раҳимхон ва Жонибек Муродовлар дуэти 'хит'га айланмоқда

Саноқли кунлар қолганда эълон қилингани учун Москвадаги ўзбекистонликларнинг кўпчилиги концертлардан бехабар қолди. 1000 нафар томошабинга мўлжалланган зал ўриндиқларининг катта қисми бўш қолди.

Ваъда қилинган ҳалқ артисти ва Кремль саройида иштирок этган машҳурларнинг бир нечаси "Космос"даги концертда қатнашмади. Концертларда миллий куй қўшиқларини соғинган ўзбекистонликлар даврани ўз рақслари билан қиздирдилар.

"Ўзбекистон кунлари" иштирокчилари бундай кенг миқёсли тадбирлар сўнгги 20 йил ичида биринчи бор ўтказилаётганлигини таъкидлашди.

"Космос" концерт залида зални тўлдириш учун 2 кун олдин концертда Юлдуз Усмонова иштирок этиши эълон қилиниб, чипталар тарқатилди.

Бўш жойлар кўплигидан ташкилотчилар концерт залининг балконидагиларни пастга тушиб ўтиришлари мумкинлигини эълон қилди. "Космос"да эса эълонга ҳам ҳожат қолмади, олдинда ҳам бўш ўриндиқларнинг кўплигини кўрган томошабинларнинг ўзлари саҳнага яқин жойларга ўтиб ўтиришди.

Ҳар икки концертга чипталар бепул тарқатилган. Шунга қарамай, залларнинг тўлмаганлигининг сабаби - ташкилотчилар концертларга ўзбекистонликларни тоифага ажратиб таклиф қилганлигида, дея изоҳланмоқда. Маросимларга ташриф буюрувчиларнинг аксар қисми келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россиядаги хос тоифа вакиллари ва зиёлилари эди.

Концертларда Россиядаги ўзбекистонликларнинг энг кўп сонли қисми бўлган оддий меҳнат муҳожирлари деярли кўринмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар