Остонадаги қурилишда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди

қурилиш Фото муаллифлик ҳуқуқи astana.gov.kz
Image caption Ўзбекистонлик қурувчилар бетон девор ва ғиштлар остида қолган

Қозоғистон пойтахти Остонада қурилаётган уй бетон плитаси ва девори қулаши натижасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Яна бир ўзбекистонлик шифохонага ётқизилди.

Ҳодиса 17 сентябр маҳаллий вақт билан соат 12 га яқин содир бўлган. Бу ҳақда Остона ҳокимияти расмий сайти хабар бермоқда.

"Бузилиш натижасида дастлабки маълумотларга кўра 3 киши жабрланди. Уларнинг икки нафари вафот этди, бир киши шифохонага ётқизилди. Ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари", дейилади хабарда.

Ҳодиса жойига етиб борган 15 қутқарувчи деворлар орасидан жабрланганларни чиқариб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Astana.gov.kz

Шаҳар Ички ишлар департаменти ўринбосарининг топшириғи билан тезкор-тергов гуруҳи тузилди.

Ушбу қурилиш объекти буюртмачисидан торти уни ижро этаётган масъул шахсларнинг барчаси тергов-суриштирув ишлари учун шаҳар ички ишлар департаментига олиб келинган.

Қозоғистонда мустақил манбаларда турли мавсумларда 1 миллионга яқин меҳнат муҳожири ишлаши айтилади.

Муҳожирларнинг кўпчилиги деҳқончилик каби мавсумий ишларда ишласа, уларнинг бир қисми қурилиш объектларида меҳнат қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қурилиш объектларида ишлаётган кўпчилик ўзбекистон мигрантларнинг ҳуқуқи ҳимояланмаганини айтишади.

Арзон ишчи кучи бўлган ўзбекистонликлар қурилиш объектларида шароити йўқ жойларда яшашга ва бошқалардан камроқ маош олиб ишлашга мажбур.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ