Наманган ҳокими тўйларни камхарж қилмоқчи: куёв нонуштасиз қолиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи zamin.uz
Image caption Аввалроқ Президент Мирзиёев дабдабали тўй-маъракаларни танқид қилган эди.

Наманган вилоят ҳокими тўй-ҳашам ва маърака-маросимларни ихчамлаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этган.

11 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига жойлаштирилган лойиҳада ҳоким Хайрулла Бозоров тўй-маъракаларни бир кунда ўтказиш, уларнинг вақтини 3 соатдан оширмаслик ва меҳмонлар сонини 250 киши билан чеклаб қўйишни таклиф этган.

Тўйга таклиф этиладиган навбатчи санъаткорлардан ташқари "қўшимча санъаткорлар" сони 2-3 нафардан ошмаслиги керак.

Лойиҳада шунингдек, совчиликка фақат икки кишини юбориш, совчиларни оддий дастурхон билан кутиб олиш ва куёв келинга қиладиган ҳадя нархини энг кам иш ҳақининг ( 149 775)10 баробари миқдорида белгилаб қўйиш тавсия қилинган.

Келин-куёв кортежи 3 та автоуловдан ошмаслиги керак.

Тўйдан кейин ҳеч қандай базм ва зиёфатларга йўл қўйилмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Халқаро пресс-клуб
Image caption Хайрулла Бозоров қарор ижросини шахсан назорат қилишини айтган

Наманган шаҳри ва бошқа айрим ҳудудларда тўйдан кейин 1 ой, ҳатто 40 кунгача куёвга нонушта ташиш анъанаси мавжуд.

Ҳоким "Фотиҳа туй" ва "унаштирув" маросимларини қўшиб юбориш ҳамда уларда иштирок юбориладиган одамлар ва тоғоралар сонини 2-4 тадан оширмасликни таклиф қилмоқда.

Унга кўра, учрашув чоғида томонлар тўйни ихчам қилиб ўтказиш борасида келишиб олишлари керак бўлади.

Ҳоким яқин қариндошларнинг никоҳ қуришлари устидан назоратни кучайтириш, бундай никоҳларга йўл қўймасликни таклиф этган.

Шунингдек, ФҲДЁ лар касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизлари талим муассасасини тамомламагунича никоҳни расмийлаштирмайди ва ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларида коррупция ҳолатларига йўл қўйилмайди.

"Тўй ва маросимларда жамоат тартибини сақлаш ва тадбирларни кеч (соат 20:00)гача чўзилиб кетишини олдини олиш мақсадида профлатика инспекторлари томонидан қатъий назорат ўрнатсин", дейилада лойиҳада.

Ҳоким вилоят прокуратураси ва адлия бошқармасига қарор билан белгиланган тартибга амал қилиш устидан қатъий назорат ўрнатишни топширган.

Наманган вилоят ҳокими қарор ижросини шахсан назорат қилишини айтган.

Фуқаролар муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига ўзгартиришлар таклиф этишлари, уни маъқуллаш ёки рад этишлари мумкин.

Аввалроқ Президент Мирзиёев дабдабали тўй-маъракаларни танқид қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02