Ўзбек футболи: 'Хорижлик янги Бош мураббийни танлашда пул энг муҳими бўлмайди '

Санжар Ризаев Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Бўлажак номзодни танлашда эса, "пул эмас, энг аввало унинг лаёқати, нималарга қодирлиги ва тажрибасига қаралади".

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расман билдиришича, мамлакат миллий терма жамоасига янги Бош мураббий тайинлашда ҳозир фақат хорижлик мураббийлар номзоди кўриб чиқилмоқда.

Аён бўлишича, бу - федерациянинг янги раҳбарияти олдидаги зудлик билан ҳал қилинадиган бешта устивор масаладан биринчиси бўлади.

Миллий терма жамоанинг сўнгги Бош мураббийси Самвел Бабаян шу йилнинг 7 сентябрь куни истеъфога чиқарилган.

Бунга жамоанинг 2018 йилги жаҳон чемпионатига ҳам чиқа олмагани сабаб бўлганди.

Жамоа ўз майдони - Тошкентда бўлиб ўтган ҳал қилувчи сўнгги ўйинида нақд йўлланмани бой берганди.

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, хорижлик янги Бош мураббий - мамлакатнинг чорак асрдан ортиқроқ мустақиллик тарихида Ўзбекистон миллий терма жамоасига бошчилик қилажак 21-мураббийси бўлади.

Бошқа томондан, у орада кечган вақт давомида терма жамоага Бош мураббийлик қилажак саккизинчи хорижий мураббийга айланади.

Таъкидлаш жоиз, бирор бир мураббийи бошчилиги остида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жаҳон чемпионатига чиқиш шарафи насиб этмаган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Санжар Ризаев билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатига мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси яна кутилмаган баёнот билан чиқди, янги президенти эса виртуал қабулхона очди

Ўзбекистон: Умид Аҳмаджоновнинг 'кимлиги маълум бўлди'

Танлов, умидлар, истаклар...

"Албатта, бу ерда, биринчи навбатда, ҳозирги кунда терма жамоани мана шундай қийин даврдан олиб чиқиб кета оладиган, ишқибозларнинг ва халқнинг ишончини яна терма жамоага қайтара оладиган мураббий керак бўлади", - дейди сўнгги янгилик юзасидан Ўзбекистон Футбол Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Санжар Ризаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизга кўра, "энг аввало жамоани ўша бир оила, бир тану бир жон қилиб сақлаб тура оладиган, малакали, ўзининг шартларини қўя оладиган ва ана шу шартларига жавоб бера оладиган мураббий"га эътибор қаратилади.

"Чунки ҳозир бизга конкрет натижа керак, бу - жаҳон чемпионатига чиқиш. Ана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай оладиган мураббий керак бўлади".

Айниқса, миллий терма жамоанинг бу галги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларидаги мағлубияти ортидан, янги Бош мураббийнинг ким бўлиши ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ва шу соҳада қалам тебраётган маҳаллий журналистлар учун энг муҳим масалалардан бирига айланган.

Аксарият устиворликни хорижлик мутахассисга берган, Самвел Бабаян истеъфосидан ҳеч қанча вақт ўтмай, уларнинг "ўз" бўлажак Бош мураббийликка номзодлари рўйхати интернетда "қўлма-қўл" бўлиб кетганди.

Сўнгги янгилик танқидчиларига кўра эса, "Ўзбек футболини лозим даражага кўтармай туриб","Ўзбек футболидаги барча муаммоларга барҳам бермай туриб", "рисоладагидек янги миллий терма жамоа шакллантирмай туриб", "хориждан Бош мураббий келтириш муддатидан илгари ва бекорга қилинган иш бўлади".

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, "фақат хорижлик Бош мураббий"га оид расмий хабар Умид Аҳмаджоновнинг Ўзбекистон Футбол Федерацияси янги президенти этиб сайланишидан бир ҳафта ўтиб ўртага чиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар