Бош вазир талаба ва ўқитувчиларни пахтадан қайтаришга "буйруқ берган"

Image caption Би-би-си манбалари талаба ва ўқитувчиларнинг пахтадан қайтарилаётганини тасдиқламоқда

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахта далаларидаги талабалар, ўқитувчи ва шифокорларни қайтаришга буйруқ берган.

Бу ҳақда kun.uz сайти пайшанба кечаси ҳукуматдаги манбасига таяниб, хабар тарқатди.

Би-би-сининг Халқ таълими ва Олий таълим вазирликлари ҳамда қатор вилоят ҳокимликларига бу ҳақда қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.

Айни пайтда жойлардаги манбалар талабаларнинг пахтадан қайтарилаётганини тасдиқламоқда.

Шу билан бирга, Би-би-си суҳбатлашган ўқитувчи ва бошқа ҳашарчилар пахта учун "кунлик тўлов" амал қилгани ва ҳозирда бу тўловларнинг қайтарилиш-қайтарилмаслиги билан боғлиқ саволлар пайдо бўлганини айтишди.

"Ўқитувчилар ҳозирча ҳайрон. Кунлик тўлов бор эди. Мактабга бораман ҳозир. У ердаги вазиятни билай-чи", - деб айтди Би-би-сига фарғоналик ўқитувчилардан бири.

Шунингдек, пахтадан қолиш учун пул берганлар ҳам пулларининг қайтарилишини талаб қилаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Самарқандлик журналист Шуҳрат Шокиржонов Фэйсбукдаги саҳифасида "Ҳамма қолишга 300-400 дан берган. Талабалар ота-онаси билан декан, зам декан, отряд раҳбарлари хонаси олдида тизилиб олган, 100 дан зиёд киши. Пулни қайтариб олиш учун))) даҳшатни ўзгинаси" деган хабарни кўчириб босган.

"Ёғ, шакар, гуруч берганлар нарсаларини қайтариб олишга машинаси билан келган", дейилади унда.

Журналист хабар манбасини очиқламаган ва ҳодисанинг қайси олий ўқув юртида бўлаётганига ҳам ойдинлик киритмаган.

Хабарларга кўра, пахтани аҳолининг банд бўлмаган қатламлари ва Ёшлар Иттифоқининг "уюшмаган ёшлардан ташкил топган"и айтилган "Фидойи ёшлар отрядлари" теради.

Бу йилги пахта кампанияси ҳам қурбонларсиз бўлмаган.

Мавсум бошидан буён камида учта ўлим ҳолати ҳақида хабар олинган.

Пайшанба куни Ёшлар Иттифоқи ташкилоти 16 сентябр куни Жиззахда Гулзода Тожибоевани пахтадан қайтаётган автобус уриб кетганини тасдиқлаган.

Шу билан бирга ташкилот 46 ёшли Тожибоеванинг Ёшлар Иттифоқига алоқаси бўлмаганини айтган.

Тунги қарор

Kun.uzнинг ёзишича, мажбурий-ихтиёрий ҳашарчиларни қайтариш ҳақидаги қарор 21 сентябр куни кеч соат 23 да ўтказилган шошилинч видеоселекторда олинган.

Бош вазир уларни даладан қайтариш учун 22 сентябрь куни соат 17:00га қадар муҳлат бергани айтилади.

Пахтага жалб қилинган талабалар ва бюджет ходимларининг сони борасида расмий маълумот йўқ.

Халқаро инсони ҳақлари ташкилотлари ҳар йили 1 миллион аҳолининг мажбуран пахтага ҳайдалишини айтадилар.

Айрим хабарларга кўра, талабалар ва бюджет ходимларининг пахтадан қайтарилиши Халқаро меҳнат ташкилоти ҳайъатининг Ўзбекистондаги мониторинги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо бу каби мониторинг ўтган йилларда ҳам ўтказилган, лекин ҳашарчилар оммавий равишда пахта даласидан қайтарилмаганди.

Сешанба куни Президент Мирзиёев БМТдаги нутқида мажбурий меҳнатга барҳам бериш юзасидан "таъсирчан чоралар"ни кўрганликларини айтган.

"Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди", деган Президент ўз нутқида.

Айни пайтда Президент мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини иддао қилмаган.

Ўтган йил декабрида Европа парламенти Ўзбекистон билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат боис кечиктириб келинган "тўқимачилик протоколи"ни маъқуллаган, аммо мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатишини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02