Москвада оммавий муштлашган мигрантлар қамоққа олинди

мигрант

20 сентябрь соат 21 ларда пойтахтдаги "Москва" савдо маркази ёнида оммавий жанжал бўлди. Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, унда 150 дан зиёд муҳожир иштирок этган. Жанжал полиция ва Росгвардия ходимлари томонидан бостирилган. 50 дан ортиқ муҳожирлар полиция маҳкамасига олиб кетилган.

МДҲ давлатлари муҳожирлари меҳнат ва ижтимоий ҳимояси Федерацияси президенти Каромат Шарипов жанжалга савдо маркази қўриқчиси ва юк ташувчи бўлиб ишлайдиган тожикистонлик муҳожир орасидаги келишмовчилик сабаб бўлганлигини билдирди.

- Соат 14:30 ларда савдо маркази қўриқчиси тожикистонлик муҳожирни бино ёнидаги чиқиндихонада ҳушидан кетгунча калтаклаган. Сўнг воқеани ўз бўйниларидан соқит қилиш учун марказ ходимлари билан биргаликда беҳуш муҳожирни савдо маркази ҳудудидан узоқроқ жойга олиб бориб ташлашган. Муҳожирни такси ҳайдовчилари кўриб қолиб, "Тез ёрдам" чақиришган, - дейди Шарипов.

Қўриқчи тожикистонлик муҳожирни урганлигини эшитган унинг яқинлари ва юртдошлари "Москва" савдо маркази ёнига йиғилишган. Тихорецк бульварига жам бўлган муҳожирлар савдо маркази маъмуриятидан муҳожирни урган қўриқчини жазолашларини талаб қилган. Маъмурият эса полиция чақирган.

Каромат Шариповнинг айтишича, "Люблино" полиция маҳкамасига 200 га яқин тожикистонликлар олиб кетилган. Маҳаллий ОАВларда маҳкамага олиб кетилган муҳожирлар сони 50 га яқин, дея билдирилмоқда.

Маълумотларга кўра, жабрланган 27 ёшли тожикистонлик муҳожир "Тез ёрдам"да 68-шифохонага элтиб жойлаштирган.

Касалхона шифокори "НТВ" телеканалига берган интервьюсида "муҳожирнинг танасида калтак аломатлари йўқ"лигини айтди. Шу билан бирга жабрланувчига "бош мия чайқалиши" ташхиси қўйиш мумкинлигини билдирди.

Айни пайтда муҳожир жойлашган 68-шифохона 10 га яқин полиция ҳодимлари томонидан навбатчилик билан қўриқланмоқда.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Би-би-сига мазкур ҳодисани тасдиқлади. Матбуот хизматини савдо маркази ёнидаги воқеа маиший келишмовчилик сифатида изоҳланишини билдирди, аммо қўлга олинганлар сонини очиқламади.

Полиция маҳкамасидаги муҳожирларнинг шахслари аниқланиб, РФ ҳудудида қонунийлик мақомлари текширилаётгани маълум қилинди.

Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар