Самарқандда ака ўз синглисини, тоға жиянини зўрлаган

Ота ва қиз ёки ака ва сингил ўртасидаги жинсий зўрлашлар асосан қишлоқ жойларда учрайди
Image caption Ота ва қиз ёки ака ва сингил ўртасидаги жинсий зўрлашлар асосан қишлоқ жойларда учрайди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида ака синглисини зўрлаб ҳомиладор қилиб қўйгани ҳолати тингланди. Би-би-си Ўзбек хизмати изланишидан маълум бўлишича, яқин қариндошлар ўртасидаги жинсий зўрлашлар асосан қишлоқ жойларда учрайди ва сўнгги йилларда кескин кўпайган.

Ака синглисини зўрлаб ҳомиладор қилганлиги тўғрисидаги тафсилотлар янги туғилган чақалоқларнинг чала куйдирилган жасадлари юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкама доирасида маълум бўлди. Ушбу жиноий иш жараёнида яна бир инцест - тоғанинг ўз жиянини зўрлагани ҳам ўрин олган.

Инцест (яқин қариндош билан жинсий алоқа қилиш) қурбонлари ва иштирокчилари бошқа бир иш юзасидан кўрсатма бериш учун судда иштирок этмоқда.

Би-би-си ушбу ишда айбланаётганларнинг Самарқанд терговчилари томонидан қийноқларга тутилгани ва 8 яшар қизчани онасининг кўз олдидиа зўрлаш билан таҳдид қилишгани ҳақида ёзган эди.

Суд жараёнини яқиндан кузатиб бораётган Би-би-си Ўзбек хизмати манбасининг айтишича, судда акасидан ҳомиладор бўлиб қолган қизнинг ҳикояси тингланган.

Самарқанддаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олувчи ва вилоятдаги туманлардан бирида истиқомат қилувчи 24 ёшли талаба 2016 йили 17 ёшли синглисини зўрлаган. Маҳкама жараёнида қиз акаси томонидан икки марта зўрланганини ва натижада ҳомиладор бўлиб қолганини айтган.

Ҳакамнинг нима учун учун ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилмадинг деган саволига қиз онаси ва отаси томонидан босим остида қолганини айтган.

Би-би-сига маълум бўлишича, шу йилнинг феврал ойида акасидан ҳомиладор бўлган қиз онаси билан Самарқанд шаҳридаги хусусий клиникалардан бирига келади. Она клиника ходимларига қизини бузуқ эканлиги ва бошқа одамлардан бола орттириб олганини айтади.

"Қиз акасидан ҳомиладор бўлгач, дардини ҳеч кимга айтмай юраверган. Қорин каттариб ўзини осишга ҳаракат қилганида онаси билиб қолган ва хусусий гинекологик клиникага олиб келган. Клиника ходимларига қизини бузуқ ва бошқалар билан юриб ҳомиладор бўлганини айтган. Қиз ультратовушли ускунага туширилганида ҳомиланинг урод (мажруҳ) эканлиги кўринган", - дейди хусусий клиникага яқин Би-би-си манбаси.

Клиника ходими 17 ёшли қизларнинг ҳомиласи мажруҳ бўлиши кам учрашини ва бунинг сабабларидан бири яқин қариндошлар билан жинсий алоқа бўлиши мумкинлигини айтган. У қиздан нима бўлганини сўраганида қиз йиғлаб акасидан ҳомиладор бўлганини ва онаси тергагани учун уни ҳеч ким айта олмаслигини билдирган.

Маҳкама жараёнида унга кейинчалик терговчилар томонидан ҳам судланувчига нисбатан қоралов кўрсатмасини ёзиб бериш учун босим бўлганини гапирган.

Суд жарёнида яна бир ҳолатда тоға ўз жиянини зўрлаб ҳомиладор қилиб қўйгани янграган.

Кузатувчилар яқин қариндошлар ўртасида жинсий зўравонлик ва ҳомила орттиришлар йилдан йилга кўпаяётганини айтади.

"Бу ҳолат асосан қишлоқ жойларида кўп бўлади. Ўзим 2008 йилгача Самарқанддаги хусусий клиникаларнинг бирида акушер-гинеколог бўлиб ишлаганман. Ҳомиласини олдириш учун ўша вақти бир йилда камида учта - отаси, акаси ё бошқа яқин қариндошидан ҳомиладор бўлиб қолган қизлар келарди. Самарқандда 5 та ана шундай клиника бўлганини ҳисобга олсак унинг кўламини тасаввур қилиш мумкин. Врач танишларимнинг айтишича, сўнгги йилларда бу ҳолат кескин кўпайган", дейди собиқ акушер гинеколог.

Унинг айтишича, бундай ҳолатларга тушган қизлар асосан вояга етмаган бўлади ва ҳуқуқи ҳимояланмаган. Яқинларидан ҳомиладор бўлган бу қизлар оила шарманда бўлмаслиги учун онаси ва отаси босими остида қолиб кетади.

"2000 чи йилларнинг бошида бобоси ўз неварасини зўрлаб ҳомиладор қилиб қўйганига шахсан гувоҳ бўлганман. Бобо қизчани 9 ёшдан 14 ёшгача зўрлаган. Бўйида бўлиб қолгач клиникага олиб келган. Биз қонунга амал қилиб вояга етмаганларга уйда зўравонлик кўрсатилган деган шубҳа билан прокуратурага бердик. Аммо бобога жазо қўлланилмади. Иш босди-босди бўлиб кетди", - дейди у.

Ўзбекистонда инцест ҳолатлари, яъни яқин қариндошлар томонидан қизларнинг зўрланиши ҳақида хабарлар матбуотга деярли чиқмайди.

Жимлик жамиятдаги шаклланган анъаналар бундай ҳолатларнинг борлигини тан олишга ва уни ошкор қилишга йўл қўймаслиги билан изоҳланади.

Мутахассислар бундай ҳолатлар йилдан йилга кўпайиб бораётганини ва ёшликда руҳий зарба олган қизлар 30 ёшдан сўнг ушбу ҳолатларни кўтара олмасдан жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантиришади.

Би-би-си билан гаплашган манбаларнинг айтишича, акаси ёки отасидан ҳомиладор бўлиб қолган қизлар кўп ҳолатларда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлади ва шунга ҳаракат қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02