Ўзбек мигранти ичак-чавоғи осилган ҳолатда шифохонадан чиқариб юборилди

Жавлонбек Латифжонов Москвадаги қурилиш ташкилотларининг бирида ишчи бўлиб ишлаган
Image caption Жавлонбек Латифжонов Москвадаги қурилиш ташкилотларининг бирида ишчи бўлиб ишлаган

24 ёшли Жавлонбек қурилиш биносининг 6-қаватидан тушиб кетган. Фарғоналик меҳнат муҳожири вертолётда ҳушсиз ҳолда шифохонага етказилган. Жонлантириш бўлимидаги 10 кунлик муолажалардан сўнг ўзига келгач, даволаниш бўлимига ўтказилган.

Жавлонбек Латифжонов Москвадаги қурилиш ташкилотларининг бирида ишчи бўлиб ишлаган. Москвага шу йилнинг февраль ойида келган эди.

"Уйланишим учун ишлаб пул йиғмоқчи эдим", дейди Жавлонбек.

Видеони томша қилиш учун линкни босинг

31 август куни пойтахтдаги қурилиш биноларининг бирида бахтсиз ҳодиса юз берди. Жавлонбек ишлаётган 6-қаватда арматура силжиб кетиб, пастга қулаган ва ерда ётган арматура бўлаклари устига қорни билан тушган. У вертолётда Н.В.Склифосовский номли шифохонага етказилиб, шошилинч операция қилинган.

Шифохона маъмурияти муҳожирни жонлантириш бўлимидан даволаниш бўлимига ўтганидан кейинги кунларда тиббий хизматларни пулли этиб белгилаган. Муҳожирнинг айтишича, Москвада ҳамкасбларидан бошқа ҳеч кими бўлмагани сабабли, шифохона пули тўланмаган. Шифокорлар оғир аҳволдаги Жавлонбекни касалхонадан чиқариб юборишган.

"Қорним ёрилиб, ичакларим ташқарига чиқиб кетган. Касалхона чиқариб юборган куни совуқ ўтиб ичаклар йиринглаб кетибди. Аҳволим баттар оғирлашди. Ҳамкасбларим қарз ҳавола қилишиб касалхона пулини тўлашди. 50 минг рубль (800 доллар) тўланган, жой учун кунига 6000 (100 доллар) рублдан ёзилаяпти. Дори-дармонлардан ташқари ҳар бир куни учун пул ёзиб борилаяпти. Қандай тўлайман, билмайман", - дейди Жавлонбек.

Унинг айтишича, ота-онаси ҳалокатдан хабар топишган, хавотирда. Аммо Фарғонадан Москвага келиб ўғилларини кўришга ва даволаниш ҳаражатларини тўлашга қодир эмас.

- Кўриб турганингиздек, беморнинг аҳволи оғир. 20 кун ичида 2 бора операцияни бошидан кечирди. Олдинда яна ичакларини жойига солиш операцияси ўтказилиши лозим. Унга мунтазам қаров, узлуксиз муолажалар зарур. Яхшики, йигитча жисмонан ва руҳан кучли экан, соғлигини тиклашига имкон бор, - изоҳ берди Н.В.Склифосовский номли шифохона бўлим мудири Андрей Оранский Би-Би-Си ўзбек хизматига.

Шифокорнинг айтишича, Латифжоновнинг йиртилиб кетган ичакларининг айрим қисмлари тикилган. Ичакларининг ташқаридаги қисми ахлат чиқариш учун шлангларга вақтинча уланган. Қорнидаги йиринглар махсус аппаратлар ёрдамида тинимсиз ювилаяпти.

"Реанимация мутлақо бепул. Аммо даволаниш бўлимидаги тиббий ҳаражатлар пуллик хизмат асосида", - дейди Оранский.

Би-Би-Сига маълум бўлишича, Латифжоннинг шу кунгача даволанишига кетаётган ҳаражатларнинг бир қисмини унинг ҳамкасблари, қолган қисмини суғурта компанияси тўлаган.

"Ҳозир фақат соғайиш ҳақида ўйлаяпман. Оёққа туриб уйга қайтгим келаяпти", дейди Жавлонбек.

Алоқадор мавзулар