Ўзбекистон қатор товарларга импорт божлари ва акциз солиқларини бекор қилмоқчи

гўшт

Бу қарорнинг қабул қилиниши сўмнинг конвертацияси бошланиши ортида ишлаб чиқилмоқда. Ҳукумат шу орқали мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган нарх-навонинг кескин ошиб кетишнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Чунки мамлакат ҳамон кўплаб истеъмол товарларининг импортига боғлиқ: агар курснинг бирлаштириши сабаб бож ва тўловлар ҳисобланаётганида уларнинг миқдори икки баробар ошадиган бўлса, бу нархларга ўз салбий таъсир қилмасдан қолмайди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги томонидан мамлакатга хориждан олиб келинадиган товарларга импорт божлари ва акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси эълон қилди.

Лойиҳада асосан озиқ-овқат маҳсулотлари: йирик ва кичик қорамол, қорамол гўшти, балиқ маҳсулотлари, сут, картошка, ёрма, ун ва бошқа маҳсулотларга импорт божини пасайтириш ёки бутунлай бекор қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қатор товарлар бўйича божларни ҳамда бир қатор товарларга акциз солиғини камайтириш таклиф этилмоқда. Қатор товарларнинг, масалан, автомобилларнинг импорт божлари ўзгаришсиз қолдирилган. Янги тарифлар 1 октябрдан кучга кириши мўлжалланган.

Бундан олдинроқ, 12 сентябрда Ўзбекистон президентининг 15 сентябрдан бошлаб шакар олинадиган маҳсулотларни (шакарқамиш, қандлавлаги шакари ва қаттиқ ҳолатдаги кимёвий тоза сахароза) олиб келишда божхона божини бекор қилиш ҳақидаги қарори эълон қилинган эди.

Мазкур қарорга кўра, сарёғ, соя ва кунгабоқар ёғлари, уруғ маҳсулотлари (картошка, буғдой, меслин, жавдар, арпа, жўхори, гречиха, соя, зиғир, кунгабоқар ва бошқалар), жавдар уни, қаттиқ буғдой ёрмаси ва дағал майдаланган уни, шакарқамиш шакари, какао донлари, фармацевтикада фойдаланилувчи хом ашё ҳамда жониворларни озиқлантириш учун айрим маҳсулотлар учун ноль фоизли божхона божини қўллаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб айрим маҳсулот турлари учун божхона тўловлари ставкалари камайтирилади. Бунда гап йирик шохли қора моллар, чўчқа гўштлари, чўчқа ёғи, парранда ёғи ва бошқа гўшт маҳсулотлари, кофе, буғдой уни ва шакарқамиш шакари ҳақида кетмоқда.

Шу ўринда бир нарсани олдиндан айтиб ўтиш зарур, дейди маҳаллий экспертлардан бири. Қайд этиш зарурки, мустақилликдан кейин ўтган 26 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти ўта ёпиқ ва импорт божлари қўшни давлатларга қараганда жуда юқори бўлган мамлакатга айланди.

Ҳукумат протекционистик сиёсат ўтказиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида мамлакат бозорини юқори божлар (масалан, янги автомобилларга солинадиган бож ва акциз солиқлари қийматини 130% атрофида оширди) ва акциз солиқлари билан ҳимоя қилишга уринди.

Бу эса кўп ҳолларда тескари натижа берди, яъни "қора бозор" иқтисодиётининг, мамлакатга олиб кирилаётган молларнинг аксар қисми ноқонуний йўллар билан божхоналарни четлаб ўтган ҳолда олиб кирилишига олиб келди.

Ўз-ўзидан маълумки, бу моллар расмий статистикадан ҳам ташқарида. Эндиликда эса, ҳукумат эркин бозор иқтисодиётига ўтиш асносида олдин ўрнатилган бож ва акциз солиқларини пасайтиришга мажбур бўлмоқда.

Иккинчи томондан, маҳаллий бозорда кучли рақиблар билан рақобатга учрамаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда маҳсулот сифатини ошириш, янгидан янги моллар ишлаб чиқариш, инновацион ишланмаларни жорий этишга рағбат йўқ. Чунки, ёпиқ бозор шароитида ушбу товарлар шундай ҳам сотилиб кетмоқда.

Айниқса, доллар курсларининг бирхиллаштирилишидан сўнг ушбу масала янги муаммолар келтириб чиқарди.

Яъни олдинлари расмий 4210,35 сўмдан ҳисоблаб бож тўланган товарларнинг божхона тўловлари бирданига қиматлашди.

Тошкентдаги чакана бозорлардан бирида савдо қилувчи савдогарлардан бирининг исми сир қолиши шарти билан айтишича, олдинлари бир чоракда 50 млн. сўм бож тўлаб олиб келадиган моллари учун янги курс бўйича деярли 100 млн. сўм бож тўлаш талаб қилинган.

Шу сабабли кўпчилик ҳали янги буюртма қилган молларини "растаможка" қилгани йўқ ва нима қилишга ҳайрон.

"Агар моларни янги белгиланган миқдордаги божларни тўлаган ҳолда олиб келсак, уларнинг нархини деярли 100% оширишга тўғри келади. Буни эса бозор умуман кўтармайди", дейди тадбиркор куюнчаклик билан.

Божхонадан тадбиркорларга молларни янги тарифлар бўйича расмийлаштириш, ёки якуний қарор қабул қилинганча кутиб туришни таклиф қилишган.

Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, мамлакатдаги "Korzinka.uz" супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов яқинда эркин конвертация механизмлари эълон қилинганидан сўнг билдирган кузатувларида ҳам агар божлар пасайтирилмаса, бу иқтисодиётга тескари самара бериши мумкинлигига эътибор қаратиб ўтган эди

"Божхона тўловлари, Президент Фармонида кўзда тутилганидек, импорт қилинадиган товарлар нархлари кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида бир ҳафта мобайнида қайта кўриб чиқилади. 20 фоизлик ҚҚС ставкаси сақланиб турадиган бўлса, айрим импорт қилинадиган товарлар нархи барибир ошиши мумкин. Агар бу топшириқ аниқ ва самарали бажарилмаса, чет элдан хар хил "қора" ва "соя" схемалар орқали товарлар олиб келиш кўпаяди. Бир тарафдан, бу давлат бюджетига тушумларга салбий таъсир кўрсатса, бошқа тарафдан бу "қора бозор" учун янги "ўлжа" бўлиб хизмат қилади, ҳамда у ерда валютага талабни орттиради, сўмга номутаносиб таъсир кўрсатиб, нақд пулларнинг банкдан ташқари айланишини кўпайтиради. Бир сўз билан айтганда, яхшиликка олиб келмайди. Шундай қилиб, барча турдаги импорт қилинадиган товарларга божхона божлари ва тўловларини имкон қадар тезроқ тушириш лозим."

Шу билан бирга, таниқли тадбиркор ўзининг Telegramдаги каналида барча тадбиркорлик субъектларига ўз банкларидан бозор шароитларида валюта харид қилиш учун тенг шароитлар яратилгач, бозорда қатнашувчилар сони ортиши, рақобат ошиши, натижада юзага келадиган тенг шароитларда импорт қилинадиган истеъмол товарларининг нархи яқин уч ой-ярим йилда пастга туша бошлашини ҳам прогноз қилиб ўтган.

Бож ва акциз солиқларининг қай даражада бўлиши 1 октябрда маълум бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар