Пахта – кўпчиликка келган тўй

Пахта йиғим– теримига сафарбарлик Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Пахтадан талабалар, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари қайтарилиши баробарида асосан қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи вақтинчалик ишсиз ёшлар, давлат ташкилотларида ишловчилар пахта теримига жалб қилинганлар, бу ишларни молиялаштиришга эса хусусий тижорий ширкатлар вакиллари устига юкланмоқда.

Қаҳрамон Қуронбоев ўйлаб топган "Фидойи ёшлар" ким?

Ўқитувчи ва талабаларни даладан қайтаришга ҳукуматни ким мажбурлади?

"Ўқитувчилар "мардикор" ниқоби остида ҳамон пахта термоқда"

Ўзбекистонда 22 сентябрда тўсатдан пахта далаларидан ўқиш ва иш жойларига қайтарилган олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ўрнига бюджет ташкилотлари ходимлари, асосан қишлоқларда яшовчи вақтинчалик ишсизлар, ёшлар, хусусий ташкилотлар, ширкатлар ходимларини жалб қилиш, ёки улардан пахта теримига одам топиб бериш талаб қилинмоқда. Жойлардан келаётган хабарларга кўра, айниқса, йирик тадбиркорлик субъектларидан пахтага теримчи топиб юбориш ва уларга ҳақ тўлаш вазифаси сўралган. Ёхуд пахта терими билан боғлиқ ишларда молиявий ёрдам кўрсатиш топширилган.

Хусусан, хусусий автомобиль ёқилғиси қуйиш шохобчасига эга бўлган сирдарёлик тадбиркорнинг сўзларига кўра, унга маҳаллий солиқ органи томонидан пахта теримига 30 киши топиб бериш вазифаси юклатилган. Бунинг устига, унга ҳар бир теримчига кунига 40 минг сўмдан пул бериш, теримчиларнинг келиш-кетиш харажатларини ўз бўйнига олиши талаб қилинган.

Шунингдек, пойтахт бозорларида савдо қилиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорлардан ҳам пахта терими учун молиявий ёрдам кўрсатиш сўралган. Исми сир қолишини сўраган пойтахтлик якка тадбиркорнинг сўзларига кўра, патенти бор ҳар бир якка тадбиркордан маҳалла қўмитаси орқали 500 минг сўмдан бериш "илтимос" қилинган.

Қишлоқ жойларда эса пахта терими муносабати билан ишсиз юрган ёшларнинг ошиғи олчи бўлиб қолган. Чунки уларга пахтага боришни истамаган шаҳарликларнинг ўрнига пул эвазига пахта териш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушган. Улардан бирининг айтишича, кўпчилик Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги пахта заводларига "бунтга" - пахта ғарамларида ишлашга йўл олган. Қатор ёшлар камида 1 млн сўм эвазига шаҳарлик қариндош ва танишларининг ўрнига пахтага кетган. Бундан ташқари,баъзи жойларда маҳалла қўмиталари 10 кун пахтага чиққан ҳар бир оилали ёшларга 6 ойлик пособие (ёш болали оилаларга давлат ҳисобидан бериладиган ёрдам пули) ёзиш таклифи билан чиққанлар. Шундан кейин пахтага чиқишни истаган кўнгиллиларнинг сони кескин кўпайган.

Айтиб ўтиш зарурки, бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган "Фидойи ёшлар отрядлари" вакилларини ҳам теримга жалб қилинмоқда. Маълумки, ушбу отрядлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи лойиҳаси бўлиб, банд бўлмаган ёшларга турли мавсумий ишларда иштирок этиш орқали даромад олиш имкониятини тақдим этади.

Олдинроқ Вазирлар Маҳкамасининг "2017 йил ҳосили пахта хом ашёсининг харид нархлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, қўлда терилган пахта хом ашёсининг 1 килограмми учун биринчи босқичда 450 сўмдан, иккинчи босқичда 2017 йил 1 октябрдан бошлаб 500 сўмдан тўлашга қарор қилинган.

Ўнлаб йиллардан бери талабаларни пахта теримига олиб чиққан университет домласининг сўзларига кўра, талабаларни пахта теримига жалб қилмаслик қарорини Ўзбекистон тарихидаги тарихий қарор дейиш мумкин. "Қолган масалалар бир-икки йилда аста-секин ўз-ўзидан ҳал бўлади", - дейди кўпни кўрган ўқитувчи.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда пахта мавсуми - "кўпга келган тўй"! Шу сабабли уни кўпчилик бўлиб териб олиш керак. Лекин аксар экспертларнинг фикрига кўра, пахта териш учун қачон яхши ҳақ тўланса, бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ