Маҳбусларни афв этишга Мирзиёевнинг ўзи бел боғлади

маҳбус Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда сўнгги йилларда илк маротаба маҳбусларни афв этиш ишлари тўғрисида Президент фармойиши чоп қилинмоқда. Шу вақтгача Президент маҳбусларни афв этиш қарорини таёрлаш бўйича Ўзбекистон сенатига тақдимнома берар эди.

Президентнинг маҳкумларни афв этиш бўйича материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида фармойишида илк маротаба бу соҳадаги камчиликлар эътироф этилган.

"Шу билан бирга, аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари шундан далолат бермоқдаки, суд амалиётида жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиб бўлиши, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи ва айбини енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш етарлича тўлиқ таъминланмаяпти.

Амалга оширилган ишлар натижасида 274 та жиноят ишлари бўйича айблов қайта малакаланганлиги, жиноят ишларининг 50 таси қонун ўзгариши, 805 таси жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги, 26 таси қилмишда жиноят таркиби мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатилганлиги бу ҳақда гувоҳлик бермоқда".

Қарор билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумлар шахсини ва уларга оид материалларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланган.

Ушбу комиссия минтақаларга бўлиб чиқилган ҳолда 4 та ишчи гуруҳидан ташкил топганини кўриш мумкин.

Ҳар бир гуруҳга Президент девони, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий суд, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигидан ходимлар бириктирилган.

Эътиборли томони ушбу рўйхатда Миллий хафвсизлик хизматидан таклиф қилинган ходимнинг исми шарифи кўрсатилмаган. Исм шариф ўрнига келишув асосида деган ёзувни кўриш мумкин.

Ишчи гуруҳларнинг қолган аъзолари исми шарифи тўлиқ келтирилган.

"Диндорларнинг яқинлари умид билан кутмоқда"

Шу вақтгача Ўзбекистон сенати томонидан эълон қилинган амнистияга диний ҳамда сиёсий айбловлар билан қамалганлар ёппасига тушмаган.

Бу сафарги афв қилишга тайёргарлик ўзгача бўлаётгани сабаб диндорларнинг яқинлари ҳам унга умид кўзи билан қараб туришибди.

Тошкентдан Гулчаш Содиқова диний эътиқоди туфайли 16 йилдан бери қамоқда қолаётган ўғлига яна уч йил қўшиб берилган.

Диний экстремизм билан айбланган Бахтиёр Содиқовни жазо муддати тугашига яқин қолганда "ички тартибни бузди", деган айб билан яна уч йилга ҳукм қилишган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, амнистиядан ҳам муҳимроқ нарса маҳбусларга турли баҳоналар билан қамоқ жазоси қўшиб берилишидир.

"Маҳбуслар белгиланган 16 йилни ўтириб бўлишган. Аммо турли баҳоналар билан уларга қўшимча муддат берилаверади. Менга мурожаат қилаётганларнинг ичида 5 мартагача жазо муддати узайтирилганлари бор", - дейди Суръат Икромов.

Президент Мирзиёев томонидан эълон қилинган фармойишда қаромоғида кекса ёшда ота-онаси мавжудлиги ҳам маҳбусларнинг озод қилинишида эътиборга олиниши кераклиги айтилган.

"Бахтиёр бизнинг ёлғиз ўғлимиз. Қизларим ҳаммаси уйли жойли бўлиб кетган. Қариган чоғда мен учинчи гуруҳ, хўжайиним иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб ёлғиз қолганмиз. Боламиз қариган чоғда бизга ёрдами тегадиган бир маҳалда муддати тугаса ҳам қамоқдан чиқарилмаяпти. Энди амнистиядан умид қилиб турибмиз", дейди Гулчаш Содиқова.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02