11 йиллик сиёсий тутқун Аъзам Фармонов озодликка чиқарилди

Аъзам Фармонов ва Васила Иноятова Фото муаллифлик ҳуқуқи fb/васила иноятова

"Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова хабар тарқатишича, 2006 йилдан буён тутқинликда сақланган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов озод этилган.

Маҳбусларни афв этишга Мирзиёевнинг ўзи бел боғлади

МХХ журналист Бобомурод Абдуллаев оиласига босим ўтказмоқда

"Менга қарши жиноий иш очилиши бошиданоқ нотўғри бўлган"

Аъзам Фармонов 3 октябрь куни Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" номи билан танилган қамоқхонадан қўйиб юборилган, уни "Эзгулик" фаоллари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов кутиб олганлар.

Васила Иноятова Фейсбукдаги саҳифасида Аъзам Фармонов билан бирга тушган фотосуратини эълон қилган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси Аъзам Фармонов товламачиликда айбланиб, 2006 йил 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2016 йилнинг майида жазо муддати тугаш арафасида унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берилган.

Бундан олдин фаолларга Аъзам Фармонов билан учрашишга изн берилган.

Сиёсий тутқун Аъзам Фармоновнинг озодликка чиқарилиши БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга сафари пайтига тўғри келган.

Халқаро ташкилотлар охирги 1 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилганини эътироф этадилар.

Ҳукумат мулозимлари сиёсий маҳкумлар мавжудлигини тан олишмаса-да, халқаро миқёсда энг узоқ вақт қамоқда сақланган деб кўрилган сиёсий тутқунлар Самандар Қўқонов ва Муҳаммад Бекжон озодликка чиқарилдилар.

Халқаро ташкилотлар таниқли фаоллар Аъзам Турғунов, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмоновларнинг сохта айбловлар билан қамоқда сақланаётганига ишонадилар ва Ўзбекистон ҳукуматидан уларни ҳам озод этишга чақириб келадилар.

Бир кун олдин Президент Мирзиёевнинг янги амнистия ҳужжатини тайёрлашга доир фармойиши эълон қилинди.

Ўзбекистон президентининг ушбу фармойиши сафарги афв диний-сиёсий айбловлар билан қамалган инсонларнинг ҳам озод этилишларига умидларни уйғотган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ