Владимирдаги ҳалокат: Мирзиёев ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди

Ҳалокат жойи Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расман хабар қилмоқда.

6 куни юз берган йирик автоҳалокатда камида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлган.

Ҳукумат комиссияси зиммасига Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида қурбонлар ва жабрдийдаларни олиб келиш ишларини уюштириш вазифаси юкланган.

Мақола билан лотин имлосида мана бу линк орқали танишинг:

Аён бўлишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳам автоҳалокатга учраган фуқароларнинг шахсларини аниқлаш йўлида иш олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳукумат қурбонлар ва жабрдийдалар яқинларига лозим бўлган барча ёрдамни кўрсатади.

Ишчи учрашуви

Расмий хабарларга кўра, йирик автоҳалокат ортидан, Владимир губернатори вилоятга етиб келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси билан учрашиб, вазиятни муҳокама этиб олган.

Саидикром Ниёзхўжаев ва Баҳром Ашрафхоновлар бошчилигидаги гуруҳ вилоятнинг Петушенский туманида юз берган мазкур ҳодисада қурбон бўлганларнинг шахсларини аниқлаш ва жабр кўрганларга кўмак кўрсатиш учун Владимирга етиб боришган.

Россиянинг Владимир вилоятида 6 октябрь куни автобус ва йўловчи поезди тўқнашган.

Автобусда бўлган 56 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 15 нафари ва бир қозоғистонлик ҳайдовчи ҳодиса сатҳида ҳалок бўлишган. Қурбонлар сонининг яна ортиши кутилмоқда.

Ҳалокатга учраган автобусда икки нафар қозоғистонлик ҳайдовчи дохил жаъми 58 нафар киши бўлган.

Расмий хабарларга кўра, йўловчилардан 38 нафари жорий пайтда оператив штабда қолишмоқда.

Икки нафари ёш бола бўлган тўрт нафар жабрдийданинг касалхонада эканликлари, ҳозир энг яхши шифокорлар уларнинг ҳаётлари учун курашаётганликлари айтилмоқда.

Маълум бўлишича, фожеа сатҳига Москвадан ҳам махсус тиббий мутахассислар гуруҳи етиб келган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам туманга ўз тезкор гуруҳини юборган.

Расман маълум қилинишича, Россиянинг Владимир вилоятидаги ҳалокат оқибатида жабрланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида тезкор гуруҳ тузилган.

Гуруҳ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги малакали жарроҳ, нейрожарроҳ, травматолог, ортопед, реаниматолог-анестезиолог, невролог каби мутахассислардан таркиб топган.

Улар зарур тиббий воситалар, дори-дармон захиралари билан етарли даражада таъминланган.

Ўзбекистон Владимирга махсус самолёт ҳам юборган

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман маълум қилди.

Видео:Владимирдаги ҳалокат саҳнаси: камида 16 ўзбек қурбон бўлди

Вазирликка кўра, бу иш жабрдийдаларга ёрдам кўрсатиш ва уларни олиб кетиш учун қилинган.

Расмий баёнотда айтилишича, жорий пайтда ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги маълумот аниқланмоқда.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса, Владимир вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тезкор алоқа линиясини ишга туширди. Бу ҳақда элчихона сайтида маълум қилинган.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

Хабарларга кўра, бу машъум ҳодиса вилоятнинг Петушенский туманида юз берган.

Йўловчи поезди темир йўл кесишувида тўхтаб қолган "Mercedes" русумидаги автобусга бориб урилган.

Натижада камида 15 киши қурбон бўлган. Улардан бир нафарининг ёш бола экани айтилмоқда.

Ҳаётдан кўз юмган автобус ҳайдовчиси қозоғистонлик бўлган.

Аммо шу дақиқаларда қурбонларнинг сонларига оид рақамлар бир-бирига зид.

Ўзбек ва тожик муҳожирлари автоҳалокат қурбони бўлди

Масъулларнинг айтишларича, ҳалокатга учраган автобусда жаъми 56 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Икки нафар ҳайдовчи эса, Қозоғистон фуқаролари бўлишган.

Хабарларга кўра, қолган йўловчилар турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага етказилган.

Уларнинг орасида вояга етмаган болаларнинг ҳам борликлари айтилмоқда.

Ҳалокат маҳаллий вақт билан 6 октябрга ўтар кечаси юз берган.

Автобус темир йўл кесишувида тўхтаб қолган.

Масъулларга кўра, поезд йўловчилари орасида жабрланганлар йўқ.

Аммо, "Интерфакс" ахборот агентлигининг ўз манбасига таяниб ёзишича, ҳалокат оқибатида машинистларга тан жароҳати етган.

Автобус нега темир йўл кесишувида тўсатдан тўхат қолгани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Муносабат

Владимирда содир ҳодиса юзасидан Би-би-си Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси билан боғланди.

-Ҳали тасдиқланган маълумот бизда йўқ. Ҳалокат сатҳидан матбуот орқали хабарлар келаяпти, аммо расман ҳеч нима келгани йўқ. Консуллик ходимимиз эрта тонгда Владимирга жўнаб кетди. Воқеа жойида ҳаммасини аниқлаб, маълумотларни беради, - деди элчихона матбуот котиби Алишер Усмонов.

Матбуот котиби элчихона ва консуллик ҳодисадан жабрланган ўзбекистонликларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

-Бундай воқеалар бир неча маротаба бўлди. Қозоғистонда бўлганда ҳам, Қирғизистонда бўлганда ҳам нима тарафдан ёрдам керак бўлса, бажарилди. Бу ҳодисада ҳам элчихона ва ҳукумат орқали берча тегишли ёрдамлар кўрсатилади, - дея таъкидлади Усмонов.

Би-би-си Ўзбек Хизмати хабар тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Алоқадор мавзулар