Россияда қурбон бўлаётган ўзбекистонликлар сони нега ортмоқда?

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россияда содир бўлаётган йирик автоҳалокатларда қурбон бўлаётган ва жабрланаётган ўзбекистонликлар сони тобора ортиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг ўрганиб чиқишича, ҳалокатларнинг аксарияти меҳнат муҳожирлари патентсиз ишлаш учун Қозоғистон чегарасига бориб келиш ва Ўзбекистонга қайтишда нисбатан арзон транспорт саналган автобус ёки микроавтобусда қайтиши сабаб содир бўлмоқда.

2017 йилнинг ўзбекистонлик муҳожирлар иштирокидаги йирик автоҳалокатлари:

7 январь куни Самара вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. 15 январь куни Нижний Новгород — Саратов трассасининг 550 километрида, Тарумовка қишлоғи яқинида икки автомобиль тўқнашиб, йўл четидаги чуқурликка тушиб кетади. Мазкур ЙТҲ оқибатида олти нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Марҳумлар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари эканлиги ҳақида хабар тарқатилган.

1 февраль куни Москва вилоятининг Варшавское шоссесида йирик йўл-транспорт ҳодисасида 9 киши ҳалок бўлган, 4 киши жароҳатланган. Қурбонлар Сахарова қишлоғидаги миграция марказига хужжат расмийлаштириш учун бораётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эди.

Саратов вилояти Тарумовка қишлоғида 20 февраль куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 5 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳалок бўлган. Улар миграция қонунларини бузмаслик учун Қозоғистон чегарасига бориб қайтиш мақсадида йўлга чиққан бўлишганлиги хабар қилинади. Қурбонлар орасида 2 аёл - 42 ёшли Марҳабо Собирова ва Дилдора Солиевалар бўлган.

22 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳридан Россиянинг Волгоград шаҳрига кетаётган автобус ағанаб тушди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Хабарларга кўра, автобусда 52 киши бўлган, уларнинг 50 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган.

Қозоғистонда 9 ўзбекистонлик ҳалок бўлган

Россия Давлат автоинспекцияси расмий сайтига кўра, 2016 йилда автоҳалокатлар туфайли 184 минг нафар киши қурбон бўлган.

Рўй берган ҳодисаларнинг 30 фоизи чет эл фуқаролари билан боғлиқ, дея кўрсатилади статистик маълумотда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02