Amnesty international: МХХ ҳибсхонасидаги журналистнинг ҳаёти хавф остида

Бобомурод Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Amnesty international халқаро ташкилоти 27 сентябрдан бери МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти хавф остида эканлигини айтиб чиқди. Журналист "мамлакатда қийноқлар бўйича энг даҳшатли саналган тергов ҳибсхонасида сақланмоқда", деб ёзилади мурожаатда. Ташкилот журналист ҳимояси учун кампания бошлаган.

Халқаро ташкилот баёнотида, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳамкасблари Бобомурод Абдуллаев журналистик фаолияти ва танқидий сиёсий қарашлари учун нишонга олинган, деб ҳисоблаши келтирилади.

"Журналистнинг адвокат ёллашига рухсат берилмаган. ОАВ хабарларига кўра, 1 октябр куни фақат унинг рафиқаси қисқа муддатга ҳибсхонада у билан кўриша олган. Шундан бери оиласи билан алоқаси йўқ. Бобомурод Абдуллаевнинг қийноққа солинаётгани борасида хавотирлар ортиб бормоқда", - дейилади баёнотда.

Amnesty international ташкилоти ўз тадқиқотларига таяниб маълум қилишича, МХХ ҳибсхоналаридаги маҳбуслар деярли барча жойда қийноққа тутилади.

"МХХ ҳибсхоналарида маҳбуслар тергов хоналарида, жазо камераларида, ҳожатхона ва ювиниш хоналарида ҳам қийноққа тутилади. Шунингдек, у ерда овоз чиқармаслик учун деворлари резина билан қопланган қийноқ хоналари мавжуд".

Ташкилот ўзбек, рус, инглиз ёки исталган тилда журналист Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилишни ва яна бошқа талабларни сўраб МХХ раиси Рустам Иноятов, Бош прокурор ҳамда Акмал Саидовга мурожаат йўллашга чақиради.

Мурожаатда, журналист фақат ҳукуматни танқид қилгани учун ушлаб турилгани туфайли унга қўйилган айбловларни бекор қилиб зудлик билан озод қилиш, ҳукуматни Бобомурод Абдуллаевнинг қийноқлар ва таҳқирловчи муомалалардан ҳимоя қилинишини таъминлашга чақириш сўралган.

Шунингек, ҳукуматга сўз эркинлиги ҳуқуқини тўлиқ ҳурмат қилиш, жумладан, журналистлар таъқиб қилинишдан қўрқмасдан фаолиятларини эркин амалга оширишлари учун ҳукумат мажбуриятларини эслатиш кераклиги айтилган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

"Уч босқичли инқилоб режаси"

Маҳкама қарорида Бобомурод Абдуллаевнинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган Салаев ва Оллоёровларнинг айнан қайси тизимда ишлаганларига аниқлик киритилмайди.

Шунингдек, уларнинг тақдири ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмайди.

Унда айтилишича, Абдуллаев бу шахслардан "олинган маълумотлар ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилган ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан Ўзбекистонда инқилоб қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган режа"ни ишлаб чиққан.

Терговнинг даъво қилишича, "Йиғим-терим" ("Жатва") номи берилган "лойиҳа"га мувофиқ, уч босқичда Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумини ағдариш режаланган.

Унда Ўзбекистон ҳукуматидаги "муҳим" мансабдор шахслар (МХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги) ва кенг халқ оммасини жалб этиш, шунингдек, шаҳар ва вилоят миқёсида (Тошкент, Фарғона, Навоий, Урганч) ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш режалангани даъво қилинади.

Суд аниқловига кўра, режага республиканинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг яшаш жойлари схемалари ва суратлари, шунингдек, уларни қўлга олиш учун зарур бўлган одамлар сони ҳамда кетадиган харажатларнинг сметалари ҳам илова қилинган.

Суд Бобомурод Абдуллаев содир этишда гумонланаётган жиноятни "ўта оғир" дея малакалаган.

Эслатиб ўтамиз, 3 октябр куни Истанбулдаги матбуот анжуманида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаевнинг йиллар давомида "Усмон Ҳақназаров" номи остида мақолалар чоп этиб келган муаллиф эканини очиқлаганди.