Пахта териш ибодатми?

пахта Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси аёлларни пахтага чорлаш учун Советча руҳда ёзган 2014 йилги мурожаатини такрор чоп қилди. Бироқ бу сафарги мурожаатда Зулфия мукофоти совриндори Гулжамол Асқарованинг пахта териш ибодатга тенглаштирилган шеъри қўйилмади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ижод борасида жиддий муаммога дуч келган кўринади.

Уч йил олдин чоп этилган мурожаат бу йил айрим жузъий ўзгаришлар билан яна қайта чоп қилинган. Фақат 3 йил олдин аёлларни руҳлантириш учун Муҳаммад Юсуф шеъридан фойдаланилган бўлса, бу сафар Сирожиддин Саййид "таъбири"дан фойдаланилган.

Совет публицистикаси уфуриб турган мурожаатда тонг саҳар пахтага боришнинг роҳати ҳақида ёзилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Хотин-қизлар қўмитаси 3 йил олдинги мурожаатни кўчириб қўя қолган

"Тонг саҳар туриб пахта даласига отланишнинг заҳмати билан бирга роҳати ҳам борлигини ҳеч бир одам Сизчалик англамайди, сиз каби жону жаҳони билан ҳис этолмайди!", дейилади ҳар икки мурожаатда.

Уч йил олдинги мурожаатда "муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов"нинг маърузасидан иқтибослар келтирилган. Бу сафар Ўзбекистонда Президент алмашгани боис Ислом Каримовнинг аёллар ҳақида айтган сўзлари тушиб қолган.

" Бўш вақтимизни меҳнат билан мазмунли ўтказсак, қайсидир маънода даромадимиз ошади, эҳтиёжларимиз бартараф этилади", дейилади бу йилги мурожаатда.

Аммо Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари ва раҳбариятининг пахтага чиққанлиги борасида маълумот берилмаган.

"Эгатда минг эгилганинг ибодатдир"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Эътиборли томони 2014 йилги мурожаатда Хотин қизлар қўмитаси ходими, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Гулжамол Асқарованинг "Пахаткор халқи мадҳи" номли шеъри келтирилган.

Бу йилги мурожаатда ушбу шеър йўқ. Лекин ундан Уйчи туман ҳокими ўз мурожаатида фойдаланган. Ҳокимнинг мурожаати туман газетасида чоп қилинган.

"Ёстиқ қилиб сен бошингга қўйиб олдинг,

Тўнларингга солиб уни кийиб олдинг,

Саратоннинг офтобида куйиб олдинг,

Пахтанг сенинг ризқу рўзинг бўлди халқим.

Она халқим! Бу кунлар бир саодатдир,

Юртбошининг дуолари - башоратдир,

Сен пахтангни Худойимдан сўраб олдинг,

Эгатда минг эгилганинг ибодатдир!"

дейилади Зулфия мукофоти совриндори Гулжамол Асқарова шеърида.

Эгатларда эгилиб пахта териш ибодатга тенглаштирилгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кескин муносабатларига сабаб бўлган.

Уларнинг айримлари ушбу чақириққа шеър орқали жавоб берган. Айримлар истеҳзоли кулги билан муносабат билдирган.

"Халққа керак саодат бу адолатдир.

Холиқ қабул этса, дуо ижобатдир.

Маддохликда шуҳрат топар шоир эмас.

Халқ қонини сўрар битта хашоратдир.

Халққа келар зулмни сен оқлар бўлсанг.

Она дема, сендай бола касофатдир.

Агар содиқ шоир фарзанд бўлай десанг.

Халқ дардини куйлаш сенга шарофатдир.

Худойимдан ким ҳам сўрар ўзга зулм.

Аллоҳ рози бўлар амал ибодатдир.

«Пахта қўйиб» обрў топмоқ мақсад бўлса,

Қаламла минг чиранганинг залолатдир", деб ёзади Отабек Усмонов.

Facebook нинг яна бир фойдаланувчиси шоира қизнинг пахта териш ибодат деган гапларига киноя қилиб, ушбу "ибодат"нинг "фарз" ва "рукн"ларини ёзиб чиққан:

"Пахтанинг фарзлари:

1. Кўп термоқ

2. Тоза термоқ

3. Вақтида тез термоқ

Пахтанинг суннатлари:

1. Икки қўллаб термоқ

2. Эрта тонгдан қоронғугача термоқ

3. Чалғимасдан термоқ

4. Нолимасдан шукрона айтиб термоқ

5. Боласини, ўқишини, дарсини, беморларини, ишини, мижозларини ташлаб келиб бўлсада термоқ.

6. Ёмғир қор тош ёғсада термоқ.

Пахтанинг мустаҳаблари:

1. Тушликни далани ўзида 5 дақиқада қилмоқ.

2. Ювинишга вақт кетказмай тупроқ билан тозаланмоқ.

3. Хожатга чалғимаслик учун памперс кийиб термоқ.

Пахтанинг макруҳлари:

1. Кир қўл билан пахтани ушламоқ

2. Этакдаги пахтанинг устига ўтириб сифатини бузмоқ

3. Этакка кесак солмоқ

4. Чаноқдан тилинган қўлига пахта босиб нопок қилмоқ

Пахтанинг ҳаромлари:

1. Тарозибон билан талашмоқ

2. Пулини эжакилаб қайта қайта сўрамоқ

3. Текинга теришдан бош тортмоқ

4. Пландан кам термоқ

5. Ёғингарчиликка қолдириб нобуд қилмоқ".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02