Блоггер фикрлари: Ўзбек қишлоғида сайловдан кейин нима ўзгарди?

Қишлоқ

Қишлоқ одамларининг ҳаётидаги энг катта ўзгариш - марҳум президент Каримов давридаги давлатга бефарқлик ўрнига ҳаётга, келажакка ва давлатга бўлган ишончнинг яна қайта жонлангани бўлган.

Бир сабаб юзасидан пойтахтдан машинада бир кунлик йўлда жойлашган олис ўзбек қишлоғидан бир неча кунга меҳмонга келиб қолган тоғам ва амакимни суҳбатга тортаман ҳамда президент сайловидан кейин ўтган салкам бир йил давомида уларнинг ҳаётида нималар ўзгаргани ҳақида сўрайман.

Гапни пенсионер тоғам бошлайди. "Асосийси пластик (пластик карточка назарда тутилмоқда) деган балодан қутилдик! Пенсиялар нақд пулда бериладиган бўлганидан кейин ҳаёт анча енгиллашди. Илгарилари пластикка тушган пулни ишлатиш катта муаммо эди. Бунинг учун уни нақдга айлаштириш керак эди. Чунки қишлоқ жойларда пластикка савдо қиладиган жойлар жуда кам, деярли йўқ ҳисоби! Картадаги пулни нақдга айлантириш учун одамлар кейинги пайтларда 20%, ҳатто 25% беришгача рози бўлаётган эди. Бу орқали пластикдаги пулни нақдга айлаштириш имконияга эга бўлганларнинг ошиғи олчи бўлаётган эди. Шу ташвишдан бир йўла қутилдик!", - дейди тоғам.

Яна бир ўзгариш, газ таъминоти тўлиқ йўлга қўйилди. Газ баллонларига зичлаб бериладиган суюлтирилган газ қишлоқ жойларга ҳам тўхтовсиз етказиб берилмоқда. Масалан, 12 минг сўмга бир баллон газ беради, бу бир кичикроқ оилага бир ойга етади.

Ўзбекистонда энди ишсизлар ҳам пул ишлашлари мумкин бўлади

'Қишлоқ хўжалигига кўк инқилоб керак!'

Электр токи-чи, ҳалиям йўқми, дейман қизиқиб?

"Электр токиям яхши бўлиб қолди. Илгарилари бир кунда бир соат (эрталаб ва кечқурун ярим соатдан) берса берар, бермаса бермас эди. ўтган қишда шундай эди. Фақат қудуқдан мотор билан сув олишга зўрға улгуриб қолар эдик. Кейинги пайтларда, айниқса, шу баҳордан бошлаб электр таъминоти ҳам аста-секин яхшиланаяпти. Шу сентябрдан бери кунига 12 соат, баъзида 18 соатгача свет беряпти. Одамлар телевизор кўриб, ҳордиқ чиқара бошлади. "Ахборот"ни яна қайта кўра бошладик", - дейди кўп йиллар колхозда табелчи бўлиб ишлаган амаким. Илгари ток фақат туман марказида узлуксиз бўлар эди. Энди, шунча йиллар давомида ишлатилмаган токка тўлаб келган пулларимизни ишлатаяпмиз. Амакимнинг сўзларига кўра, олдинлари пенсиялар ва ёрдам пулларидан (камтаъминланган оилаларга бериладиган пособиялар) ҳар ойда 20 минг сўм автоматик равишда электр токига деб олиб қўйилган. Одамларнинг ҳисоб рақамларида пул йиғилиб қолган.

"Давлат газ билан светни узмаса бўлди - одамлар қолганини ўзи тўғирлаб олади. Бўлмаса айниқса қишларда қишлоқда тирикчилик қилиш қийин бўлиб қолган эди", дейди амаким.

Яна бир нарса, деб суҳбатга қўшилади тоғам. "Шу портал (олдинги Бош вазир, ҳозирги президент виртуал қабулхонаси назарда тутилмоқда) чиққанидан бери раис, ҳоким, умуман раҳбар ходимлар халқ билан сал ҳурмат қилиб гаплашадиган бўлди. Чунки тепадан шуни талаб қилаяпти. "Ахборот"ни яна қайта кўраётган ўзбек, президентнинг кечаги гапини эшитдингми, деб зарур бўлса ҳоким билан ҳам баҳслашаяпти. Олдинлари аксар ҳокимлар кишини одам ўрнидан кўрмас эди".

"Аммо шу янги президент ҳокимларни ишлатаяпти. Ҳатто бизни тумандаям анча ишлар қилинди. Масалан, йигирма беш йилдан бери ўнқир-чўнқир бўлиб кетган йўл бир марта бўлсаям ямаб чиқилди. Мана, қилса бўлар экан-ку! Олдинлари пул йўқ, деб ҳеч нима қилинмас эди.

Тоғам бу йил институтларда ўқиш учун контракт пулининг ошмаганини ҳам қўшиб ўтади. Қишлоқдан ўн-ўн беш бола контрактда ўқийди.

Ишчи, иш масаласи қандай, деб сўрайман меҳмонлардан. "Иш масаласи ҳалиям оғир. Доимий ишлар кам. Лекин бу бўйичаям яхши томонга ўзгаришлар бор. Анча мунча ёшлар ўзимизда бошланган қурилишлардан иш топди. Туманда совет замонидан қолган бир икки заводлар қайта очиладиган бўлаяпти. Бу ерданам уч-тўрт юз киши ишли бўлади. Топмаганларнинг кўпчилиги шаҳарда. Таниши борлар Тошкентда тирикчилик қиляпти. Кейин мавсумий ишлар чиқиб туради. Масалан, кузда кўпчилик чўлдаги (Жиззах ва Сирдарё вилоятлари назарда тутилмоқда) пахта заводларига пахта босишга кетади. Шу ерда бир ойда 3-4 млн сўм топиб келади. Меҳнати оғир, лекин яхши ҳақ тўлайди. Қолгани уйида деҳқончилик қилади. Ишқилиб, куни ўтади", дейди тоғам.

"Болларди (шевада, йигитларнинг маъносида) сал жони бори Россияга кетаяпти. Уёқлардаям ҳозир яна иш кўпайиб қолган дейди. Мана бир иккитаси бир йил ишлаб келиб рўзғорини тўғирлаб олди. Ҳамма бир хил эмас. Қуруқ қайтиб келганлар ҳам йўқ эмас. Россияда эплаган ишлайди, жиян", дейди яна тоғам.

"Асосийси, одамларда сал бўлсаям эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Хуллас, янги президентдан умидимиз катта. Шу кетишда кетса, кўз тегмасин, узоққа боради!", - деб хулоса қилади суҳбатимизга кўпни кўрган амаким.

Маълумотнома

Ўзбекистон президент сайловлари 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган бўлиб, унда Шавкат Мирзиёев 88,61% овоз билан ғалаба қозонган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар