Қозоғистонда бухоролик болакай ўлик ҳолда топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Oila arxividan

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ўтган ой бедарак кетган бухоролик 15 яшар Асилбек Ҳамроевнинг жасади топилган.

Атирау вилоят прокуратураси ҳодиса юзасидан текширув бошлагани ва экспертиза тайинланганини маълум қилган.

Прокуратуранинг маълумотича, Бухоро вилоятининг Жондор тумани Хорсафед қишлоғидан бўлган Асилбек Ҳамроевнинг онаси Умида Ҳамроева шу йилнинг 15 июнида Атирау вилоятининг Жилиой қишлоғига ишлаш учун келган.

У маҳаллий деҳқон хўжалигига ҳайвонларга қараш учун оғзаки келишув асосида ёллангани айтилади.

9 август куни Умида Ҳамроева ўғлини ўзи ишлаб турган деҳқон хўжалигида қолдириб, Ўзбекистонга кетган.

Бир ой ўтиб қайтган она ўғлининг 2 сентябр куни Кулсари қишлоғига кетгани ва ҳануз қайтмаганидан хабар топган.

Tengrinews.kz нашрининг Атирау вилоят прокурори Ернат Сибанкуловдан иқтибос келтиришича, она фарзандининг йўқолганини ҳақида 12 сентябр куни полицияга хабар берган.

Прокуратуранинг тезкор қидирув амалиётига вилоят Фавқулодда хизматларининг вертолёти жалб этилгани айтилади.

4 октябр куни "Жасулан" деҳқон хўжалиги яқинида болакайникига ўхшаган жасад аниқланган.

"Ҳозирда полиция билан биргаликда ўлим ҳолатининг барча тафсилотларини ўрганиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда", - деган прокуратура вакили.

Қозоқ томонининг айтишича, охирги кунларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси Асилбекни қидирув ишларида кўмак беришни сўраб, мурожаат қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02