Тошкентдан муносабат: 'Адолатнинг исландча тановари'

Исландия Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Мустақил журналист

Евро-2016 нинг ҳақиқий сенсацияси - Исландия терма жамоаси жаҳон чемпионатида. Аҳолиси сони Тошкентнинг Юнусободичалик бўлган мамлакат футбол тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Аҳолиси 32 млн бўлган мамлакатнинг бир бўлаги сифатида одамга алам қиларкан.

Шундай аламзадалардан бири Facebook'да ёзибди: "Тамом. ЎФФни тарқатиб юборамиз. Барча футболчиларни пахтага ҳайдаймиз. Исландияга мухлислик қиламиз. Улар Еврога чиқди, ЖЧга чиқди. Ҳеч бир Олий Лигасиз, ҳеч бир ПФЛсиз, ҳеч бир Бабаянларсиз. Ҳеч бир олифтагарчиликсиз".

Футболимиз жамоатчилигига яхши таниш бир устозимиз бу аламзадага жавоб берган: "У ерда Бабаянларнинг миллий терма бош мураббийи бўлишига йўл қўймайдиган тизим ўрнатилган... Фожеа аслида Бабаянда эмас, балки уни шу лавозимга тайинлаганларда. Исландияда бундай тайинлов ҳеч қачон бўлмасди. Шу сабабли ҳам Европа шимолидаги аҳолиси Чилонзорчалик мамлакат жаҳон чемпионатига чиқяпти, биз эса уни телевизор орқали томоша қиламиз".

Тизим, тизим... Бунда гап футболдаги тизимда эмас. Футболдаги тизим мамлакатдаги тизим, тизимлардан айри ҳолда ўзича яхши ёки ўзича ёмон бўла олмайди. Хоҳлайсанми-йўқми, шу мамлакатда яшаб туриб, бирор иш қилмоқчи экансан, унинг турли тизимлари билан мулоқотга киришишга мажбурсан. Ҳаммасини тўғри қилишга уринганинг тақдирда ҳам, аллақачон ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган нотўғри тизимлар ва бу тизимларнинг борлигидан манфаатдор кучлар мавжуд экан, улар сени издан чиқаради.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси яна кутилмаган баёнот билан чиқди, янги президенти эса виртуал қабулхона очди

Футбол: Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги президент

Нега Исландиядаги шартли Бабаян Исландия миллий терма жамоаси бош мураббийи бўла олмайди? Чунки мамлакатдаги шаффоф ва қонун устуворлигига асосланган тизим бунга йўл қўймайди. Бу тизим, аввало, шартли Бабаян Исландиядаги шартли "Пахтакор"нинг бош мураббийи бўлишига ҳам йўл қўймаган бўларди. "Бабаян в отставку" деб баннер кўтарган шартли "Пахтакор"нинг шартли мухлисларига ўтказилган босимдан сўнг, Исландия прокуратураси шартли Бабаянга қарши бу ҳолат бўйича суриштирув бошлар, уни, эҳтимол, фикр эркинлигига қарши чиқишда айблаган бўларди. Исландия нашрлари эса шартли Бабаянни, эҳтимол, диктатор атаб, унга "ўзи ишлаётган жамоа мухлисларига зуғум ўтказган дунёдаги энг ёмон мураббий" деган умрбодга арзийдиган тавқи ланъат ёпиштирган бўларди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дейлик, Исландиядаги шартли Бабаян бу жанжаллардан ҳам омон чиқиб (ахир у, шартли бўлса ҳам, Бабаян-ку!), шартли "Пахтакор"даги фаолиятини давом эттирди ҳам дейлик. Бироқ шартли "Металлург"га қарши ўша машҳур ўйиндан сўнг унинг нафақат мураббийлик фаолияти, балки умуман футболдаги ҳаётига якун ясалиши аниқ эди (мабодо шартли Бабаян ўша вақтда расман клуб ходими бўлмаган бўлса ҳам, жамоатчилик шартли "Пахтакор" унинг таъсир доирасида, клубдаги бу каби ҳал қилувчи қарорлар унинг иштирокида қабул қилинади, деб ҳисоблар эди). Исландия прокуратураси бу сафар уни тинч қўймасди, ОАВ эса уни коррупционер, порахўр, қонунбузар деб очиқ айблашдан ҳайиқмасди. Жамоатчилик, мухлислар нафақат "Пахтакор" Бош мураббийининг, балки клубнинг бутун раҳбарияти истеъфосини талаб қилиб чиқарди. Ва бундай талаб билан чиққани учун уларга ҳеч ким зўрлик қилмас, босим ўтказмаган бўларди. Ахир "Бабаян в отставку" воқеасидан кейинги текширувлар ҳамманинг ёдида-ку. Бу Исландия ахир, унда ҳатто шартли Бабаянлар ҳам бир қилган хатосини қайтиб қилмайди.

Шундай қилиб, шартли Бабаяннинг фаолияти шартли "Металлург"га қарши ўша машҳур ўйиндаёқ якунига етиб, у ҳеч қачон миллий терма жамоа Бош мураббийи бўла олмас ва жамоанинг Европа ва Жаҳон чемпионатларига чиқишига ҳеч қанақасига халал бера олмасди. Мабодо, у миллий терма жамоа Бош мураббийи бўла олган тақдирда ҳам, ўйинларни шартли "Бунёдкор" стадионидан шартли "Пахтакор" стадионига кўчиртира олмас, кўчиртирган тақдирида ҳам, "пул ишлаш учун шундай қилди" деган гапларга тайинли жавоб беришга мажбур бўлар, хорижда учинчи дивизион клубларига қарши бесамар ўртоқлик ўйинлари ташкил эта олмас, футболчиларни шартли "Ростов"ларга сотиш билан шуғуллана олмасди. Исландиядаги ШАФФОФ тизим унинг фақат яшил майдондаги футбол билан шуғулланишини қатъий "рамка"га солиб тура оларди.

Ўзбекистондаги 32 миллион киши футболга ажратилаётган пуллар киши билмас қай бир чўнтакларга кириб кетаётганини балки билмай қолар. Бироқ 300 минг киши уларнинг солиқларидан тирик миллий терма жамоа харажатларини, истаса, бемалол билиб тура олади. Ва ҳар бир ножўя ҳаракатни сеза олади. Эркин матбуот эса ана шу солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, миллий терма жамоа бошидаги шартли Бабаянни тергай олади. Унга ҳайкал қўйишни тавсия қилганларни ҳам аёвсиз фош қилиб, 300 минг кишилик халқ олдида ўзи билиб-билмай сазойи қилади. Шунинг учун ҳам Исландияда ҳеч ким касби, лавозимига нолойиқ инсонларга ҳайкал қўйишни ҳазиллашиб ҳам таклиф қилмайди.

Исландиядаги тизим мана шунақа. У баъзи бир тор гуруҳларнинг қизиқишлари йўлида эмас, балки одамлар, оддий одамлар манфаати асосида ёзилган қонунлар устуворлиги ва шаффофликка асосланган. Қонун устувор бўлган мамлакатда барча тизимлар, хусусан, футболдаги тизим соат механизмларидек тўғри ишлайди. Қонун болалар футболи учун ажратилган пул фақат болалар футболига сарфланишини талаб қилади. Талаб бузилгудек бўлса, прокуратура ва бошқа қонун ижроси назорати тизимлари бу қонунбузарликка дарҳол, кечиктирмай қонун доирасида муносабат билдиради, чора кўради. Қонун устуворлиги шу. Адолат дегани шу. Куч эса адолатда. Шу сабабли ҳам Исландия бир гуруҳ олигархлар қўлида ўйинчоқ бўлаётган Украинадан кучлироқ чиқди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02