Кўчирма продакшн? Ўзбек сенатор блоггердан кўчирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rustam Bazarov
Image caption Рустам Бозоровнинг ўзбек тўйи тасвирланган санъат асаридан бир парча.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова Фейсбукдаги "Халқ билан мулоқот" саҳифасида ўзбекистонлик машҳур блоггернинг постини кўчириб ёзди, аммо муаллиф кимлигини илова қилмади.

"Агар Ўзбекистонда тўй маросимлар бўлмаса..." сарлавҳали постни аслида Фейсбукда Тролл.уз саҳифасини юритувчи блоггер Умид Ғофуров ёзган.

Ўз постини "Халқ билан мулоқот" саҳифасида кўрган Ғофуров сенаторга мурожаат қилиб пост остида "Муаллиф кимлигини ёзишни илтимос қиламан. Бу матнни мен ярим йил олдин ёзганман", дея шарҳ қолдирди.

Аммо, сенатор Ворисова унинг илтимосини жавобсиз қолдирди.

Би-би-си Ғофуров билан боғланганида у ўз муаллифлик ҳуқуқи поймол этилаётганига ишора қилди.

"Ёздим, эътибор берса керак. Кимлар айтмади бу гапларимни. Телевизорда ҳам чиқди. Сенатор ҳам айтди. Лекин муаллиф кўрсатилмайди ҳеч".

Фото муаллифлик ҳуқуқи MaqsudaVorisova/UmidGafurov
Image caption Мақсуда Ворисова ва Умид Ғофуров

"Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2006 йилда қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган. Аммо, афтидан сенатор Мақсуда Ворисова бу қонунга бўйсунмайди.

Қуйида блоггер Умид Ғофуровдан кўчирилган пост матни:

"Агар Ўзбекистонда тўй маросимлари бўлмаса...

1 ойдан сўнг - озиқ-овқат маҳсулотлари ва мева-чевалар нархи арзонлашади. Асосий харидор йўқлиги сабабли бозор маҳсулотлар билан тўйинади.

2 ойдан сўнг - Ресторан-тўйхоналар ёпила бошлайди.

3 ойдан сўнг - автомобилларнинг нархи тушади. Сабаби -бозор энди ҳеч кимга керак эмас Гелендваген ва Рендж Роверлар тўлиб кетади.

Ярим йилдан сўнг - аёллар орзу-ҳавас қилишни тўхтатишади ва ниҳоят ўзлари учун мароқли ва фойдали ишлар билан шуғулланишади.

Бир йилдан сўнг - Ўзбекистонликлар жамғарилган пулларни қандай қилиб сарф этиш ҳақида ўйлаб қолишади ва саёеҳат қилувчилар сони кўпаяди.

1,5 йилдан сўнг - аҳоли талабгор бўлгани сабабли, товарлар сифати яхшиланади. Чунки энди одамлар бировнинг тўйига совға учун эмас, балким ўзлари учун сотиб олишади.

2 йилдан сўнг - иқтисодиётда маълум даражада ўсиш булади. Тўйларга ихтисослашган тадбиркорлар энди аҳоли ва давлатга фойдали янги бизнес турларини очишади. Тирикчилик қилишлари керак-ку.

3 йилдан сўнг - охирги фанограммачи (кўшиқчи) йўқолади.

5 йилдан сўнг - тадбиркор аёллар сони ошади. Энди диплом совчилар учун эмас.

10 йилдан сўнг - ажрашишлар сони энг паст даражагача камаяди. Чунки анчадан бери кўрсин-кўрсин учун никоҳ қурилмайди.

50 йилдан сўнг - ота-оналар фарзандларига ажабтовур ҳикояларни айтиб беришади: аввал шундай маросимлар бўлардики, 500 га яқин нотаниш инсонларни меҳмонга чақириб, едириб ичирар эдик.

Мирзиёев "мудраб ётган" депутат ва сенаторларни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев қандай депутат бўлган эди?

ЎзЛиДеП: "бир-икки босар-тусарини билмай қолганларни дея, демократик ислоҳотларга зарар етмайди"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар