Мирзиёев Усмоновдан самолёт ижарага олганининг нимаси ёмон?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзбекистон давлат раҳбарининг кўп сафар қилишига тўғри келади. Самолётсиз бунинг ҳеч иложи йўқ.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сочидаги МДҲ давлатлари раҳбарлари учрашувига россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг шахсий самолётида учиб борди.

Президент Мирзиёев Сочига ҳам Алишер Усмонов самолётида учиб бордими?

Мирзиёев АҚШга Алишер Усмонов самолётида учиб бордими?

Президент Мирзиёев сентябрь ўртасида Нью-Йоркка, БМТ Бош ассамблеясида маъруза қилиш ва ишбилармонлар форумида иштирок этиш учун айнан Алишер Усмонов учоғида етиб борган эди.

Мирзиёев ва Усмоновни қариндошлик ришталари боғлаган - Мирзиёев рафиқасининг жияни Усмоновнинг 2013 йили автоҳалокатда оламдан ўтган жиянига турмушга чиққан эди. Сентябрь ойида бўлиб ўтган бошқа жиянининг тўйида жаноб Усмонов Мирзиёевнинг рафиқаси билан бирга рақсга тушди.

BBCRussian билан суҳбатда Ўрта Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов, бунга ажабланмаслик керак, дейди. "Тасаввур қилинг, бу оилавий самолёт", - дейди у. - Буни Ислом Каримовнинг феодал-прогрессив режимидан Мирзиёевнинг прогрессив-капиталистик режимига ўтиш даврининг ўзига хослиги деб аташ мумкин".

Президент Мирзиёев бегона учоқдан фойдаланаётганининг сабаблари кўп бўлиши мумкин. Бунга хавфсизлик эҳтиёжи ҳам, президент самолётининг ҳали тайёр эмаслиги ҳам, президент учоғининг эскириб қолгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аркадий Дубновнинг фикрича, Ўзбекистон президентининг янги самолётига буюртма берилган ва ясалаётган бўлиши ва ҳали қурилиши якунига етмаган бўлиши мумкин.

Албаттаки, Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонда ўз манфаатлари бор ва улар оз эмас. Шу йил апрелида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага сафари 12 миллиард долларлик сармоявий шартномаларнинг имзоланиши билан якунланганди. Айрим кузатувчиларнинг фикрича, ушбу маблағнинг камида ярмини жаноб Усмоновга тегишли структуралар Ўзбекистонга ётқизадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Алишер Усмоновнинг Dilbar деб номланган яхтаси - дунёдаги энг йирик яхталардан бири

Яқинда жаноб Усмоновнинг ўзи ҳам агар марҳум президент Каримовнинг бизнесменларга муносабати яхши бўлганида, асли ўзбекистонлик бошқа миллиардерлар билан бирга Ўзбекистонни аллақачон бошқа мамлакатга айлантириб юборишлари ҳақида айтди.

Ношаффоф ҳокимият

BBCRussian ёзишича, Ўзбекистон президентининг бегона учоқда парвоз қилиш қарори қатор саволларни юзага келтирган. Бу саволларнинг аксари масаланинг ахлоқий томони билан боғлиқ.

"На президентнинг ўзи, на ҳукумат бу борада тушунтириш бераётгани йўқ. Кузатувчиларда эса дарҳол Президент Мирзиёев билан Алишер Усмоновнинг муносабатлари шаффоф эмаслиги ҳақидаги савол туғилади. Шу билан бирга, манфаатлар конфликти эҳтимоли ҳақидаги савол ҳам ўртага чиқади - қайси шартларга биноан бу самолёт ёлланмоқда, нима сабадан мамлакат президенти хусусий хизматдан фойдаланмоқда, - дейди Лондондаги SOAS - Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов. - Хусусий самолётдан фойдаланилаётгани - бир масала, ҳокимият томонидан бу ҳақда шарҳ берилмаётгани эса - мамлакатдаги бошқарувнинг аҳволи қандай эканини намойиш этадиган сигнал".

Экспертнинг фикрича, бундай бўлаётганининг асосий сабабларидан бири шуки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳукумат амалдорларидан манфаатлар конфликти эҳтимоли ҳақида хабар бериш талаб қилинадиган меъёрларнинг йўқлигидир.

"Манфаатлар тўқнашуви" деган тушунчанинг ҳокимиятнинг юқори эшелонларида, ҳукуматда ўрнашиши қийин кечмоқда, - деб ҳисоблайди Алишер Илҳомов. - "Манфаатлар конфликти" деган тушунча аҳоли орасида ҳам сингиб кетади деб ўйламайман. Бу нарсадан одамлар ҳам бехабар ва улар бу каби суистеъмолчиликларни чеклайдиган механизмлар мавжудлигини ҳам билмайдилар".

Хусусий бизнес ва давлат

Юқоридагиларнинг, табиийки, бу нарсалардан яхши хабарлари бор. Аммо давлат билан хусусий бизнес муносабатларида суистеъмолликка йўл қўймаслик масалалари қонунлар томонидан назоратга олинмаган.

"Натижада янги феномен юзага келмоқда: ҳокимият вакиллари, яъни молиявий масалаларда қарор қабул қиладиганлар, ресурсларни тақсимлайдиганлар билан хусусий бизнес вакиллари ўртасида тил бириктириш ҳосил бўлмоқда, - дейди Алишер Илҳомов. - Айниқса, юқори эшелонларда "хусусий сектор" деб атайдиганимиз - ўша давлат элитасининг давомидир. Ёки давлат элитасидагилар параллел бизнесни йўлга қўядилар, кейин эса уларнинг клани аъзолари ресурсларни "сўриш"ни бошлайдилар. Ёки олигархлар ҳокимиятга кириб олишади ва сшнг у ердагилар устидан назоратни ўз қўлларига оладилар".

Бу постсовет ҳудудида янгилик эмас. Бироқ коррупцион жараёнларни юзага келтирган Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг авторитар табиати ўзига хос роль ўйнаган. Шу сабабдан ҳам муаммони жазолаш йўли билан ҳал қилишга интилишнинг самараси кам бўлади.

Хитойдаги ҳозирги коррупция билан боғлиқ вазият юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Коррупцияга аралашганларга қарши фаол кураш, хусусан, катта миқдорда пора олганларни отиб ўлдиришга ҳукм этаётганларига қарамасдан, вазият яхши томонга ўзгариб қолгани йўқ.

Фуқаролик жамиятининг роли

Алишер Илҳомов яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади: Ўзбекистонда фуқаролик жамияти оёққа тураётган пайтда, авваламбор, энг зарур нарса - фуқаролар эркинликларига урғу берилди. Ҳокимиятнинг ҳисобдорлиги ва шаффофлиги масаласини иккинчи планга суриб қўйилди.

"Фақат ҳокимиятгина эмас, фуқаролик жамияти ҳам ташаббус кўрсатиши керак. Лекин Ўзбекистонда фуқаролик жамияти босиб янчиб ташланган ва бугунга келиб бирор нарсани очиқ-ойдин гапириш имкониятига эга эмас", - дейди Алишер Илҳомов.

Бундай шароитда Ўзбекистон президентининг россиялик олигарх самолётида парвоз қилаётганининг нимаси ёмон деган савол кўп ҳам долзарб кўринмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ