Freedom House Ўзбек журналистини озод қилишга чақирди

Нарзулло Охунжонов Киев маҳкамасида Фото муаллифлик ҳуқуқи khpg.org
Image caption Киевдаги муваққат ҳибсхонада ушлаб турилган журналист Нарзулло Охунжоновнинг саломатлиги ёмонлашган.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Freedom House ташкилоти Украина ҳукуматини бу мамлакатда сиёсий бошпана сўраган ўзбекистонлик журналист Нарзулло Охунжоновни озод қилишга чақирди.

ЖҲҚ: Украина ҳукумати Ўзбек журналисти Нарзулло Охунжоновни озод қилсин!

Нарзулло Охунжонов: мен ҳам бу сиёсатга адолатпарвар дея ишонгандим

"Маҳаллийчилик яна кучайишига оғир иқтисодий аҳвол сабаб"

'Исломий жиҳодчи учун ўз мамлакати масъул'

Freedom House ўз баёнотида қамоқхонада ушлаб турилган журналистнинг саломатлиги ёмонлашганини таъкидлаган.

"20 сентябрдан буён ўзи ва оиласи учун Украинада сиёсий бошпана излаётган Нарзулло Охунжоновнинг соғлиги ёмонлашгани муносабати билан Freedom House қуйидаги баёнотни эълон қилди", дейилади халқаро ташкилотнинг расмий веб-сайтида:

"Украина ҳукумати Нарзулло Охунжоновни зудлик билан озод қилиши ва унга тезликда бошпана бериш масаласини кўриб чиқиши лозим", деб айтди Freedom Houseнинг Евроосиё дастури директори Марк Берендт. "Унга қарши Ўзбек ҳукумати Интерполга берган ҳибс сўрови аниқ сиёсий сабабларга асосланган ва авторитар ҳукуматлар сиёсий мухолифлари, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқаларни таъқиб этишда Интерпол тизимини қандай қилиб суистеъмол қилишининг яна бир мисолидир. Украина таъқиб қилинаётган инсонларга бошпана бериш ва ҳимоя қилиш билан ўз демократиясини кучайтирмоғи лозим".

Бундан олдин Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси(CPJ), Халқаро Амнистия ва бошқа қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Украина ҳукуматидан ўзбекистонлик журналист Нарзулло Охунжоновни озод қилишга, Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақириб баёнотлар эълон қилдилар.

Ўзининг танқидий чиқишлари, ўзбек ва рус тилидаги мақолалари билан танилган Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон" радиоси сиёсий шарҳловчиси Нарзулло Охунжонов 2013 йили ватанини тарк этишга мажбур бўлган.

Бунга танқидий чиқишлари ортидан ўзи ва оиласига бошланган босимлар сабаб бўлганини айтган.

Адвокат Алексей Фёдоровнинг Би-би-сига айтишича, журналист Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Туркиядаги инсон ҳақлари вазияти ёмонлашиб бораётгани туфайли Украинага кетишга мажбур бўлган.

Киев аэропортида журналистнинг Интерпол қидирув рўйхатида эканини айтишган, Ўзбекистон ҳукуматининг 2013 йилда Нарзулло Охунжоновни фирибгарликда айблаб халқаро қидирувга бергани маълум бўлган.

Нарзулло Охунжонов журналистик фаолияти боис Ўзбекистон расмийлари ўзига қарши жиноят ишини сохталаштирганларини айтади.

23 сентябр куни Киевдаги маҳкама Нарзулло Охунжоновни 40 кунга ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Адвокат Алексей Фёдоров сўзларига кўра, суд қарори устидан аппеляция аризаси ёзилган, аппеляцияда журналистни ҳибсдан озод қилиш талаби илгари сурилган.

Назрулло Охунжонов Би-би-си, "Озодлик" ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида интервьюлар бериб келган, Интернет ижтимоий тармоқларида ўзбек ва рус тилларида таҳлилий мақолаларини эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ