Аҳмад Шаҳид "Жаслиқ"ни кўриб қандай хулосага келди?

"Жаслиқ" қамоқхонасининг сунъий йўлдошдан кўриниши Фото муаллифлик ҳуқуқи GOOGLE MAP
Image caption "Жаслиқ" қамоқхонаси саҳронинг қоқ ўртасида, қишда жуда совуқ, ёзда жуда иссиқ иқлимли жойда қурилган

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 2018 йил мартида Ўзбекистондаги вазиятга бағишланган муфассал ҳисоботини эълон қилади.

Тошкентдан қайтиши олдидан эса БМТ маърузачиси ўзининг дастлабки кузатувлари билан ўртоқлашди.

"Ўзбекистонда диний эркинлик ҳаддан зиёд чекланган"

'БМТ махсус маърузачиси 'Жаслиқ'қа ҳам боради'

Қўқонлик 8 яшар Абдулаҳад нега хафа?

Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи Тошкентга келади

Дастлаб Аҳмад Шаҳид 2002 йилдан буён мамлакатга сафар қилишига рухсат берган Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирган.

"Мен Тошкентда, Фарғона, Бухоро, "Жаслиқ" колониясида кўплаб очиқ муҳокамаларни ўтказдим, булар менга кўп нарсани англаб етишимга ёрдам берди", деган жаноб Шаҳид Тошкент шаҳрида 13 октябрь куни ташкил қилган матбуот анжуманида.

Ижобий ўзгаришлар сифатида Ўзбекистон парламенти БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссарлиги билан ҳамкорлик режасини тасдиқлаганини тилга олган маърузачи.

Президент Шавкат Мирзиёев инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётганини, июнь ойидан буён Ўзбекистонда устидан жиноят иши қўзғатилган камида 16000 инсонни "қора рўйхатдан" чиқаришга қарор қилинганини олқишлаган Аҳмад Шаҳид.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти устидан назорат қилишга изн берадиган "Жамоат назорати" ҳақидаги қонунни ҳаётга тадбиқ этишга ҳаракат қилинаётгани, Ўзбекистон Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига қарийб 1 миллион 200 минг шикоят бориб тушгани ва бу мурожаатларнинг 80 фоизга яқини ҳукумат томонидан кўриб чиқилганини қайд этган БМТ маърузачиси.

Айни пайтда "мен таклиф қилинаётган ислоҳотларни амалга оширишга янада кўп ҳаракат талаб этилишини ва фуқаролар муайян ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаётганларини кузатдим", дейди жаноб Шаҳид.

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларда инсонларнинг диний эркинликлари кафолатланганини қайд этади.

Бироқ қатор меъёрий ҳужжатларда бу эркинликлар чекланишига олиб келадиган бандлар ўрин олган.

"Юқорида келтирилган қоидалар инсон ҳуқуқларига тегишли халқаро ҳуқуқлар билан ҳимояланган диний ёки эътиқод эркинлигига оид ҳуқуқлар учун анча жиддий оқибатлар олиб келади", дейилади махсус маърузачи хулосасида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IHEU.ORG
Image caption Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга сафари асосидаги ҳисоботи 2018 йил мартида эълон қилиниши кутилмоқда.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги мавжуд қонунчилик ёлғиз ёки жамоа бўлиб ибодат қилиш, болаларнинг диний таълим олиши учун қатор чекловларни юзага келтирганини аниқлаган.

БМТ маърузачиси Ўзбекистон ҳукуматининг жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби, бошқа инсонларнинг эркинлигини муҳофазалаш мақсадидаги чекловлари меъёридан ошиб кетганини таъкидлаган.

"Шундай қилиб, диний ёки эътиқод эркинлиги инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланса-жа, бу тушунча қонунчилик ва амалиётда эътироф этилмайди", деган хулосага келган БМТ махсус ҳисоботчиси.

БМТ маърузачиси Ўзбекистон Жиноят Кодексида қасддан қотиллик учун 15 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутганига қарамасдан, тақиқланган ташкилотга аъзолик 20 йилдан ортиқ қамоқ ҳукмига сабаб бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

"Сафар мобайнида диний эътиқод эркинлигини амалга ошириш қонунларини бузишда айбланиб жамзо муддатини ўтаётган инсонларнинг аниқ сонини қшлга киритиш имкони бўлмади. Аммо 17000 дан зиёд инсон профилактика чоралари назорат рўйхатига киритилганидан ушбу рақам катталигини англаш мумкин", деган Аҳмад Шаҳид.

Маърузачи Ўзбекистонда диний ёки эътиқод эркинликлари қай йўсинда чекланишини аниқ мисоллари билан қайд этган.

Булар рўйхатга олиш, диний адабиётни нашр қилиш учун рухсатномани қўлга киритиш, ўзга динни қабул қилиш ва миссионерлик фаолияти тақиқлангани сингарилардир.

Аҳмад Шаҳид ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж зиёратини адо этиш имкониятлари ҳақида "ҳар хил ахборотни олганини" айтган.

Ўзбекистон расмийлари, Маккага Ҳаж зиёратига борадиган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг сонини Саудия Арабистони ҳукумати квота билан чеклаб қўйган, деб айтганлар. Ўзбекистонлик аксар зиёратчиларнинг ёши 40 дан катта ва Ҳажга бориш учун 3 йилгача кутишга тўғри келади. 2017 йили ўзбекистонлик ҳожилар сони 5000 дан 7500 га кўпайтирилган, келгуси йили янада кўпайиши кутилаётганини маълум қилган БМТ расмийси.

"Мен Жаслиқ" колониясини бориб кўрдим. Колония маъмурияти сўзларига кўра, у ерда 700 га яқин маҳкум сақланмоқда. Бир неча тутқун билан суҳбатлашиш, шу жумладан, яккама-якка суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Бошлиқнинг менга айтишича, маҳкумлар агар муассасанинг ички қоидалари ва тартибини бузмаса, ибодатларини эркин адо этишлари мумкин. Мен ўз кўзим билан кўрганларимдан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, маҳкумларни, айниқса, диний экстремизм учун озодликдан маҳрум этилган тутқунларни реабилитация қилишга анча-мунча ҳаракатлар йўналтирилган. Айримларга уларнинг пушаймонлиги ва колониядаги яхши хулқи туфайли муддатидан олдин озодликка чиқиш имконияти берилган. Шунга қарамасдан, менга хабар қилишларича, қамоқхона тартибини бузган деган баҳона билан кўп инсонларнинг қамоқ муддатларига 1 йилдан 3 йилгача муҳлат қўшиб берилган. Айрим ҳолатларда қўшиб берилган йиллар дастлаб ҳукм қилинган йиллардан кўп бўлиши мумкин".

"Қамоқхона маъмурлари ибодатни адо этишга махсус рухсат берилмагани сабабини конституциянинг дунёвий экани билан изоҳлашди. Менинг хабардор бўлишимча, маҳкумлар Рамазон ойида ўзларининг стандарт рационидаги ёки қариндошлари олиб келган айрим маҳсулотларни "оғиз очиш учун" сақлаб қўйишни хоҳлаганлар, лекин қамоқхона маъмурияти тонгда уларни қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминламаган. Қоида бўйича мусулмон маҳкумлар ички тартиб доирасида ибодат қилишлари мумкин, шунингдек, қамоқхонага имомлар ёки маъруза учун диний ташкилотлар вакиллари таклиф қилинишлари мумкин", дейилади БМТ маърузачиси дастлабки хулосасида.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда "диний экстремизм" тушунчаси ҳаддан зиёд кенг талқин этилишига эътибор қаратган.

Россия ва Туркияда 3 миллион атрофида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири сифатида фаолият юритмоқдалар. Уларнинг аксари ёш бўлиб, диний билимлари озлиги боис радикал диний даъватлар таъсирига тушиб қолишларидан хавотир билдиришган расмийлар.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатда дин ёки эътиқод эркинлигина кафолатласа-да, амалиётда дин ёки эътиқод эркинлигини адо этиш хавфсизликни эркинлик устига қўйган қоидаларга бўйсунади. Ҳукумат тадбиқ этаётган ёндашув эркинликка эмас, бағрикенгликка йўл очади. Дин ёки эътиқод эркинлигини тушуниш чегараланган ва ҳамма даражаларда дин масалаларида ҳам, диний эркинлик масалаларида ҳам саводхонликни ошириш талаб этилади", дейилади БМТ маърузачиси дастлабки ҳисоботида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ