Ўзбекистон: ‘Кучли шамол томларни учириб, дарахтларни қулатган’

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Бу ҳақда ўтган бир неча соат ичида ўзбекистонликлар томонидан турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида жойлаштирилаётган видеороликлар ва суратлардан маълум бўлган.

Пойтахт Тошкентда қўл телефонида олингани англашилган қисқа видеотасвирда кучли шамол натижасида дарахтларнинг машиналар устига қулаб тушгани кўринади.

Мазкур видеоролик жойлаштирилган "Facebook"даги Uzbek MDK гуруҳи саҳифасида ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ўтган тунги табиий офат натижалари акс этган фотосуратлари билан ҳам бўлишишган.

Ўз фотосуратларини "Тошкентда кучли шамол, дарахтлар машиналар устига қуламоқда!", "Машиналарингизни зудлик билан дарахтлар остидан олинг, дарахтлар ағанамоқда!", деган сарлавҳалар остида чоп этишган.

Бу фотосуратлар остида қолдирилаётган изоҳлардан эса, Хоразмдан тортиб, Самарқанд, Фарғона, Жиззах, Термез, Бухоро,..қадар кучли шамолга саҳна бўлгани англашилади.

Тошкентда яшовчи бир интернет фойдаланувчисининг изоҳидан "чироқ ўчиб қолгани" ҳам англашилади.

Қолдирилаётган бошқа бир изоҳларда, "энди сунъий йўлдош антенналари ўрнатувчиларининг ишига иш қўшилиши" айтилиб енгил ҳазил қилинган бўлса, яна бирида, "ишқилиб, суғурта ширкатлари касодга учрашмаса бўлгани", дея умид қилинади.

'Тошкент яқин йилларда бундай ёғингарчиликни кўрмаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Айрим интернет фойдаланувчилари масъул идоралар "нега табиий офат хавфидан огоҳлантиришмаган"ини савол остига олишган, аммо айримларига кўра, аҳоли кучли шамол ва об-ҳавонинг совиб кетиши хавфидан огоҳлантирилган бўлган.

Бухоролик интернет фойдаланувчилари жойлаштиришгани айтилган видеолавҳада эса, шамол одамлар кўп қаватли уйнинг томини учириб юборгани аксланган.

Ҳар икки видеотасвирда ҳам воқеа юз берган пайтда сатҳ одамлар билан анчайин гавжум экани англашилади.

Ернинг баргу хазонга тўла экани ва ҳавога кўтарилган чангу тўзон ҳам шамолнинг кучига далолат қилмай қўймайди.

Аммо табиий офат натижасида жабр кўрганлар борми-йўқлигига оид расмий хабарлар шу пайтгача имконли эмас.

Айрим Ғарб нашрларида "гувоҳлар"га таяниб, дарахт устига қулаб тушиши натижасида олган жароҳатлари сабаб, Тошкент шаҳрида бир аёлнинг ҳаётдан кўз юмгани хабар берилган.

Шунингдек, кучли шамол учириб кетган томларнинг келиб тегиши оқибатида бир қанча кишининг тан жароҳати олгани ҳам айтилган.

Аммо Би-би-си Ўзбек Хизматининг айни мазмундаги хабарларни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика Тез тиббий-илмий ёрдам марказидан расман тасдиқлаш уринишлари ўз самарасини берганича йўқ.

Тошкентдан мустақил инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, ўзларида ҳам бунга ўхшаш бирор бир маълумот йўқ.

Бу хусусдаги хабарларга маҳаллий оммавий-ахборот воситалари орқали ҳам ҳалича тўқнаш келмаган.

Суҳбатдошимизга кўра, ёмғир аралаш кучли шамол кеча сешанба куни Тошкент вақти билан кечки соат 21:30-22:00 ларда бошланган ва эрталабгача давом этган.

Аммо, унинг айтишича, ўзлари яшайдиган маҳаллада табиий офатнинг кучи у қадар сезилмаган. Бирор бир жиддий вайронагарчиликка сабаб бўлмаган.

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази 17 октябрь куни пойтахт Тошкентда ҳаво ўзгариб туришини маълум қилган, аммо ёғингарчилик бўлмаслигини айтган.

Шамолнинг кучини эса, шарқдан секундига 5-10 метр тезликда бўлишини башорат қилган.

Kun.uz интернет нашрининг марказ маълумотларига таяниб хабар беришича, шу куни кучли ёғингарчилик Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кутилган.

Фақат Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим жойларида шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 17-22 метрга етиши айтилган.

Гидрометеорология марказининг бугунги маълумотларига таянилса, бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кузатилади ва Республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир қорга айланиши ҳам мумкин.

Шамолнинг тезлиги эса, секундига 7-12 метрдан бошланиб, айрим вилоятларда 17-22 метргача етиши башорат қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар