Бабаян ўрнига бош мураббий тайинланди. Тайинланмади ҳам

Футбол Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига Қаршининг "Насаф" жамоаси устози Рўзиқул Бердиев вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланган. Бу ҳақда sports.uz ва championat.asia сайтлари ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатган.

sports.uz сайти Ўзбекистон термаси ноябрь ойида Қатар билан ўйин ўтказиши ва жаноб Бердиев миллий термани шу ўйинга тайёрлашини маълум қилган. championat.asia эса Рўзиқул Бердиев 14 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари жамоасига қарши ўйинда Ўзбекистон термасига устозлик қилиши ҳақида ёзган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси 14 ноябрь куни БАА билан ўйин бўлишини тасдиқлади, аммо Рўзиқул Бердиевнинг миллий термага бош бўлгани ҳақидаги хабарларни на тасдиқлади, на инкор этди.

"Айни пайтда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов расмий сафар билан Қатарда бўлиб турибди. Рўзиқул Бердиев билан боғлиқ ОАВда пайдо бўлган хабарларга эса президентнинг сафаридан кейин ўтказиладиган федерация раҳбариятнинг навбатдаги мажлисида аниқлик киритилади", деб баёнот берди ташкилот матбуот хизмати.

Ўз навбатида, ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев championat.asia га берган қисқа интервьюсида Рўзиқул Бердиев билан музокаралар олиб борилганини тасдиқлаган, бироқ "у ҳозирча расман бош мураббий эмас" деб айтган.

Рўзиқул Бердиевнинг ўзи бу хабарлар юзасидан бирор изоҳ бермаслигини билдирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ўрни 7 сентябрдан бери бўш. Жамоанинг аввалги бош мураббийи Самвел Бабаян Россияда бўладиган ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга кирита олмагани учун истеъфога чиқарилган эди.

22 октябрь куни 46 ёшни қаршилайдиган Рўзиқул Бердиев бутун футболчилик ва мураббийлик фаолиятини Қашқадарёнинг "Насаф" жамоасида ўтказган. "Насаф" сафида энг кўп — 314 марта майдонга тушган ягона футболчи.

Жаноб Бердиев "Насаф" бош мураббийи сифатида 2015 йилги Ўзбекистон Кубоги, 2016 йилги Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби. 2013—2016 йилларда кетма-кет тўрт марта Ўзбекистон чемпионати бронза медалларини қўлга киритган.

Рўзиқул Бердиев журналистлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида 2013 ва 2016 йилги мавсумлар якунига кўра Ўзбекистонда йил мураббийи деб топилган.

ЎФФ президенти биринчи имтиҳондан йиқилди

Футбол: Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги президент

Хорижий мураббий ва шаффофлик ваъдаси

2017 йил 12 сентабрь куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбари ўзгарди. Ташкилотга собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов ўрнига 2006 йилда президент этиб сайланган сенатор Мираброр Усмонов ўрнини "Пахтакор" вице-президенти Умид Аҳмаджонов эгаллади.

Жаноб Аҳмаджонов фаолиятининг илк кунларидаёқ "футболни кўтариш" бўйича ўзига хос "Ҳаракатлар стратегияси"ни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган эди.

Унда бугун куннинг энг устувор беш масаласидан бири сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоасига фақат хорижлик мураббий тайинлаш кўрсатилган эди. Музокара олиб борилаётган мураббийлар номи маълум қилинмаган.

ЎФФнинг янги президенти илк матбуот анжуманидаёқ федерация фаолиятини шаффофлаштиришни ваъда қилган эди. Бироқ унинг ўзи хорижда бўлган вақт ташкилот масъуллари биргина мураббий ҳақидаги саволга жавоб беролмаяпти.

Бу ЎФФ президенти лавозимига киришганига ҳали бир ярим ой бўлмаган Умид Аҳмаджоновнинг ўз ваъдасини бажара олмай қолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

У футбол ишқибозларининг стадионларга келиб ўйин томоша қилишлари зарур шароитларни яратишини айтганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон Кубогининг 2017 йилги финали қишнинг бошидаги иш куни — 4 декабрь, душанбага белгиланди.

Тошкентнинг "Бунёдкор" ва "Локомотив" жамоалари ўзаро баҳс олиб борадиган финал учрашуви ҳафтанинг биринчи иш кунида соат 15:00 да — айни иш вақтида бошланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар