Пул муҳимми, жон?

мигрант

Россия - Ўзбекистон йўналишида "Ўзбекистон ҳаво йўллари", "Ютэйр", "Аэрофлот" ва "Трансаэро" компаниялари йўловчи ташийди. Йил давомида нархлар муттасил ўзгариб туради. Баҳор ойларида Ўзбекистондан Россияга келувчи йўналишларнинг нархи кўтарилиб кетса, кузда акси.

Бошқа йўналишлардан фарқли бу авиакомпанияларнинг асосий мижозлари - оддий меҳнат муҳожирлари.

Махсус лавҳани томоша қилинг

Москвадан Андижонгача 3014 км, Москвадан Ўшгача 3067 км. Масофа фарқи бор йўғи 50 км, аммо чипта нархида катта тавофутни кўриш мумкин. Дейлик, 1 ноябрь кунини олсак.

Москвадан Андижонга билет нархи 14000 рублга (243 доллар) яқин. Айнан шу кунга Ўшга учувчи самолётларга сотилаётган чипталар нархи эса 9800 рубль (170 доллар).

Аэропортни ўзида фаолият юритаётган Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакассасидан чипталар нархини сўрадик. Яқин кунларга умуман чипталар йўқ. Оператор томонидан 25 октябрь кунига 20 000 рубль (347 доллар)га чипта таклиф қилинди. Қимматлигига қарамай, муҳожирлар самолётда келишмоқда. Нега?

Куз фаслида мавсумий ишчиларнинг ватанларига қайтиш ҳоллари кўп кузатилади. Аммо бу Россияда ўзбекистонлик ишчиларнинг камаяди дегани эмас. Уларнинг ўрнини бошқа юртдошлари тўлдиради. Масалан, коллеж ёки лицейларни тамомлаган, олий ўқув юртларига кира олмаган ёшлар августдан сўнг бир икки ой иш излашади. Ватанда иш топа олмаганлари Россияга қараб йўл олади.

Россияда ўзбекистонликларнинг ҳаракат оқими эса асосан чегаралар билан боғлиқ. Уларни йил давомида тинимсиз миграция варақасини янгилаш учун чегарага ёки йилда бир-икки марта Ўзбекистонга бориб келишларини кузатиш мумкин.

Муҳожирлар ўз сафарларини асосан 3 турдаги транспорт воситасида амалга оширишади: самолёт, поезд ва автобус ёки йўналишли таксилар.

Муҳожирлар учун қай бири қулай ва ҳаётлари учун хавфсиз?

Айни пайтда мавсумга хос тарзда самолёт билан бир қаторда поездларга чипталар нархи ҳам кўтарилган. Йилнинг баҳор ойларида Ўзбекистонга самолётга чипта олиш мумкин бўлган маблағдан ҳам ошиқроқ нархга шу кунларда поездда кетиш мумкин.

Самолёт ва поезд чипталари нархларининг қимматлашувлари ортидан муҳожирлар ҳаётида қатор муаммолар ва бахтсизликлар тобора ортиб бораётгани айтилмоқда.

Россиянинг турли ҳудудларидан Ўзбекистон ва Қозоғистон йўналишида қатновчи транспортлар воситалари эгаларининг ноқонуний бизнеси ривожланган. Автобус ва такси хизматлари интернет орқали ва визитка тарқатиш йўли билан реклама қилинади.

Аммо ҳеч қаерда автотураргоҳ манзили кўрсатилмайди. "Питак" ёки "стоянка" деб аталадиган автоқўнимгоҳлар ташкил қилиниб, у ерга эълонларда телефонга жавоб бериб турувчи хотин қизлар мижозни йўллашади. Интернетда кўп тарқалган эълонларнинг бир нечтаси билан боғланиб, аниқроқ маълумот олишга уриниб кўрдик.

Россия давлат автоинспекцияси расмий сайтига кўра, 2016 йилда автоҳалокатлар туфайли 184 минг нафар киши қурбон бўлган. Рўй берган ҳодисаларнинг 30 фоизи чет эл фуқаролари билан боғлиқ, дея кўрсатилади статистик маълумотда. Автоҳалокатларда қурбон бўлганларнинг 95 фоизи эркаклар бўлиб, ўртача ёши 30 ни ташкил этади.

Таҳлилчиларга кўра, ҳалокатларнинг аксари меҳнат муҳожирлари патентсиз ишлаш учун ҳар 3 ойда Қозоғистон чегарасига бориб келишда ва Ўзбекистонга қайтишда нисбатан арзон транспорт саналган автобус ёки микроавтобусларда содир бўлмоқда.

Йўналишли такси ҳайдовчилари Москвадан Қозоғистонга бориб келиш учун ҳар бир йўловчидан ўртача 5000 рубль (тахминан 100 $ га яқин) хизмат ҳақи олишади. Аксар йўловчилар автобусда минглаб километр йўл босиш машаққатларини гапирадилар.

Москва шаҳридан Қозоғистон чегараларига бориб келиш учун энг камида 36 соат вақт сарфланади. Одатда муҳожирларни чегарага элтувчи ҳайдовчилар 7, 11 ўринли автомобиллардан, ёки 56 ўринли йирик автобуслардан фойдаланишади. Бироқ йўловчилар орасида ҳайдовчиларнинг йўқ жойга одам олиши, машиналарнинг узоқ йўлга яроқсизлиги каби ҳолатларидан нолиш ҳоллари кўп учрайди.

Сўнгги йиллар ичида Россияда меҳнат муҳожирларининг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар кўпайди. Норасмий маълумотларга кўра, Россиядан асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга йилига 7 мингдан зиёд муҳожир жасади солинган тобут - "Груз-200" жўнатилади.

Россияда муҳожирлар сони жиҳатдан марказий осиёликлар орасида ўзбекистонликлар энг кўп сонли эканлигини ҳисобга олсак, юборилаётган тобутларнинг катта қисми ўзбекистонликларга тегишлилиги маълум бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар