Мирзиёев Туркияга сафари олдидан виза олишни енгиллаштирди

мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Мирзиёев Туркияга сафари олдида ушбу давлат фуқароларига виза олиш тартибини соддалаштирди. Энди таркияликлар 3 куннинг ичида ва таклифномаларсиз Ўзбекистон визасини олиши мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг 25-27 октябр кунлари Туркияга давлат ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Туркия Иқтисодиёт вазирлиги хабар берган. Ташриф Президент Ражаб Тоййип Эрдўғон таклифига кўра амалга ошмоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи доирасида 26 октябрь куни Истанбулда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикаси билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорликни фаоллаштириш учун шу йилнинг 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Туркия Республикаси фуқаролари учун визага оид жараёнларни соддалаштириш тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайти хабар берган.

Ҳужжатга кўра, Туркия фуқаролари Ўзбекистон визасини 3 куннинг ичида олишлари мумкин бўлади.

Ишбилармонлик мақсадларида Ўзбекистонга келаётган Туркия фуқароларига бериладиган, бир йилгача бўлган муддат учун кўп марталик визалар Ўзбекистоннинг хориждаги идораларида 3 иш кунида (ҳужжат топширилган кун эътиборга олинмасдан) расмийлаштирилади.

Бунда таклиф этаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиш талаби бекор қилинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонга бир ойгача бўлган муддатга сайёҳлик мақсадида келаётган Туркия фуқароларига визалар ҳам 3 иш кунида расмийлаштирилади. Бу ҳолда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва республиканинг бошқа сайёҳлик ташкилотлари ваучерларини тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда.

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакатдир.

Бироқ мустақиллик эълон этилар экан, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов мамлакатда танқид ва мухолифатга тоқатсиз режимини мустаҳкамлаш йўлида демократик мухолифатни сиқиб чиқара бошлаганди.

Мухолифат лидерлари Туркиядан бошпана топиши ортидан эса Ислом Каримов Ўзбекистоннинг илк тараққиёт модели бўлган мамлакатда юз ўгиришни бошлади.

Туркияда таҳсил олаётган юзлаб ўзбекистонлик талаба мажбуран ватанга қайтарилди.

2011-12 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги ширкатларига қарши Тошкент кенг кўламли кампания бошлаб юборди.

Туркиялик 54 тадбиркор ҳибсга олинди, камида 50 та турк ширкати ёпилди.

Маданият соҳасида Туркияда ишланган барча телесериаллар, филмларга Ўзбекистон ТВ каналларида тақиқ жорий қилинди.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги "Абадий дўстлик" ҳақидаги шартноманинг умри қисқа бўлди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02