Тергов давомида майиб қилинган фарзанднинг онаси Мирзиёевга мурожаат қилди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тергов давомида майиб қилинган фарзанднинг онаси Мирзиёевга мурожаат қилди

Бир ҳафталик соқол қўйиб бош бармоғини "зўр" қилиб суратга тушиш навоийлик Ҳасан Арзиевнинг "террорист" сифатида 8 йилга қамалишига асос бўлган. Шу йил апрелида қўлга олинган 35 яшар мигрант тергов давомида оёқдан қолгач иқрорномага қўл қўйишга мажбур бўлган.

Навоий шаҳридан 35 ёшли Ҳасан Арзиев рафиқаси билан бундан 7 йил олдин Россияга ишлашга кетган. Онаси Инобат Арзиеванинг айтишича, у шу вақтгача ҳар йили Ўзбекистонга келиб ота-отасини зиёрат қилиб турган. Бироқ 2017 йилда баҳорида келиши билан аэропортда қўлига кишан солинган.

Ҳасан Арзиевни Мақсуд Фармонов тергов қилган. Арзиев билан яна Россияда ишлаб келган 4 киши диний эстремизм ва терроризмда айбланган.

Лавҳани Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube даги каналида ҳам томоша қилинг.

Терговчи уларни Суриядаги ИШИДга одам ёллашда айблаган. Диндор сифатида талқин қилинган йигитларнинг бирортаси ҳам намоз ўқимаган. Онасининг айтишича, Ҳасан Арзиев фарзандликсиз сабаб спиртли ичимлик ичиб юрган.

Беш йигитнинг бир жиноий иш атрофида бирлаштирилишига эса уларнинг Россияда бир-бирини таниши ва маълум муддат бир квартирада яшаганлиги сабаб бўлган.

Инобат Арзиеванинг айтишича, йигитларни айбига даҳшатли қийноқлар ва таҳдидлар остида иқрор қилишган.

2017 йилнинг 9 апрелида аэропортда соппа соғ юрган ҳолатда қўлига кишан урилган Ҳасан Арзиев сентябр ойида ҳасса суянган ҳолатда маҳкама залида пайдо бўлган. Унинг маҳкамада айтишича, тергов давомида 10 киши муттасил уриб умуртқасини синдириб юборган.

Қийноқлар қўлланилганлиги айтилса ҳам жиноят ишлари бўйича Навоий маҳкамаси судьяси Фахриддин Ҳалилов жараённи тўхтатмаган, экспертиза жорий қилмаган.

Навоий шаҳрида сайёр қабул ташкил қилган Бош Прокурор Абдуллаев Ихтиёр билан учрашган ота-оналар қинйоқлар бўйича махсус текширув топшириғи олишга эришади.

Бош прокуратура томонидан тайинланган махсус прокурор 10 кунлик текширувлардан сўнг, терговдагиларга қийноқ қўлланилмаган ва улар соппа-соғ деган хулоса берган.

Айбланувчилардан бирининг юролмай қолганлиги ва калтак зарбидан кўкариб кетган баданлар махсус прокурорни шубҳалантирмаган.

Ҳасан Арзиевнинг маҳкама чоғида айтишича, уни МХХ ва Ички ишлар идораларининг бир неча ходимлари қийнаган.

Қийноқлар ва таҳдидлар ортидан кўрсатма берилганини айтилишига қарамасдан суд айбланувчиларни 6 йилдан 8 йилгача ҳукм қилган.

Би-би-си судья Фахриддин Ҳалилов билан боғланиб ушбу ҳолатга изоҳ беришни сўради.

Судья иш бўйича юқори инстанцияларга шикоят қилинганини айтди. Бироқ телефон орқали изоҳ беришдан бош тортди.

Инобат Арзиева фарзандларига қийнаш эвазига кўрсатма олиниб, туҳмат билан қамашгани ҳақида сенат, ички ишлар вазирлиги, МХХ, Омбудсман ва Президент виртуал хоналарига мурожаат қилган.

Барча мурожаатларига жавобни Навоийдан олишган. Жавоблар бир хил фақат санаси ўзгартирилган бўлган.

Фархзандлари ноҳақ қамалганини айтаётган оналар ва уларнинг турмуш ўртоқлари Тошкентда Президент Мирзиёевга дардини айтиш учун борган. Аммо Президент билан учрашишга уринишлар бекор кетган.

Инобат Арзиева Мирзиёевга мурожаат қилиб Навоийга келишни ва бу ердаги МХХ билан Ички ишлар органини тартибга солишни сўрайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар