Мирзиёевнинг яна бир қарори ўзгарди: Газ тўловларини давлат йиғади

газ

Президент Мирзиёев шу йилнинг 20 апрелида чиқарган "Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора- тадбирлари тўғрисида"ги қарорини бекор қилди. Газ таъминоти ва тўловларни йиғиш хусусий операторларга топширилмайди.

Апрелда чиқарилган қарор 13 ноябрда Президент имзолаган янги қарор орқали бекор қилинган.

"Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда айтилишича, "электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия аъзолари ўртасида музокаралар" бўлиб ўтган.

Қарордан маълум бўлишича, дастлаб хориждан 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари келтирилади.

Ускуналар "Sagemcom", "Elster GmbH" компаниялари ва "Toshelectroapparat" МЧЖ ХКдан истисно тариқасида тендер савдоларини ўтказмасдан харид қилинади.

Қарорда нима учун бу ширкатларга имтиёзлар берилгани борасида изоҳ берилмаган.

"Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" жамиятлари қурилиш-монтаж ишларини, маҳаллий товарлар ва хизматларни харид қилишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.

Ҳисоблагичлар учун ким пул тўлаши номаълум

"Ўзтрансгаз" ширкатидан исми сир қолишни истаган масъулнинг Би-би-сига айтишича, янги ускуналар ўрнатиш эвазига жорий қилинадиган тўлов тизимидаги кўп жиҳатлар ҳозирча мавҳум.

"Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси таклифларини беради. Шуниси маълумки "Ўзтрансгаз" ушбу ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиб, унга газ етказиб беради. Аммо уларга пулни ким тўлаши номаълум", - дейди суҳбатдош.

Олдинги қарорда ҳисоблагичлар "Ўзтрансгаз" томонидан ўрнатилиши ва пули бир йил ичида истеъмолчи томонидан тўланиши кўрсатилган эди.

6 ой яшаган қарор

Президент Мирзиёевнинг 20 апрелда чиқарган "Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора- тадбирлари тўғрисида"ги қарори 6 ой амал қилди.

Унда газ таъминоти ва тўловларларни ундириш хусусий корхоналарга топширилиши кўрсатилган эди.

Унда хусусий операторлар барча қарзларни ундиришни ҳам ўз зиммасига олиши ҳамда кейинги йиғимлар учун масъул бўлиши маълум бўлганди.

Хусусий операторлар газ танннархига кўпи билан 21 фоизгача устама қўйиши белгилаб қўйилганди.

"Қарорда ёппасига хусусийлаштириш кўрсатилмаганди. Ҳар бир вилоятдан биттадан туман танлаб олинганди. Аммо ушбу тизим ишламагани сабаб ундан воз кечилди. Газ нархи учун йиғимларни тўплаб Мажбурий ижро бюросига топширилди. Улар хизмати учун маълум ҳақ олади. Тўпланган пулни эса тегишли корхоналар ўз хизмат ҳаққидан келиб чиқиб олаверади. Давлат газини хусусий қўлларга топшириб қўйиш осон иш эмас", дейди қарор бекор қилинганига ўз муносабатини билдирган масъул.

Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилган қарор ва тайинловларини кўп ўтмасдан бекор қилиш билан эсда қолмоқда.

Ўзгарувчан фармонлар

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил февралида Тошкент аэропортининг Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ҳумо қуши шаклида қуриладиган янги терминали техник-иқтисодий асосини тасдиқлаган эди. Июнда эса қурилиш президентнинг бошқа қарори билан тўхтатилди.

Бунга "турар ва нотурар жой биноларини бузишга, Қорасув каналининг ўзанини ўзгартиришга, аҳолини кўчиришга, буларнинг бари биргаликда қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуддаги аҳоли норозилигига сабаб бўлиши" важ қилиб кўрсатилди. Кейинроқ қурилиш яна қайта бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Лекин энг шов-шувли ўзгариш бу эмас. Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги фармони билан 2017 йил 1 апрелдан бошлаб жаҳоннинг 27 мамлакати, хусусан, Буюк Британиядан келаётган маълум тоифадаги сайёҳлар учун кириш визалари бекор бўлишини эълон қилди.

Президентнинг бу илғор фармони жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Хусусан, Британиядаги қатор машҳур нашрлар ҳам айнан шу янгиликка ишониб, 2017 йилда бориш лозим бўлган жаҳон мамлакатлари рейтингларига Ўзбекистонни кирита бошлади.

Бироқ 22 декабрь куни (биринчи фармондан 20 кун ўтгач) Шавкат Мирзиёев бошқа бир фармон билан визасиз тартиб жорий этилишини 2021 йилгача кечиктирди. Қизиқ томони, ваъда қилинган визасиз тартиб кечиктирилгани ҳақидаги ахборот 2017 йил 9 январида, фармон имзоланганидан 18 кун ўтиб эълон қилинган эди.

Президент Мирзиёев Тошкентда электрлаштирилган тезюрар ҳалқа темирйўлини қуриш тўғрисидаги қарорни 2017 йил 19 май куни имзолаган эди. Орадан беш ой ўтиб Президент бошқачароқ кўрсатма бергани маълум қилинди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар