Самарқандлик тадбиркор 'банкдагиларни порахўр дегани учун балога қолди'ми?

Самарқандлик тадбиркорнинг онаси "Ҳамкорбанк" мутасаддиларини порахўрликда айблади.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Би-би-сига гапирган Дилфуза Сатторованинг даъво қилишича, "Ҳамкорбанк"нинг Самарқанд шаҳар филиали ходимлари 24 яшар тадбиркор ўғлининг кредит сўраб қилган мурожаатларини асоссиз равишда рад этиб келмоқда.

Онанинг сўзларига кўра, у банк ходимларини очиқчасига "порахўрлик"да айблаши ортидан ўғлига нисбатан босимлар бошланган.

Тадбиркор Парвиз Аҳроров 5 ой аввал уйда қадоқлаш аппарати ўрнатиш ҳақидаги бизнес режасини "Ҳамкорбанк"ка тақдим этган.

У банкдан 70 миллион сўм кредит сўраган.

Раддия

Аммо Би-би-си суҳбатлашган "Ҳамкорбанк" мутасаддилари Дилфуза Сатторованинг даъволарини рад этишди.

Уларнинг айтишларича, тадбиркор бизнес режасини етарли даражада асослаб беролмаган.

"Ҳамкорбанк" Самарқанд филиалининг бошқарувчисининг муовини Камолиддин Бабаевнинг Би-би-сига айтишича, Дилфуза Сатторова илгари сурган "порахўрлик" иддаолари юзасидан банк ўзининг ички текширувини ўтказган ва даъволар тасдиқланмаган.

"Ҳамкорбанк" филиали юристи Шарофиддин Мусаев ҳам Би-би-си билан суҳбатда порахўрлик ҳақидаги иддаоларни қатъиян рад этди.

Дилфуза Сатторованинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига ишониб, тадбиркорлик фаолиятини танлаётган ёшлар маҳаллий бюрократларнинг қаттиқ қаршиликларига дуч келишмоқда.

"Ёшларнинг гуноҳи Президентга ишониб, тадбиркорлик қиламан деганими?", - дейди самарқандлик тадбиркорнинг онаси.

Шу йил бошида Президент Мирзиёев Самарқанддаги фаоллар билан учрашуви чоғида вилоятдаги банкирларни танқид қилган, уларни аҳолининг турмуш шароити ва муаммоларига бефарқликда айблаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02