Бензин нархини кўтариш муаммони ҳал қиладими?

АЁҚШдаги навбат Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Ўзбекистонда 15 ноябрдан бензин ва дизел ёқилғилари ўртача 1,5 баравар қимматлаган.

Маҳаллий Интернет нашрлари ёқилғини нархлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида оширилгани ҳақида ёзмоқдалар.

"Газета.уз" веб-сайти хабар қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи таъминотида сунъий тақчилликни келтириб чиқариш ва бундан фойдаланиб бензин нархларини кўтаришга қарши қарор ҳам имзолаган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Аи-80 русумидаги бензин 3800 сўм этиб белгиланган, нарх ўсиши 35,7 фоизни ташкил этган.

Аи-91 русумидаги бензин нархи 4300 сўм (+43,3 фоиз), дизел ёқилғиси 4100 сўм (+72,6 фоиз) ва ЭКО дизел ёқилғиси 4200 сўм (+71 фоиз) этиб белгиланган.

Бир кун олдин социал тармоқларда ҳукуматнинг бензин нархларини ошириш мақсадидаги қарори фотосурати тарқалган.

"Ўзбекистон 24" телеканали пойтахт Тошкентдан бошқа республиканинг деярли барча ҳудудида бензин тақчиллиги, ёқилғи қўлда 4000-4500 сўмдан сотилаётгани ҳақидаги лавҳа намойиш этилган.

Бундан олдин Ўзбекистонда бензин нархлари 2016 йил октябрь ойида кўтарилган эди.

Мамлакатда автомобиль ёқилғиси тақчиллиги Шўролар замонидан кузатилади.

У замонларда мавсумий - деҳқончилик экинлари экиш ёки дон ва ғалла йиғиб олиш кунларида кўп сондаги техника воситалари жалб этилгани сабабли ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин камайиб қоларди.

Мустақиллик йилларида эса Фарғона нефтни ишлаш заводи қуввати оширилди, янги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи барпо этилди.

Аммо йил сайин транспорт воситаларининг сони кўпайиб боргани бензин ёки дизель ёқилғисига бўлган талабни ҳам тобора ошириб келди.

Кўп йиллардан буён Тошкент шаҳрида нисбатан бензин таъминоти яхши бўлиб келган, вилоятларда эса доим баклашкаларда ёқилғини қиммат нархда сотадиганларнинг "куни туғиб" келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Шу сабабдан ҳам ўзбекистонликлар автомобилини газда юрадиган қилишни маъқул кўриб келишади.

Аксар таҳлилчилар бензин тақчиллиги сабабини бу бозорда таъминотчиларнинг соғлом рақобати йўқлиги билан изоҳлашади.

Агар ўз ёқилғи қуйиш шохобчаларига эга, республиканинг ёки хориждаги ишлаб чиқарувчиларнинг бензинини олиб келиб сотиш билан шуғулланадиган фаолияти кенгайса, АЁҚШлардаги бензин сифати ҳам тозаланади, "қўлдан олибсотарлар" савдосига ҳам эҳтиёж қолмайди.

Ҳозирча маҳаллий матбуотда эълон қилинмаган Президент Мирзиёевнинг қарорида ёқилғи бозорида рақобат муҳитини такомиллаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларини талон-тарож қилиш олдини олиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор ва кредитор қарздорликни камайтириш мақсадлари ҳам кўзланган.

Шу йил апрелида Жиззах Нефтни қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши бошланди.

У ерда йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имконияти мавжуд бўлиши хабар қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россияга сафари пайти Ўзбекистонга 2017 йили ярим миллион тонна нефть етказиш бўйича шартнома имзолаганди.

Бироқ кейинроқ Россия тарафи Ўзбекистонга ваъда қилинган 500 минг тонна ўрнига атиги 30 минг тонна хомашё етказиб бера олиши ҳақида хабар тарқатган эди.

Бензин қимматлагани социал тармоқларнинг ўзбекистонлик фодаланувчилари томонидан қизғин баҳсу-мунозаралар билан қарши олинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ