"Тошкент милицияси Ўзбекистон қонунларини бузмоқда"

Ҳибсга олинган инсонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Mvd.uz

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳақлари фаоллари ҳамда 13 ноябрь кунидан буён қаерда сақланаётгани номаълум қолаётган инсонлар қариндошларининг айтишларича, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари Ўзбекистон қонунларини поймол этмоқдалар ва ёлғон ахборот тарқатмоқдалар.

Қонун бузилиши ҳибсда ушлаб турилган инсонлар ҳуқуқларининг поймол этилаётганида кўринади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси аввал қора рўйхатда турган ва шу йил августида қора рўйхатлардан чиқарилган 80 фуқаро туман ички ишлар бўлимларига олиб борилганини тасдиқлади.

Улардан 7 киши муваққат сақлаш изоляторида ушлаб турилгани 27 ноябрдаги брифингда эълон қилинди.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатда Азиза Аҳмедованинг айтишича, набираси Насрулло Агзамов ва куёви Муҳаммад Рашидовнинг 13 кундан буён қаерда ва нима сабаб билан ушлаб турилганини аниқлай олмаяптилар.

16 ва 21 ноябрь кунлари Янгийўл ва Чиноз туманларида уйларда тинтув ўтказилиб, инсонлар милиция бўлимларига олиб кетилганини тасдиқлаётган ГУВД сўроқ қилинаётган 7 фуқаро қаерда сақланаяпти, адвокати борми ёки йўқлиги, саломатлиги қандайлиги ҳақида ахборот беришни истамаяпти.

Би-би-сининг бу борада Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасидан шарҳ олиш мақсадидаги бир неча кунлик уринишлари бесамар бўлди.

guvd.uz веб-сайтида Бош бошқарманинг оммавий ахборот воситалари билан мулоқот учун масъул хизмати ёки ходими ҳақида умуман маълумот йўқ.

"Раҳбарият" бўлимида атиги икки телефон рақами берилган. Телефон гўшагини кўтарган ходимлар Би-би-сидан қўнғироқ қилинаётганини билишлари билан "яхши эшитилмаяпти" дея гўшагини қўйиб қўядилар.

Айни пайтда эса ҳибсда ушлаб турилган фуқаролар яқинлари уларнинг қийноқларга тутилаётгани эҳтимолидан хавотирларини изҳор этмоқдалар.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ГУВД ушлаб турган инсонлар исм-шарифини эълон қилдилар.

Улар 29 ёшли Умида Узоқова, унинг онаси 51 ёшли Насиба Узоқова, 25 яшар Муҳаммадамин Абдураҳмонов, Умида Узоқованинг турмуш ўртоғи Нодир, 35 ёшли Оятулла Усмонов, 32 ёшли Муҳаммад Рашидов ва 23 яшар Насрулло Агзамовлардир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Узоқова яқинлари айтишича, мақоласи учун ЎзА мухбирини судга беришга қарор қилганлар.

Умида Узоқова қариндошларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларига маълум қилишларича, у 13 ноябрь куни ҳибсга олинган.

Бироқ ЎзА ахборот агентлиги У.Узоқова варақа тарқатгани учун 22 ноябрда қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Умида Узоқова яқинларининг Би-би-сига айтишларича, "Шайҳонтоҳурда экстремист аёл қўлга олинди" мақоласи учун Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги мухбирини судга беришга қарор қилганлар.

Опаси Азиза Узоқова бу ҳақдаги ариза 29 ноябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратурасига топширилганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилоти Тошкентда ҳибсга олинган инсонларнинг ҳуқуқларини риоя қилишга ва Ўзбекистон қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўймасликка чақириқ билан чиқди.

Ҳозир Тошкентда бўлиб турган Human Rights Watchнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси Стив Свердлоу Би-би-сига қуйидагиларни айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hrw.org
Image caption Human Rights Watch вакили Стив Свердлоу: Ўзбекистон Жиноят Процессуал Кодекси жиддий бузилмоқда

Стив Свердлоу: Human Rights Watch ҳибсга олинган 7 кишининг бир неча қариндошлари билан суҳбатлашди. Ва ушбу иш бизда жиддий ташвишни уйғотди. Бу иш Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида қўлланган экстремизм бандлари билан кўп сонли инсонларни ҳибсга олиш амалиётини эслатади. Мамлакат қонунчилигида экстремизм моддалари жуда мавҳум, умумий сўзлар билан ифодаланган ва бундан олдинги йиллардаги жиноят ишларида жиноят содир этилганини исботлайдиган далилар етарли бўлмаган. Human Rights Watch Ўзбекистон давлатида ўзини терроризм ва экстремизмдан ҳимоя қилиш ҳуқуқи мавжудлигини жуда яхши англайди, кўриб турибди ва эътироф этади. Бу давлат манфаатларига хизмат қилади. Бироқ сўнгги 15 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши диндорларнинг таъқиб этилиши, мамлакат қонунчилигида Ислом динининг жуда қаттиқ талқин этилиши билан боғлиқ бўлди. Биз Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб инсонлар ана ўша экстремизм бандларида айбдор деб топилиб сақланаётганларини яхши биламиз. Ўша жиноят ишларининг кўпчилигида инсон айнан қайси жиноятни содир этгани ҳақида маълумот камлиги ҳам хавотирларни уйғотган. Сўнгги ҳибсга олишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг баёнотлари ва президент янги маъмуриятининг охирги ойлардаги ишлари манзарасида юз бераётгани янада ташвишланарлидир. Мамлакатда 16000 дан ортиқ инсон қора рўйхатлардан чиқарилдилар ва ҳибсга олинганлар ҳам яқинда ўша рўйхатдан чиқарилган бўлганлар. Биз Президент Мирзиёев ва Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонда Ислом динига нисбатан янгича муносабат даври бошланаётгани ҳақидаги баёнотларини эшитдик. Яъни, Ислом динининг муҳим таълимотини оммага етказишнинг қамоқ ва узоқ йиллик ҳибсдан ҳам бошқача йўлларини ва ёндашувини топишга ҳаракат қилинмоқда. Менинг ўзим ҳибсга олинган инсонларнинг тўрт қариндоши билан суҳбатлашдим. Бизга 14 ва 16 ноябрь ўрталарида юз берган ҳибсга олиш жараёнлари ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Ҳибсга олиш жараёнида калтаклаш ҳоллари ҳам бўлган. Жуда жиддий процессуал бузилиш ҳоллари рўй берган. Биз ҳибсга олинганлардан бирортаси ҳам ҳатто шу кунгача яқинларига қўнғироқ қилолмагани, яқинлари ёки адвокати билан кўришолмаганини алоҳида қайд этамиз. Бу Ўзбекистон Жиноят-Процессуал Кодексининг жуда жиддий бузилишидир. Шунинг учун ҳам Human Rights Watch қудратдагиларни ушбу ишларга янада жиддийроқ қарашга чақирамиз. Жиноят содир этилганининг жиддий исбот-далиллари бўлмаса, бу инсонлар озод этилмоқлари лозим. Ҳеч бўлмаганда уй қамоғига. Бу инсонларга зудлик билан ўз яқинлари ва адвокатлари билан кўришишларига рухсат берилиши лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ