Тошкентда икки йигит "бесоқолбозлик" гумони билан қўлга олингани муҳокама қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com
Image caption Нью-Йорк гейлар байрамида илк бора Ўзбекистон байроғи ҳилпираши кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Ўзбекистон интернет нашрларидан бири uznews.uz хабарига кўра, Тошкентда икки йигит жинсий алоқа қилишда айбланиб қўлга олинган.

Собиқ Совет давлатлари орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда "бесоқолбозлик" учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Афтидан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган ахборотга асосланиб хабар тарқатар экан, uznews.uz қўлга олинган йигитларнинг "вилоятдан" эканини ҳам қайд этади.

Нашрнинг ёзишича, бу йигитлар бирга яшашган.

Нашр "маҳкама-тиббиёт экспертизаси хулосаси"ни ҳам батафсил келтиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot uznews
Image caption Uznews даги мақола

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган айни воқеа бўйича фикрлар иккига бўлинган, баъзилар киноя билан Ўзбекистонда икки дўст кўчада юрганида "маҳкама-тиббиёт экспертизаси хулосаси"га эҳтиёж туғилиб қолмаслик учун нималар қилиш керак, дея савол беришган.

Гейлар байрамида Ўзбекистон байроғи

Тожикистонда ‘гей ва лесбиянлар ҳисобга қўйилди’

Айримларга кўра, Ўзбекистон қонунчилигидан "бесоқолбозлик" ҳақида моддани бекор қилиш вақти етган, бошқалар жазони кучайтириш лозимлигини урғулаган.

"Ички ишлар вазирлиги қачон порахўр мулозимларни қўлга олади"

"Ўрта асрлардаги каби бемаънилик! Жиноий қонунчиликдан бу моддани чиқариб ташлаш вақти етди, балки бу маъмурий жавобгарлик билан алмаштирилиши керакдир. Аксарият гомосексуализмга қаршилар бу масаланинг табиатини ҳам билишмайди ва "аҳлоқсизлик" дейишади", деб ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Айримлар эса бу хабарни олқишлашган.

"Тўғри. Уларни умрбод қамоққа ташлаш керак ва бу ҳайвонлар одамларни йўлдан оздирмасин", деб ёзган яна бир муштарий.

Изоҳлар орасида Ички ишлар вазирлигини бошқа муҳимроқ ишлар билан шуғулланишга даъват қилганлар ҳам бор.

"Жонга тегди гейлару фоҳишаларни ов қилаверишлари... Қачон улар порахўр мулозимларни қўлга олишади", дейилади бир изоҳда.

Бошқалар эса "тиббий кўрик" масаласига тўхталишган.

"Ким йигитларнинг орқасини текшириш қарорини беришга ҳақли? Бу каби текшириш фақат зўрлашга доир арзнома тушганидан кейин ўтказилиши керак".

"...Дўстингиз ва ё ҳамкасбингиз ёки ҳатто ака-укангиз билан кўчадами, бошқа жойдами "ушлаб олишса" улар энди нафақат паспортингизни, балки... текширишлари мумкин..."

BBC Oʻzbek xizmati bilan Telegram orqali bogʻlanishni istasangiz, telefonimiz: +447858860002